Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар нега давлатга пул тўлаши кераклигини тушунмаяпти


Ўзбекистон армиясида Муддатли ҳарбий хизматдан (МҲХ) ташқари Сафарбарлик чақирув резервидаги (СЧР) хизмат тури ҳам мавжуд.

СЧРга хизматга чақирилганлар бир ойлик ҳарбий йиғинда бўлиш билан бирга давлатга 3 444 800 сўм тўлаши лозим.

СЧРга чақирилганлардан баъзилари, Ўзбекистон Қуролли Кучларига навбатдаги чақирув ўтказилган февраль-мартдан буён ўтган вақт ичида Озодликка қилинган мурожаатларида, тўлов миқдорининг катталигидан шикоят қилган бўлса, баъзилари нега давлатга пул тўлаши кераклигини тушунмаётганини айтган.

СЧР хизмати Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистонда ҳам мавжудки, бу мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳарбий хизмат учун чақирилувчидан пул олишнинг "ўз мантиғи борлигини" айтди.

СЧРга чақирилганлар нима деди?

Қорақалпоғистонлик 27 яшар Низомиддин жорий йил мартида СЧР сафида бир ой хизмат қилиб қайтди.

“Йиғиб қўйган пулим бор эди. 1Бир ойлик хизматдан ташқари уч ярим миллион сўмни банкка тўлаб, квитанциясини военкоматга олиб бориб бердим”, деди Низомиддин 22 май куни. Унинг Озодликка мурожаатидан мақсади бошқа масала билан боғлиқ эканки, унга кейинроқ тўхталамиз.

Озодликка мурожаат қилган, ўзини тошкентлик 20 яшар Шуҳрат, деб таништирган йигит Россияда ишлаб топган пулидан 2 млн. сўмни ҳарбий хизмат учун тўлаганини, лекин “военкоматдагилар яна 1,5 млн. сўм талаб қилаётгани”дан шикоят қилди.

“Мен нима учун пул тўлашим керак ўзи, тушунмаяпман”, деб ёзди Шуҳрат бундан икки ҳафта муқаддам.

Қашқадарёнинг Касби туманида яшайдиган яна бир чақирилувчи У. А. Озодлик билан 22 май кунги суҳбатда бундай деди:

“500 минг сўм ойлик оламан, рўзғорим бор. Уйим-жойим йўқ. 3 ой олдин мени чақиришди. Дўхтирдан ўтказишди. Шартномага қўл қўйдиришди. “Қўлни қўявер, ўзимиз тўғрилаймиз”, дейишди. Яқинда военкоматдан хат келди. Қарзим 1 миллиондан ортиб кетибди. Тўламасанг, Мажбурий ижрога ўтказворамиз”, деб ёзишибди, шундай қилишга ҳақлари борми?”- деди касбилик У.А.

"Военкомат"нинг жавоби

Тингловчилар саволларини Мудофаа вазирлиги расмийларига беришга уриндик. Вазирликдан жўяли бир гап чиққмагач, вилоятларга мурожаат қилдик.

Хусусан, 22 май куни Самарқанд вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси мулозими Озодликнинг “СЧРга чақирилувчилар тўлашга пули йўқлигидан арз қилмоқда, шунга нима дейсиз?” деган саволига жавобан бундай деди:

“Ота-онаси бордирку?! Ёрдам қилишадида, тўлайдида! Ахир Конституциямиз бўйича хизмат қилиши керакку?! Касал бўлса, майли, касал дейлик. Лекин соппа-соғ бола бўлса, кўчага чиқиб, ҳаммоллик қилса ҳам, бир кунда 50 минг пул топади. Агар сиз айтаётган болалар шартномага қўл қўйган бўлса, тамом, пулни тўлайди, тўлмасликнинг иложи йўқ”,- деди Самарқанд вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси мулозими.

Ҳам хизмат қилиб, ҳам пул тўлашнинг қонуний асоси

Фуқароларни Сафарбарлик чақируви резервига хизматга чақириш, шунингдек, чақирилувчига пул тўлатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил, 22 февралдаги 99-қарори билан амалга оширилади.

Қарорда, жумладан мана бундай дейилган: “фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда пул бадалларини тўлаши ва хизмат даврида бир марта бир ойлик ҳарбий йиғинда хизматни ўташи сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилиш шарти ҳисобланади”.

Мирзиёев СЧР тўловини бу йил камайтирди

Тилга олинган қарорга биноан, СЧР хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробарини (жорий йил февралида 4 736 600 сўм) ташкил этарди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 2 февралдаги фармонига мувофиқ, СЧР хизматига қабул қилинган фуқаролар тўлайдиган пул бадали 5 февралдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари (3 февраль ҳолатига кўра, 3 444 800 сўм) этиб белгиланган. Бу ҳақда ўз вақтида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилган эди.

Қирғизистонда ҳам бор СЧРга ўхшаш ҳарбий хизмат тури

Маълум бўлишича, ҳарбий хизматга чақирилувчидан пул олиш амалиёти Ўзбекистоннинг баъзи қўшниларида ҳам мавжуд. Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, давлат ва жамоат арбоби Тўқтағул Какчекеевнинг 22 май куни Озодликка айтишича, унинг мамлакатида ҳам ҳарбий хизматнинг Ўзбекистондагидай шакли мавжуд.

“Бизда ҳарбий хизматнинг бу шакли Тезлатилган хизмат, деб аталади. 3 ой давом этадиган бундай хизмат давомида аскарлар ҳарбий таълим ва амалиётнинг асосларини ўзлаштиради”, деди Тўқтағул Какчекеев. Унинг айтишича, Тезлатилган хизматга чақирилган қирғизистонликлар, давлатга 50 минг қирғиз сўми (тақрибан 700 АҚШ доллари) ҳам тўлайди.

“Бу пул аскарнинг кийими, озиқ-овқати, яшаш жойи ва ўқ-дорисига сарфланади”, деди Тўқтағул Какчекеев.

Қирғизистонлик арбобнинг айтишича, бу мамлакат армияси шахсий таркибининг 70 фоизини контракт асосида хизмат қилувчилар ташкил қилади. Қолган 30 фоизнинг ярми муддатли хизматга чақирилганлар, ярми эса, 3 ойлик хизматга чақириладиганлардир.

Озодликнинг “Бизга шикоят қилаётганлар нима учун биз давлатга пул тўлашимиз керак, деб хайрон бўлаяпти. Қирғизистонда ҳам бордир, шундай савол бергувчилар. Бас, шундай экан, бундай “ҳарбий солиқ”нинг мантиғи қаерда?” деган саволига Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Тўқтағул Какчекеев бундай жавоб берди:

“Конституцияда ватанни ҳимоя қилиш фуқаронинг бурчи эканлиги ёзиб қўйилган. Хўш, бу талабни қандай амалга оширамиз? Масалан, бизнинг армиямиз тахминан 20 минг кишилик. Резервдагилар сони эса, тақрибан 4 марта кўп. Демак, хизмат қилишни истайдиганлар кўп. Бундай шароитда, табиийки, ҳамманиям муддатли хизматга чақира олмаймиз. Шундай вазиятда 3 ой хизмат қилиб, 50 минг сўм тўлаб қўйиш билан ёш йигит ҳарбий билет олади, яъни ҳарбий хизматни ўтаган, деб ҳисобланади. Давлат идораларига эса, ҳарбий хизматни ўтаганларгина қабул қилинади. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлса керак. Демак, бу ерда фуқаро билан давлат ўртасида ўзаро манфаатли шартнома бўлаяпти, дейиш мумкин”, деди Тўқтағул Какчекеев.

Чиндан ҳам, қирғизистонлик арбоб айтган гапни Ўзбекистонга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам ҳарбий хизмат ўтаганлар қатор имтиёзлардан фойдаланади, уларнинг давлат идораларига, ҳуқуқ-тартибот ва куч ишлатар идораларга ишга кириши осон.

Қорақалпоғистонлик нимадан шикоят қилган эди?

Мақоламиз қаҳрамонларидан бири, жорий ой мартида СЧР сафида 1 ой хизмат қилиб қайтган, давлатга 3 444 800 сўмни тўлаб қўйган қорақалпоғистонлик 27 яшар Низомиддин кўп нарсага умид қилганини, инкассатор бўлиб ишга киришга умид қилганини айтди. Лекин уни бу ишга қабул қилишмабди.

Тўғри, Низомиддиннинг инкассаторликка кириши учун ҳарбий билет етарли эмасдир. “Лекин бошқа ишгаям олишмаябди. Ҳамма жойда гапни стажингиз борми?”, деган саволдан бошлашаяпти, деди Низомиддин.

Хос фикр

Мақолани тайёрлаш жараёнида ижтимоий тармоқларда Искандар Македонский деган тахаллус билан танилган, Россияда яшаётган ўзбекистонлик блогердан фикр сўрадик.

"Ҳарбий хизматнинг бундай турига мутлақо қаршиман. Биринчидан, бундай хизматдан маъно йўқ. Чунки 1 ойнинг ичида аскар бир нарса ўрганиш у ёқда турсин, аскар бўлганиниям ҳис қилишга улгурмайди. Иккинчидан бундай хизматга. асосан, бойларнинг болалари боради. 3 миллион сўм ўртача оила учун каттагина пул. Мантиқ оддийгина – бусиз ҳам камбағал халқ ҳисобидан давлат бюджетини тўлдириш холос, деб ёзди блогер Искандар Македонский.

XS
SM
MD
LG