Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Фарғоналик тадбиркор: Ҳокимнинг айби билан қарийб 6 млрд сўм зарар кўрдим


"Мен прокуратурадан 53 та хат олдим, ҳаммасида "сиз келтирган важлар тасдиқланмади", деган бир хил жавоб. Ҳамма ҳужжатлардан кўриниб турибдику адолатсизлик бўлаётгани?! Прокуратура қайси ҳужжат эгалик хуқуқини беришини билмайдими?"

Бу хитоб фарғоналик тадбиркор Хамидулла Топволдиев Озодликка йўллаган хатдан олинди. Топволдиев ўзининг Фарғонадаги мулки билан боғлиқ бир неча йилдан буён давом этаётган муаммолари тўғрисида Озодликка олдин ҳам арз қилган эди.

Ўша аризасидан сўнг "муз бироз эрий бошлагандай", тадбиркорнинг иши ижобий ҳал бўла бошлагандай кўринган эди. Бироқ куни кеча етиб келган хат мазмунига қараганда, ундай бўлмаганга ўхшайди.

Президент Мирзиёев тадбиркорга кенг йўл бериш кераклиги тўғрисида такрор ва такрор айтаётган шу кунларда Хамидулла Топволдиевнинг хатини OzodMaktub рукнида эълон қилишга қарор қилдик.

Топволдиевнинг хатини таҳрирсиз, имло хатоларини деярли тузатмай, стилистикасига тегинмай, қандай етиб келган бўлса, шундайлигича эълон қилаяпмиз. Мактубда тилга олинган шахслар ва идоралар адресига билдирилган иддаолар, сифатлар ва баҳолар мутлақо муаллифникидир ва улар учун OzodMaktub рукни масъул эмас.

Озодлик радиоси микрофони Топволдиевнинг мактубида исмлари келтирилган шахслар ва номлари келтирилган идоралар учун доим очиқ.

Мана, энди Хамидулла Топволдиевнинг хатини ўқинг:

Хамидулла Топволдиевдан келган хатнинг боши
Хамидулла Топволдиевдан келган хатнинг боши

Мен, Топиволдиев Хамидулла Алимович 29.10.1963 йилда Марғилон шахрида туғилганман, миллатим ўзбек, оилам, 4 нафар фарзандим бор, маълумотим олий, Марғилон шаҳар Чеварчилик кўчаси, №38 уйда яшайман. «Мисс Нозилабегим» МЧЖ да 2004 йилдан бери раҳбар бўлиб ишлайман.

Фарғона вилоятида муҳит шунақаки, вилоят хокими Шухрат Ғаниев бизда ҳам прокурор, ҳам судья, ҳам милиция - давлатимиз қонунларини писанд қилмайди, хоҳлаган ташкилотини - у хусусийми ёки давлатникими - хоҳлаган одамига сотиб юбораверади. Бу ишларни ўзим бошимдан ўтказдим.

2012 йили бизнинг жамиятимиз биноси - Фарғонадаги Марказий универмаг Бош вазир протоколига тушиб, реконструкция килиш тайинланди. Фарғона вилоят штаби смета килдириб 11 миллиард сўм ҳисоблади. Бизнинг ташкилотимиз қайтадан смета тайёрлатиб 7 миллиард сўм қилдирдик.

Бош вазир протоколига асосланиб бизга Ипотека банкидан 7 миллиард сўм кредит ажратилди. Биз жамиятимиз бино иншоотларини гаровга қўйиш учун баҳоланган сумма 4 миллиард, 750 миллион сўмни ташкил қилди. Бизнинг ташкилотимиз 7 миллиард сўмга яраша гаров топа олмади. Биз қўлимиздан келганича ўз кучимиз билан реконструкция қилмокчи эдик. Вилоят штабидагилар Тошкентдаги МЕГАПЛАНЕТ биносига ўхшатиб қурилиш қиласизлар деб сўзларида туриб олишди.

