Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Дастур-2018: Пропискасизга иш, камбағалга уй, ҳукуматга “саватча”


Андижонда имконияти чекланган одамларга намунали уйларни бериш маросими.
Андижонда имконияти чекланган одамларга намунали уйларни бериш маросими.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасида мамлакатдаги бошқарув, суд, ҳуқуқ-тартибот, тиббиёт каби соҳаларни ислоҳ қилиш баробарида, ижтимоий соҳада прописка тартибини соддалаштириш, кам таъминланган оилаларга уй бериш, хориждаги ватандошлар билан мулоқотни йўлга қўйиш ваъда қилинмоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, 2018 йилнинг 1 апрелидан доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тартибини соддалаштириш, ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Бу тадбирни амалга ошириш учун “вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилади”.

Бундан ташқари “меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади”.

Ҳужжатнинг “Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш” деб аталган қисмида Ўзбекистонда биринчи марта “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” атамаси амалиётга киритилади. Бу эса “аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш”га хизмат қилади.

Қайд этилишча, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдоридан келиб чиқиб аниқланадиган “яшаш минимуми”нинг “истеъмол саватчаси”га мутаносиблигини таъминлаш вазифаси қўйилади.

Шунингдек, лойиҳада йил давомида оғир уй-жой маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилган.

“Уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридаги ўрта ҳисобда 2-5 нафар оилага арзон уй-жойлар 10 йил мобайнида давлат ихтиёрига ўтказиш ҳуқуқисиз берилади.

Республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридан ўрта ҳисобда 70 нафаргача оилаларга ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, холодильниклар, тикув машиналари ва ҳ. к.) ёки бир бошдан қорамол харид қилинади.

Оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлаш ва уларнинг ҳақини тўлашга маблағ бўлмаган тақдирда республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридан ўрта ҳисобда 6 тагача кам таъминланган оилаларга беғараз ёрдам кўрсатилади”, дейилади ҳужжатда.

Бу мақсад учун Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши 241 миллиард 800 миллион сўм, “Маҳалла” жамоат хайрия фонди 80 миллиард 600 миллион сўм ва ҳукумат 80 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратади.

XS
SM
MD
LG