16 декабрь куни Жиззах вилояти ИИБ, Тергов департаменти, Жиноят-қидирув бошқармаси ва Жиззах вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда қидирувдаги шахс агарда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яширинган бўлса, ҳеч қандай тўсқинликларсиз ватанига қайтиши, фуқаролик паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтган бўлса, консуллик элчихоналаридан ватанга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириб беришда амалий ёрдам кўрсатилиши, оилавий, моддий аҳволи инобатга олиниши, ўз айбига чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган моддий зарарнинг 70 фоизи қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмаслиги юзасидан тушунтириш берилди.
Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, йиғилишда жиноят содир этгач, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган жиззахликларнинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам иштирок этган.
Йиғилишда қидирувдаги шахсларнинг яқин оила аъзоларига республикада олиб борилаётган сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги ислоҳотлар, давлат раҳбари томонидан қабул қилинган Афв тўғрисидаги фармон, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган «Амнистия тўғрисида»ги қарор, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан тушунтиришлар берилди.