Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Москвада Telegram мессенжери ёпилишидан норозилар акция ўтказди


17 апрель куни Москвада – Федерал хавфсизлик хизматининг Лубянкадаги биноси ёнида Telegram мессенжерининг ёпилишидан норозилар акцияси бўлиб ўтди. Йиғилганлар норозилик ифодаси тарзида тармоқ логотипидаги каби қоғоздан ясалган самолётларни учирдилар.

Норозилар орасида Pussy Riot гуруҳи аъзоси Мария Алехина ва руҳоний фаол Дмитрий Энтеолар бўлди.

Роскомнадзор ташкилоти эса App Store и Google Play дўконларидан Россияда тақиқланган Telegram мессенжерини олиб ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги Роскомнадзор матбуот хизматига таяниб 17 апрель куни хабар қилди.

Россия назорат агентлиги Telegram-га алоқадор IP-адресларни блоклашда давом этмоқда. Блоклаш жараёнини кузатаётган фаолларга кўра, бундай адреслар адади икки миллиондан ошиб кетган.

Роскомнадзорнинг маълум қилишича, тақиқ Telegram шифрлаш калитларини Россия Федерал Хавфсизлик Хизматига (ФСБ) берилмагунча давом этаверади.

Ўтган ҳафта Москва суди чиқарган ажримга мувфоиқ, Россияда душанба кундан бошлаб Тelegram-га кириш тақиқлаб қўйилди.

Россияда суд қарорига биноан душанба кунидан Telegram мессенджерини блоклаш бошланди.

Роскомнадзор ташкилоти, шунингдек, бу ижтимоий алоқа тармоғига яширинчиа йўллар билан олиб кирувчи воситаларни ҳам блоклашини билдирди.

Роскомнадзор раҳбари Александр Жаров бу ишлар Россия қонунчилиги асосида амалга оширилаётганини таъкидлади.

2017 йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган "Ахборот тўғрисида"ги қонунга биноан сайтларга қўйилган тўсиқни четлаб ўтишга хизмат қилувчи ширкатлар ҳам тақиқланган сайтлар реестрида бўлган ахборот манбаларини очиб бермаслиги керак.

Telegramни яратган Павел Дуров унинг мессенжери унинг таркибига ўрнатилган тўсиқларни айланиб ўтиш усуллари ва VPN ёрдамида ишини давом эттириши тўғрисида баёнот берди.

Москва шаҳар, Таганский район суди 13 апрель, жума куни мессенжерини Россияда блоклаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Telegramни Россияда тўсиб қўйиш тўғрисидаги талабни судга Роскомнадзор (Алоқа, информацион технологиялар ва оммавий коммуникациялар устидан назорат бўйича федерал хизмат) киритган.

Суд қарорига биноан мессенжернинг Россия ҳудудидаги фаолиятига қўйилган тақиқ Telegram раҳбарияти “шифр калитларини Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) бериш мажбуриятини бажармагунича амал қилади”.

Суд қарорига кўра, у (қарор) бетўхтов бажарилиши лозим. Мессенжер адвокатларининг қарор устидан шикоят аризасига киритишга 1 ойлик вақти бор.

Роскомнадзор мулозимлари Telegramдан террористик ташкилотлар фойдаланаётган маълумотлар бўлиши мумкинлигини иддао қилиб, бу мессенжерни зудлик билан ёпишни талаб қилаётган эди.

Telegram вакиллари суд мажлисида иштирок этмади. Свобода радиоси мухбирининг суд залидан хабар қилишича, Роскомнадзорнинг даъвосини кўриб чиқиш учун 20 дақиқадан озроқ вақт кифоя қилди.

Суд мажлиси арафасида мессенжерни яратган Павел Дуров ўз адвокатларига судда иштирок этишни тақиқлаб қўйди. Айни пайтда мессенжер ҳимоячилари судга мажлисни кечиктириш сўровини киритган эди, бироқ бу сўровни суд рад этди.

Бир ҳафта муқаддам Роскомнадзор Telegram раҳбарияти олдига қўйган муҳлат якунига етди. Бу муҳлат ичида Роскомнадзор Telegramдан фойдаланувчилар ёзувларини шифрлаш калитларини беришни талаб қилган. Telegram раҳбарияти бу талабни бажариш техник жиҳатдан имконсиз эканлигни айтиб, бош тортмоқда.

XS
SM
MD
LG