Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Депутатлар «Автотест» билан боғлиқ можаро юзасидан ҳукуматга сўров юборди


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи ҳар икки йилда юридик шахслар ҳайдовчилари малакасини ошириш тўғрисидаги сентябрда қабул қилинган қарор бўйича Вазирлар Маҳкамасига сўров тайёрлади. Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Расул Кушербоевга таяниб «Газета.уз" маълум қилди.

Қарорга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ҳар икки йилда бир марта Автотест ўқув базаларида малака ошириши лозим. 1 июлдан юридик шахслар ҳайдовчиларида Автотест курсидан ўтгани тўғрисидаги сертификат бўлмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади. Йўл ҳаракати қоидаларига бу ҳақдаги ўзгартириш киритилди.

Ҳукуматнинг ушбу қарори кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Ҳужжат қабул қилинишидан аввал очиқ муҳокамага қўйилмагани, нима сабабдан ҳар икки йилда ҳайдовчилар малака ошириши лозимлининг тушунарсиз экани ва энг асосийси — бундай ҳуқуқнинг хусусий компанияга берилиши норозиликларни уйғотди.

Расул Кушербоевнинг сўзларига кўра, депутатлар ҳам бундай қарордан ҳайрон қолишди: «Нима учун бундай ҳуқуқ битта юридик шахсга берилди, бу очиқчасига сунъий монополия ташкил этиш эмасми? Нима учун сертификатнинг амал қилиш муддати икки йил холос? Бизда ЙҲҚ тез-тез ўзгариб турадими?»

«Мамлакат Президенти алоҳида тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар беришга нуқта қўйиш кераклиги ҳақида гапирмоқда. Бироқ бу ерда тескари йўналишдаги ҳаракатни кўраяпмиз», — деди депутат.

Сўров юбориш тўғрисидаги таклиф депутат Қодир Жўраев томонидан илгари сурилган эди. Уни бошқа депутатлар қўллаб-қувватлаб, жамоавий депутатлик сўровини тайёрлашга қарор қилинди, дея маълум қилди Расул Кушербоев.

Депутатлик сўрови юборилгандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси 10 кун ичида асосланган жавобни бериши лозим.

XS
SM
MD
LG