Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:35

Ўзбекистон иқтисод эркинлиги ва қонун устиворлиги бўйича ҳамон энг охирги ўринларда


2016 йилги иқтисодий эркинлик рейтингида Ўзбекистон "иқтисоди репрессив" давлатлар рўйхатида эди.
2016 йилги иқтисодий эркинлик рейтингида Ўзбекистон "иқтисоди репрессив" давлатлар рўйхатида эди.

Йил сайин жаҳон давлатларидаги иқтисодий эркинлик рейтингини тузиб борувчи Heritage Foundation ташкилоти 2018 йил учун ёйинланган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 152 -поғонада тақдим этди.

Ўзбекистон ҳамон орқада, бироқ силжиш бор

Рейтингда Ўзбекистон иқтисодий эркинлик соҳасида 51,5 балл олди. Бу эса ўтган йилгидаги баҳодан 0,8 баллга пастдир.

Бироқ 2016 йилдаги рейтингга нисбатан Ўзбекистоннинг позицияси 14 поғонага яхшиланган. 2016 йил рейтингида Ўзбекистон 166 -ўринни эгаллаб, “иқтисоди репрессив” мамлакат сифатида Кирибати (165), Чад (164), Конго (163) ва Украина (162) каби мамлакатлардан кейинги поғонага қўйилган эди.

Рейтингга киритилган Осиё –Тинч океани минтақасидаги 43 давлат орасида янги ҳисоботда Ўзбекистон 37-ўринга, Марказий Осиёдаги 5 давлат орасида эса 4 ўринга қўйилган.

Мазкур рейтингда Қозоғистон 41-ўринни, Қирғизистон 78-ўринни, Тожикистон 106-ўринни ва Туркманистон 169-ўринни эгалламоқда.

Давлатнинг иқтисодга аралашуви ва коррупция тараққиётни ортга сурмоқда

“Ўзбекистон ривожланишга тўсқинлик қилаётган коррупция, протекционизм ва давлатнинг иқтисодиётнинг турли аспектларга аралашуви борасида узоқ тарихга эга. Янги ҳукумат сармоя муҳитини яхшилаш шартлигини тушуниб етмоқда ва тадбиркорлик секторини ислоҳ қилишга, айриборшлаш курсини тўлақонли даражага етказишга, потенциал хорижий инвесторларга молиявий ва солиқ имтиёзлари беришга ҳамда капитал устидан айрим назорат чораларини бекор қилишга қаратилган қўшимча қадамлани ташламоқда. Бироқ қонун устиворлиги жуда заиф даражада қолмоқда”, дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида.

Ҳисобот давомида қонун устиворлиги масаласига тўхталар экан, муаллифлар: “Суд ҳокимияти сезиларли даражада ижроия ҳокимиятига қарамдир. Полиция, хавфсизлик хизмати ва судлар қонунни ўз хоҳишларига кўра ёки сиёсий нуқти назардан келиб чиқиб талқин қиладилар. Коррупция кенг тарқалган”, деб ёзадилар.

Мирзиёев ҳаракат қилмоқда, бироқ солиқ юки ҳамон оғир

Ҳисоботда “Ўзбекистонни қаттиқкўллик билан бошқарган Ислом Каримовдан сўнг ҳокимиятга келган” президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилган.

“Ўзбекистонда иқтисодиёт сезиларли даражада ҳукумат томонидан назорат қилинади, ҳолбуки сўнгги йилларда ўтказилаётган қатор ислоҳотлар секин-аста бизнес муҳитни яхшиламоқда. Оғир солиқ юки ва тинка-мадорни қуритадиган савдо чекловлари кўплаб иш берувчиларни тнорасмий иқтисоддан фойдаланишга мажбур қилмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Қонун устиворлиги бўйича Ўзбекистон сўнгги 2 йилда 10 поғонага пастлаган

Аввалроқ Халқаро World Justice Project (“Жаҳондаги адолат лойиҳаси”) ташкилотининг қонун устиворлиги юзасидан тузган рейтингида Ўзбекистон 113 давлат орасида 91-ўринни эгаллагани хабар қилинган эди.

Мазкур рейтинг сўнгги икки йил ичида қонун устиворлиги бўйича Ўзбекистон 10 поғонага пастлаганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон 2015 йилги қонун устиворлиги жаҳон рейтингида 81- ўринда эди. 2014 йилги рейтингда эса Ўзбекистон 73- поғонада бўлган.

Бироқ жорий рейтингда Ўзбекистон 2016 йилга нисбатан 2 поғона юқорига - 93 - ўриндан 91-ўринга кўтарилган.

Мазкур рейтингда Қозоғистон 64 - ўринни,Қирғизистон 82-ўринни, Россия 89- ўринни эгаллаган.

Ҳуқуқ устиворлиги рейтинги 2010 йилдан бери тузиб келинади. Рейтингда мамлакатлар давлат ҳокимияти институтлари ваколатларининг чекланганлиги, коррупция даражаси, тартиб ва хавфсизлик, асосий ҳуқуқларнинг ҳимояланиши, ҳокимият институтларининг шаффофлиги, қонунларнинг ижро этилиши, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича адолатли судлов соҳасидаги муваффақиятларга қараб баҳоланади.

XS
SM
MD
LG