Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Озодлик ортидан ЎзА ҳам муштумзўр ҳокимларга эътибор қаратди


Сентябр ойи бошида Интернетда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактабларнинг директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлган эди.
Сентябр ойи бошида Интернетда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактабларнинг директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги –ЎзА 29 ноябрь куни Озодлик радиоси томонидан мунтазам равишда кўтарилиб келинган муштумзўр ҳокимлар масаласига эътибор қаратди. Агентлик муштумзўр ҳокимлар сиёсати танқид қилинган мақолани чоп этди. Бироқ Озодликка етиб келган хабарларга қараганда, амалда улар ҳамон жазосиз қолмоқда.

ЎзА томонидан эълон қилинган “Раҳбар юксак маънавиятли, ҳар бир ишда барчага ибрат бўлиши керак”, деб сарлавҳаланган мақолада Озодлик радиосида ёритилган ва сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган Андижон шаҳар ҳокимининг йиғилишларда ўқитувчи ҳамда қарияларга қўпол муносабати танқид қилинган.

“Андижон шаҳар ҳокимининг таълим муассасалари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ўзини тутиши, муомаласи, хақорату дашномлардан иборат гап-сўзлари, агар ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар рост бўлса, унинг нафақат ҳоким, балки оддий бир инсон сифатида маънавиятга муносабати қандай эканини кўрсатади”, деб ёзган ЎзА мақола давомида президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрда ўтган йиғинда муштумзўр ҳокимларни танқид қилганига алоҳида эътибор қаратади.

Президентнинг “Одамлар иш юзасидан сизга бўйсуниши мумкин, бошқа ҳар қандай масалада сиз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга эканини асло эсдан чиқарманг”, деган сўзларига эътибор қаратган ЎзА мақола давомида: “Давлатимиз раҳбари шундай фикрларни илгари суриб турган, керак бўлса, барча бўғиндаги раҳбарлардан ҳаммага ибрат бўлиш лозимлигини талаб қилиб турган бир пайтда ҳокимнинг кибрга берилиши, ўз қўл остидагиларга бундай номақбул муносабати-муомаласи ҳеч бир одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди”, деб ёзди.

Шундан сўнг мақолада Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раҳбари Зокиржон Машрабов ва халқ таълими фахрийси Олимжон Раҳимовнинг раҳбар қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги фикрлари ҳамда президентнинг “Бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва айбдорларга тегишли жазо қўлланилади”, деган сўзлари дастуриламал бўлиши шартлиги тўғрисидаги фикрларига ўрин берилган.

Озодлик радиоси сўнгги ойларда мактаб директорларини қаторасига териб, уларни ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев, Улуғнор тумани ҳокимининг юрак хуружидан ўлиш даражасида ҳақоратлагани иддао қилинган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, маърифат посбонлари бўлмиш ўқитувчиларни "шакал", "тварь", "эшак", "ҳайвон" деб сўккан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни 45 минут давомида 126 марта уятли сўз билан ҳақоратлаган Паркент тумани ҳокими тўғрисидаги мақолаларни чоп этган эди.

Президент Мирзиёев 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган бўлса-да, Озодлик манбаларига кўра, муштумзўр ҳокимлар ҳамон жазоланмай, ўз амалларида қолмоқдалар.

XS
SM
MD
LG