7 миллиард сўмга яраша гаров топа олмаганимиздан кейин, Ипотека банк бошқарувчиси А.Мўминов мени вилоят штабига олиб кириб 7 миллиард сўм кредит маблағини 2 босқичга бўлиб беришини вилоят штабидагиларга тушунтирди. 1- босқичда олинган миллиард сўм кредитни бинога сарф қилдириб, бинони янгидан баҳолатишни ва 2 босқичда шу биноимизни ўзини гаровга қўйдириб колган 4 млрд. сўмни яъни тўлиқ 7 миллиард сўм кредит маблағини беришини вилоят штабида таклиф киритди. Биз шу таклифга асосланиб 7 миллиард сўмк редитни ўрнига, 3 миллиард сўмга шартнома туздик.

Банкдан 3 миллиард сўм кредит олиб ва ўз маблағимиз билан жами 5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажардик.

Банк иккинчи босқич кредитига яна бошка гаров куйишимизни талаб қилиб, қолган 4 миллиард сўм кредитни беришдан бош тортди. Биз иккинчи босқичга яраша гаров топа олмадик. Банк кредитни тўлиқ бермаганлиги сабабли бизда реконструкция ишлари тўхтаб колди. Банк кредитни қайтариш учун бизнинг ташкилотимизни судга берди.

Банк бизни бажарган қурилиш-монтаж ишларимизни ҳар ойда контрол-обмер қилиб ойма ой пул ўтказиб берган. 3 миллиард сўмни бирданига бизнинг ҳисоб рақамимизга ўтказиб бергани йўқ.

Вилоят хўжалик суди банкнинг талабини кўриб чиқиб, Хадича Сулаймонова номли экспертиза ташкилотига баҳолатиш учун берди. Эксперт Хотам 3 та вилоятга битта ўзи эксперт эканлигини важ килиб, 2011 йилда қилинган кадастр хужжатига асосланиб, янги қилинган қурилиш-монтаж ишларини инобатга олмасдан, биз реконструкция қилиш давомида бузиб ташланган бинони нархини чиқариб, 3 миллиард, 300 миллион сўм атрофида нарх чиқариб берди.

Хўжалик суди судяси эксперт Хотамни 4 ой судраб, эски кадастр ҳужжатидан нарх чиқарганидан эътироз билдирганида Хотам ўзи ҳисоб-китоб қилишга улгурмаганини ва 2011 йил кадастр ҳужжатига асосланиб нарх чиқарганини айтди.

Хадича Сулаймонова номли экспертиза ташкилоти эксперти Хотам банк контрол обмер қилган процентовкаларни инобатга олмади. Бино экспертизага чиққан пайтда бинонинг фасади ва 1 - 2 қаватлари битган эди. Бинонинг нархини пасайтириш учун эксперт Хотам атайин 2011 йил кадастр хужжатига асосланиб нарх чиқарган.

Апелляция суди аъзолари ташкилотимизга келишиб, қурилиш-монтаж ишларимизни кўриб ва вилоят прокуратураси протестига асосланиб асосий бинони ўзига 6 миллиард, 700 миллион сўм нарх белгилаб беришди.

Банк бошланғич 2011 йил кадастр хужжатига асосан яъни, гаровга олинган нарх 3 миллиард, 750 миллион сўм билан ўзи контрол-обмер, ойма ой қилинган процентовкалар ва биз қилган сарф харажат қийматларини инобатга олмай биржа савдосига чиқариб юборди.

Вилоят хокими Шухрат Ғаниев 2014 йилда бизнинг такилотимизга тегишли бўлган омборхоналарни йўлга тушади деб буздириб ташлаб, худуддан 2 нафар мебелчиларга, Б.Умаров ва Жалиловларга моддий қизиқиш эвазига бизнинг ташкилотимизга бўлган ердан қарор чиқариб берди.

