Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Freedom House: Ўзбекистон ўзгара бошлади, лекин эркин эмас


Freedom House - "Озодлик уйи" ташкилотининг сарҳисобича, Марказий Осиё ҳамон диктаторлар қўлида. Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон узоқ йиллик яккаҳокимлар исканжаси остида. Минтақанинг энг йирик жамияти Ўзбекистонда эса эркинлик шабадаси эса бошлагандек, лекин ташкилот бугунги вазиятга бошқа кўплаб халқаро органлар сингари эҳтиёткорона оптимизм билан ёндашмоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимиятга келгач, ислоҳотлар бошлади, дейилади таҳлилномада. Азалий ва туб муаммолар, хусусан, мажбурий меҳнат, ҳуқуқбузарлик ва адолатсизлик, қийноқлар, ишсизлик, юлғичлик ва жамиятда том маънода эркинлик йўлида тўсиқлар талай экани тан олина бошлади. Давлат раҳбари буни очиқ қайд этиб, мамлакат энди янги йўлга ўтишини, халқаро ҳамжамият билан яқиндан ишлаб, бу муаммоларга ечим излашга аҳд қилганини айтмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари учун хорижга чиқиш учун алоҳида рухсатнома олиш талаби бекор қилиниши кутилмоқда.

Республикада конвертация очилди, валюта бозори эркинлаша бошлади.

Мамлакатда фуқаролик жамияти учун йўл очилаётгандек. Узоқ йиллар олдин ҳайдалган Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг мамлакатдаги фаолиятини қайта тиклаш бўйича ҳукумат билан мулоқоти бошланди.

Лекин Ўзбекистон эркинлик даражаси жиҳатидан ҳамон "энг ёмон" муҳитлардан бири. Ҳуқуққа ҳурмат ва қонун устуворлиги бўйича олиб борилган изланишларга асосланиб, республика ҳали бу борада катта қадамлар ташлаши зарурлиги таъкидланади.

Ўзбекистон Туркманистон сингари эркинлик энг бўғилган жамиятлардан бири, дейилади "Озодлик уйи" ҳисоботида

Ҳисоботда Марказий Осиёдан фақат Қирғизистон қисман эркин жамият сифатида баҳоланади.

Freedom House - "Озодлик уйи" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, эркинлик бобида дунё бўйлаб қаторасига 12 йилдан бери чекиниш кузатилмоқда. Хитой, Россия ва Шимолий Корея - дунё тинчлигини бузаётган давлатлар, Лотин Америкаси ва Африкада эса прогресс кўзга ташланади, дейилади бу ҳафта эълон қилинган таҳлилномада.

Демократия ҳар томонлама сиқувда. Курраи заминнинг деярли ҳар бурчагида. Фуқаро эркинликлари ва демократик жараёнларни кузатиб борувчи "Озодлик уйи" бугунги аҳволни таҳлил қилиб, шундай хулоса қилмоқда.

Ташкилот эксперти Арч Паддингтон дейдики:

“Қаторасига 12 йилдан бери глобал миқёсда эркинликлар оёқости бўлаётганини кўраяпмиз. 2017 йилда ҳам аҳвол яхшиланмади. Дунёнинг аксар мамлакатлари бизнинг рўйхатда паст баҳо олди”.

Америка ҳақида гап кетганда, Россиянинг сайловларга аралашуви юзасидан тергов унинг демократия намунаси деган мақомига болта урди.

Озодлик уйига кўра, Россиянинг Европадаги дезинформацион кампанияси ҳам дунёда демократик меъёрлар емирилишига олиб келмоқда.

Хитойда, дейди экспертлар, Президент Си Зинпин лидерлиги остида репрессия ва цензура кучаймоқда.

2017 йилда ярим миллиондан ошиқ роҳинжа мусулмонлари Мянмадан Бангладешга қочди. Гуманитар инқирозни кўпчилик, жумладан, Вашингтон ҳам этник тозалаш дея таърифламоқда.

Зимбабведа Президент Роберт Мугабе ҳокимиятдан кетди. Экспертлар мамлакат келажагига эҳтиёткорона оптимизм билан қарайди.

“Зимбабвега эркинлик бобида пастроқ баҳо бердик. Асосий сабаб - Президент Мугабенинг нодемократик йўл билан ҳокимиятдан олингани, унинг ўрнига ҳам нодемократик равишда бошқа одам ўтиргани. Ислоҳот ва либерализация тўғрисида ваъдалар беришяпти. Умид қиламизки, улар амалга ошади ва жиддий сайловлар ўтказилади”, - дейди Паддингтон.

Жанубий ва Марказий Америка бўйлаб нисбатан прогресс… Хусусан, Мексика жорий йилда янги президентга овоз беради.

“Пойгада қатнашаётган номзодлардан бири популист. Агар ютиб чиқса, Мексика сиёсатида қизиқ ўзгаришлар бўлиши мумкин”, - дейди суҳбатдош.

Икки давлатнинг урушлардан боши чиқмайди - Ироқ ва Афғонистон. Ҳар иккисида халқаро ҳамжамият ҳарбийлар таъсиридан холи, лаёқатли ҳукумат шаклланишини кузатмоқда.

Хитой ва Шимолий Кореяга қўшни давлатлар - Жанубий Корея ва Тайванда сиёсий тараққиёт давом этаётгани олқишга сазовор, дейилади таҳлилда.

“Демократик равишда сайланган ҳукуматлар сиёсий реформаларни олға сураётгани қувонарли ҳол”, - дейди Арч Паддингтон.

XS
SM
MD
LG