Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:54

Скотланд-Ярд собиқ рус жосусининг заҳарланиши юзасидан тергов бошлади


Сергей Скрипаль 2006 йилги маҳкамада.
Сергей Скрипаль 2006 йилги маҳкамада.

Британиянинг террорчиликка қарши кураш полицияси собиқ рус жосуси Сергей Скрипаль ва қизининг қўққисдан оғир хасталикка чалиниб қолиши юзасидан тергов бошлади. ОАВ Скрипалнинг ўғли Россияга сафари чоғида номаълум сабабга кўра ўлганини хабар қилган эди.

Скотланд-Ярдга кўра, террорчиликка қарши кураш бошқармаси “ғайриоддий ҳолат сабабли” ишни тергов қилишни ўз зиммасига олади. Скрипалга қарши Россия томонидан суиқасд уюштирилганига оида тахминлар кучайгани ортидан Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон бошқа бирор мамлакат бу ишга аралашган бўлса, бунинг “жазосиз” қолмаслигини билдирди.

66 яшар Сергей Скрипаль билан унинг 33 яшар қизи Солсбери касалхонасининг реанимация бўлимига тушиб қолгандан сўнг Британия ҳукуматининг кескин чоралар ваъда қилишининг ўз сабаблари бор. Би-Би-Сининг Скрипаль қариндошларига таяниб маълум қилишича, сўнгги йилларда унинг оила аъзоларидан бир неча киши сирли равишда вафот этган.

Айтилишича¸ Скрипалнинг 44 яшар ўғли Сергей ўтган йили Россияга борганида номаълум хасталикдан вафот этган¸ унинг хотини эса¸ 2012 йили Россиядан Британияга келганидан кўп ўтмай¸ саратондан ўлган.

Отаси билан реанимацияда қолаëтган Юлия Скрипаль эса¸ Москвадаги PepsiCo ширкатида ишлаган ва отасини кўриш учун ўтган ҳафта Британияга келганидан сўнг¸ қўққисдан касалланган.

"Кобра" мажлиси

7 март куни фавқулодда масалалар бўйича ҳукуматнинг махсус "Кобра" қўмитаси ота-бола Скрипалларга нима бўлгани юзасидан мажлис ўтказди.

Бу йиғин тугаши билан полиция расмийси экспертлар Скрипалларнинг қандай модда билан заҳарланганини аниқлагани ва бу ҳақда алоҳида баëнот бўлажагини билдирди.

"Кобра" мажлиси олдидан парламентда маъруза қилган Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон¸ агар ушбу бахтсиз ҳодисада Москванинг қўли борлиги исботланса, унга қарши санкциялар қўлланишидан огоҳлантирди.

– Мен ҳеч кимни бармоғим билан кўрсатаётганим йўқ, – деди у. – Мен дунё мамлакатларига шуни айтиб қўймоқчиман: Британия заминида гуноҳсиз кишилар ҳаётига тажовуз қилиш оқибатсиз ёки жазосиз қолмайди.

Жазо чораларими?

Агар бу ишда Россия ҳукуматининг қўли борлиги исботланса, Москвага қарши янги санкциялар жорий қилинади. Европа Иттифоқи ва АҚШ Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Москвага нисбатан аллақачон санкция жорий қилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Жонсон баëнотини танқид қилиб, уларни “ёввойи” деб атади. Шу билан бирга у ҳафталик бирифинг чоғида журналистларнинг саволига жавоб қайтараётиб:

Шу пайтгача биз Британия ҳукуматидан бирга суриштирув ўтказиш учун ҳеч қандай илтимос ҳам, таклиф ҳам олмадик¸ деди.

Солсберида рўй берган сирли ҳодиса беихтиёр Россия хавфсизлик хизматининг истеъфодаги ходими Александр Литвиненко ўлимини ёдга солади. У 2006 йил ноябрида Лондонда радиоактив полоний-210 билан заҳарланиб, вафот этган эди.

Скрипаль – Россия Бош разведка бошқармасининг собиқ полковниги. 2006 йилда давлат сирларини Британияга сотиб келганликда айбланиб¸ 13 йилга қамалган, аммо 2010 йили жосус алмашув амалиёти чоғида озод қилиниб, Ғарбга чиқариб юборилган.

Россиянинг Британиядаги элчихонаси бахтсиз ҳодисадан ўз мамлакатини бошқаларга "олабўжи" қилиб кўрсатишда фойдаланилаётганини иддао қилди.

6 март куни эрталаб Солсбери марказидаги воқеа содир бўлган жой ўраб олинди.

Скрипалнинг Солсбергдаги уйи олдида полиция машиналари пайдо бўлди. Айтилишича, унинг уйи савдо марказидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган.

Буюк Британиянинг Уилтширдаги махфий қуролларни тадқиқ қилиш маркази – Портон Даун олимлари Скрипалнинг бетоблигига сабаб бўлгани гумон қилинаётган “номаълум модда”нинг нима эканини аниқлашга киришди, дейилади ҳукумат тарқатган баёнотда.

Маҳаллий ОАВ фақулодда вазиятлар хизматлари ота-боланинг кучли синтетик опиат бўлмиш фентанилдан заҳарланганини гумон қилаётгани ҳақида хабар берди.

XS
SM
MD
LG