Бу қарорларни кўтариб вилоят хокимининг укаси Шавкат Ғаниев иккала тадбиркор билан олдимга келиб, ер энди уларга тегишли эканлигини ва қурилиш бошлашларини айтишди. Мен уларни хайдаб юбордим.Эртасига вилоят хокими Шухрат Ғаниевни ўзи келиб Б.Умаров ва Ф.Жалиловлар қурилишни бошлайди деди.Мен хокимга ер қонун бўйича бизнинг ташкилотимизга тегишли эканлигини айтсам вилоят хокими Шухрат Ғаниев хозир сени қаматаман деб милиция ходимларини чақириб шахар милиция бошлиғига мени обориб қамаб кўйишга буйруқ берди.

Мен бу қарорлардан норози бўлиб Фарғона шахар прокуратурасига ариза бердим.

Фарғона шахар прокуратураси протест киргизиб, бу қарорларни бекор қилди.

Фарғона шахар хокими Д.Рахматов 2015 йилда январь ойида 24 ва 55 сон билан қайтадан қарор чиқарди.

Мен бу қарорларни бекор килиш учун фуқаролик судига мурожат қилдим.

Суд жараёни бўлаётганига карамасдан Б.Умаров ва Ф.Жалиловлар қурилишни бошлаб юборишди. Мен ҳамма хужжатларимни кўрсатиб қурилишни тўхтатиб қўйдим.

Вилоят хокими Шухрат Ғаниев келиб, шахар хокими Д.Рахматовни ва 15 га яқин милиция ходимларини ноқонуний қурилиш бўлаётган жойга қўйиб кетди.

Хамма хужжатларимиз бўлишига қарамасдан,Фарғона шахар фуқаролик суди судьяси Х.Хакимов ер менинг ташкилотимга тегишли эканлиги хақидаги хужжатларни кўрсата олмади деб, Б.Умаров ва Ф.Жалиловлар фойдасига ажрим чиқариб берди.

Мен вилоят судига ариза бердим, вилоят суди хам шахар фуқаролик судини ажримини тасдиқлади.

Кейин мен Олий судга ариза бердим, Олий суд Фарғона вилояти ва шахар фуқароликсудларини ажримларини бекор қилиб, вилоят судига қайтадан кўриш учун юборди.

Фарғона вилоят суди хокимни айтганини қилиб Б.Умаров ва Ф.Жалиловлар фойдасига қарор чиқариб берди.

Фарғона вилоят хокими Ш.Ғаниев бизни 10 миллиард сўм турадиган бино-иншоотларимизни 4 миллиард , 89 миллион сўмга биржа орқали соттириб юборди.

Биз бу муаммоларимиз юзасидан порталга 4 маротаба мурожат қилдик ҳар сафар бизни ишимизни вилоят прокуратурасига жўнатишади, вилоят прокуратураси хоким Шухрат Ғаниев устидан ёзилган ариза чеккада қолдириб Ипотека банкидаги қалбаки далолатнома устидан жиноий иш очди. Қалбакилаштирилган далолатномани шаҳар милиция тергов қиляпти.

Вилоят хокими устидан ёзилган аризани шаҳар милиция терговчиси тергов қила оладими?

Мисс Нозилабегим жамиятини банкдан қарзи бор экан, холис бетараф бўлган ташкилотга бахолатиб биржага чиқарса бўлардику?

Фарғона вилоят хокими Шухрат Ғаниев ва укаси Шавкат Ғаниев Ўзбекистон Республикаси қонунларини писанд қилишмайдими?

Хозирги кунда бизнинг ташкилотимиз вилоят хокими Ш.Ғаниев тадбиркорлиги орқасидан 6 миллиард сўмга яқин зарар кўрди.

Вилоятимиз хокими Шухрат Ғаниев эса ўзи хохлаган ташкилотни, тадбиркорни хусусий мулкилигидан қатъий назар хохлаган одамига укаси Шавкат Ғаниев орқали сотиб юборяпти.

2017 йил 20 февраль кунги 196-сонли қарор билан Фарғона вилоят хокими Шухрат Ғаниев бизнинг ташкилотимизга тегишли бўлган қахвахона майдончаси ва 2 та мусиқали фонтанни “ МЕХНАТ ОИЛ ” МЧЖ га сотиб юборган. Аслида бу ер банкни гаров суммасига кирмаган. Мен бу жойларга 600 миллион сўмдан зиёд пул маблағини сарфлаганман. Бу ер менга тегишлиги хақидаги хамма хужжатлар бор.

