Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Иноятов сенатор бўлди. Энди у яна дахлсиз


Президент Мирзиёев фармонига кўра, МХХ собиқ раиси Рустам Иноятов Олий мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланди. Қонунчиликка кўра, сенатор дахлсизликка эга бўлиб, унинг жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки бирор жазога тортилиши мумкин эмас. Бунинг учун Сенат розилиги талаб қилинади.

Иноятов дахлсизликка эга бўлди

МХХни қарийб 23 йил давомида бошқариб келган ва 31 январь куни истеъфога чиқарилган Рустам Иноятов Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб тайинланди.

Бу ҳақдаги фармонни президент Мирзиёев 31 январь куни имзолаган.

Рresident.uz сайтига кўра, Иноятовни сенаторликка тайинлашда Конституциянинг 77-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 50-моддасига таянилган.

Иноятов сенатор этиб тайинланар экан автоматик тарзда дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, Сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиб, сенаторлар Сенат розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

МХХ раислигидан олинган Иноятов кечанинг ўзида Ўзбекистон Президентининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Иноятов истеъфоси

Иноятов истеъфоси ҳақида президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида МХХ ва Бош прокуратура ходимларининг 31 январь кунги селектр йиғини пайтида эълон қилинди.

Миллий хавфсизлик хизматини салкам 23 йил бошқарган 73 яшар Рустам Иноятовнинг ўрнига Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев тайинланди.

52 яшар Ихтиёр Абдуллаев 2015 йилнинг 21 апрелидан буён Бош прокурор вазифасини бажариб келаётганди.

Ўз навбатида, Ихтиёр Абдуллаевнинг ўрнига президент давлат маслаҳатчиси 42 яшар Отабек Муродов тайинланди.

Озодликка Ўзбекистон ҳукуматидаги ва унга яқин, бир биридан мустақил бир неча манбадан маълум бўлишича, Рустам Иноятов истеъфога чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев номига 25 январда ариза топширган.

Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозими эса, президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафар қилишидан олдин генерал-полковник Рустам Иноятов билан тўрт соат давомида суҳбатлашганини билдирди.

Рустам Иноятов Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганидан буён ҳукуматда қолаётган саноқли давлат арбобларидан бири эди.

У раислик қилган Миллий хавфсизлик хизмати ҳозир ҳам Ўзбекистонда энг ёпиқ ва қудратли давлат идораси ҳисобланади.

Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинади

22 декабрда Ўзбекистон ҳукумати ва парламентининг қўшма йиғилишида илк бор маъруза қилган президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилган эди.

31 январь куни Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида эса Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилиниши маълум қилинди.

Эндиликда Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилиши қайта кўриб чиқилади. Махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмалар тугатилади, айни вақтда миллий хавфсизликнинг устувор йўналишларини таъминлайдиган бўлинмаларни мустаҳкамланади.

МХХнинг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши соҳада амалга оширилган ишлар таҳлили ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга бағишланди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Айтилишича, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинади.

Қонунда МХХнинг асосий функция ва вазифалари белгилаб берилади ва, энг муҳими, унинг қабул қилиниши билан мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органларининг ваколат доиралари аниқлаштириб олинади.

XS
SM
MD
LG