Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

АҚШ: Иммиграция ислоҳоти устида тортишувлар тўхтамаяпти


Президент Дональд Трамп АҚШ иммиграция тизимини янгилаб, 21-асрга мослаш лозим, демоқда. Унинг тўрт қисмли режаси чегарада девор қуриш ва икки миллионга яқин ҳужжатсиз муҳожирга фуқаролик учун йўл очишни ўз ичига олади.

Чегарада девор… яқингача икки партия тортишаётган масалалардан бири шу эди. Энди эса АҚШнинг иммиграция тизимини тубдан ўзгартириш устида баҳс кетмоқда. Президент ўз нутқида приоритетларни белгилаб берди.

“Менинг бурчим ва сайланган вакилларнинг муқаддас бурчи - америкаликларни ҳимоя қилиш. Уларнинг, оилаларининг, маҳаллаларининг хавфсизлигини таъминлаш. Токи улар орзу қилишдан тўхтамасин, ҳар бир фуқаро орзусига етсин”, дейди Трамп.

Америкага ҳужжатсиз олиб келиниб, шу юртда улғайган ёшлар ҳам доим ҳимоямизда бўлади, дейди демократлар.

“Бу ёшларга айтадиган гапим шу: сиз шу юртнинг бир қисмисиз. Сиз учун, ҳақ-ҳуқуқингиз учун курашамиз. Ҳимоя қиламиз”, дейди конгрессмен Жо Кеннеди.

Демократлар грин-карта лотереяси ҳамда оилавий иммиграция дастурларини бекор қилишга қатъиян қарши.

“Ахир шу дастурлар Американи дунёдаги энг қудратли давлатга айлантирган. Қўяверинг, мамлакатда қонуний яшаётганлар оила аъзоларини, яқинларини олиб келсин. Оилалар бирлашса, бутун бўлса, бу юртда муваффақият қозониш осонроқ кечади. Уларнинг иши юришса, ёрдам беринг деб давлатга таянмайди”, дейди конгрессмен Воакин Кастро.

Президент Трампнинг твитлари, кутилмаган қарорлари у билан келишиб ишлашни қийинлаштиради.

“Бизга айтган гапи бошқа, эртасига интернетда ёзган гапи мутлақо бошқа. Президент ўзимизга қўйиб берса, икки партия келишиб ишлай олади”, дейди сенатор Бен Кардин.

Трамп партиясининг консерватив қаноти ҳужжатсиз муҳожирларга фуқаролик беришни истамаяпти.

“Қонун борлигича ижро этилиши керак. Иммиграция қонунларини бузган бўлсангиз, қандай қилиб сизни кечирамиз?”, дейди конгрессмен Стив Кинг.

Мўътадил республикачилар фикрича эса масалани депортациясиз ҳал қилса бўлади.

“1,8 миллион одамга фуқаролик имконияти берилсин. Чегара хавфсизлигини кучайтирайлик. Грин карта лотерея тизимини ўзгартириш керак. Оилавий миграция масаласида эса ҳамон муросага келганимиз йўқ”, дейди сенатор Жефф Флейк.

Бир-бирига зид талаблар хусусида президент шундай дейди:

“Адолатли муроса керак. Ҳеч ким барча истаган нарсасини ололмайди. Давлатимиз учун зарур ислоҳотлар ҳақида ўйлайлик”.

Трамп бошлиқ республикачилар иммиграцияни 50 фоизгача камайтиришни кўзламоқда.

XS
SM
MD
LG