Мен вилоят прокуротурасига мурожат қилсам, прокуротура келтирган важлар ўз тасдиғини топмади деб жавоб беришди.

Мен прокуротурага кўрсатган мулкка эгалик хуқуқини берувчи хужжатлар асос бўла олмас экан у қонунийми қонуний эмасми?

Бизнинг вилоятимизда хоким Шухрат Ғаниевни гапи Ўзбекистон Республикаси қонунларидан юқори туради.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 320-323-моддаларига, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигиниг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни химоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 11,164,207,482-моддаларига,Ер кодексининг 31,91-моддаларига зид равишда Фарғона шаҳрида мулкий тажовузларга йўл қўйилмоқда.

Фарғона шаҳар хокимининг 2015 йил 19 январь кунги 24-сонли, 2015 йил 19 январь кунги 55-сонли қарори ҳамда 30.04.2014 йил кунги 628-сонли ноқонуний қарорларини “EFFECT REAL GROUP” МЧЖ аукцион савдо комиссияси 09.08.2016 йилда савдо аукционида қатнашган“ASVEN DISTILLERIES” ва “MEHNAT OIL” МЧЖ ташкилотлари аукционга бир кун қолганида ЦУМ биноси ва холатини ўрганмасдан, аукцион савдосида қатнашган иккала корхонани эгаси битта одам эканлиги аниқланди.

2017 йил 20 апрель кунги 15-15083848-сонли иш бўйича суд қарорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуротураси протест киргизган. 2017 йил 30 май куни шу иш юзасидан Олий хўжалик суди раёсати 2015 йил 3 март кунги, 2016 йил 9 март кунги ва 2016 йил 4 май кунги қарорларни бекор қилган.

2017 йил 1 август кунги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси протестига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов хайъатининг ажримига асосан Фарғона шахар ва вилоят судларини барча чиқарган қарорлари бекор қилинган.

2017 йил 4 август куни ушбу иш қайта кўриш учун Андижон вилоят иқтисодиёт судига чиқарилган. Мана олти ойдан бери Андижон вилоят иқтисодиёт суди экспертиза қила олмаяпти. Мен Хадича Сулаймонова номидаги экспертиза ташкилотига борсам, экспертиза рахбарияти иш хужжатларида банк қўл қўйиб берган процентовкалар бор, шу суммани суд қўшиб қўяверсин деб ўзларини чеккага олишяпти. Хадича Сулаймонова номидаги экспертиза ташкилоти Фарғона вилоят хокими Шухрат Ғаниевни гапи билан бизни ташкилотимизга 6 миллиард сўмга яқин зарар келтирди.

Мен прокуратурадан 53 та хат олдим, хаммасида "сиз келтирган важлар тасдиқланмади", деган бир хил жавоб. Ҳамма ҳужжатлардан кўриниб турибдику адолатсизлик бўлаётгани?!

Прокуратура қайси ҳужжат эгалик хуқуқини беришини билмайдими?

Тошкент хуқуқни мухофаза қилиш органлари вилоят хокими Шухрат Ғаниевдан шунчалик тили қисиқми?

Хурматли Озодлик радиоси, мен сизларга ўзимдаги мавжуд бўлган, ер ва ташкилот менга тегишли бўлганлиги хақидаги хужжатларни ва Фарғона вилояти суд қарорлари, Бош прокуротура протесnлари, Олий суд ажримлари ва Фарғона вилоят хокими Шухрат Ғаниевни тадбиркор мулкига тажоввуз қилаётганлигини тасдиқловчи хужжатларни юбораяпман.

Хурматли Озодлик канали менинг бузилган мулкий хуқуқларимни тикланишида ёрдам беришингизни сўрайман.

Илова: 24 вароқда. ( 3 та сурат )

«МИСС НОЗИЛАБЕГИМ»

МЧЖ рахбари: Х. А. Топиволдиев.

***

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMaktub сизга мунтазир!

OzodMaktub рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG