Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Трамп: Таклифларим қабул қилинмаса, ҳукумат ёпилаверсин


АҚШ Конгрессидаги икки партия яна бюджет устида баҳслашар экан, иммиграция тизимини ўзгартириш бўйича таклифлар келишувга тўғаноқ бўлиб турибди. Болалигида АҚШга олиб келинган, шу ерда улғайган ҳужжатсиз муҳожирлар ҳақида гап кетмоқда. Уларни депортациядан ҳимоя қилиб келган дастур март ойида тугайди.

Президент Дональд Трамп реформалар зарурияти ҳақида гапирганда доимо иммигрантлар содир этган жиноятларни ҳам эслатиб ўтади.

"Таклифларим қабул қилинмаса, ҳукумат ёпилаверсин. Иммиграция тизимидаги нуқсонларни бартараф этишимиз керак", - дейди у.

Бу сингари пўписалардан демократлар хуноб. Улар президент билан ишлаш мушкул эканини, Трамп сўзида турмаслигини айтмоқда.

"Ҳукумат аллақачон бир марта ёпилди. Яна шундай бўлишини ҳеч ким истамайди", - дейди демократлар сардори Чак Шумер.

ДАCА дастури Обама даврида яратилган бўлиб, Америкада катта бўлган ҳужжати йўқ минглаб муҳожирларга ишлаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва ҳар икки йилда статусини янгилаб туриш имкониятини берган. Президент Трамп ДАCАни ёпиб, бу ёшларга фуқаролик учун йўл очишга розилигини билдирган. Аммо президент шу билан бирга чегарада девор қуриш учун пул сўрамоқда, грин карта лотерея ўйинини бекор қилишни талаб қилмоқда.

Икки партия аъзолари биргалашиб таклиф этган компромиссни Трамп рад этган. ДАCА программаси март бошида тугатилади.

"Нафақат гуманитар инқироз, балки иқтисодий инқироз ёқасида турибмиз", - дейди сенатор Ричард Дурбин.

Ўтган ой ҳукумат ёпилганида Сенатдаги республикачилар иммиграция лойиҳасини муҳокамага қўямиз, деб ваъда берган эди. Аммо 100 аъзоли Сенатда нимага келишиб олинса ҳам, 435 аъзоли Вакиллар палатасида рад этилиши мумкин.

Палата спикери Пол Раян президентга маъқул бўлган лойиҳагина овозга қўйилади, демоқда.

Унга Мексика билан чегарада баланд девор қуриш, ҳужжатсиз ёшларга фуқароликни олиш имкониятини бериш, грин карта лотереясини тугатиш ҳамда оилавий миграция дастурларини тугатиш киради. Президентнинг сафдошлари таклифларни қўллаб-қувватламоқда.

"Президент қарийб икки миллион одам паспорт олишига йўл очмоқчи, демократларга бу маъқул бўлиши керак. Чегара хавфсизлигини кучайтиришни ҳам ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Қолган икки масалани музокара орқали ҳал қилсак бўлади", - дейди республикачи Том Коул.

Конгрессда ҳар бир масала бўйича ва охирги дақиқагача томонлар доимо тортишади. Ҳозирча иммиграцион реформалар бўйича якдиллик йўқ.

"Президент ё иммиграция қонунларини тушунмайди, ё атайлаб одамларга нотўғри маълумот бераяпти", - дейди демократ қонунчи Жуди Чу.

Баҳслар март бошигача давом этиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG