Тошкентда XIII Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди. Беш кунлик ярмаркада дунёнинг 44 та мамлакатидан 1,5 мингга яқин мутахассис иштирок этмоқда.
Бу ҳақда хабар қилган кун.узга кўра, алоҳида мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳаларини ривожлантириш, жаҳон пахта бозоридаги тенденциялар, савдо, логистика ҳамда суғурта соҳалари бўйича 16 та очиқ ва махсус мавзуга бағишланган сессияларни ўтказиш режалаштирилган.
Пахта селекцион навларини яратиш, пахта етиштириш учун қишлоқ хўжалиги техникаси, уни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш учун генетика ҳамда биотехнологиялар билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинади. Пахтани дастлабки қайта ишлаш соҳасидаги муаммолар ва ютуқларни кўриб чиқиш, пахта толасининг сифатини баҳолаш ва уни тўқимачиликда қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ярмарка Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК, Фанлар академияси, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ, Ташқи савдо вазирлиги, Республика товар-хомашё биржаси, Ўзбекистон «Сифат» маркази ва бошқа манфаатдор тузилмалар кўмагида ташкил этилмоқда.
2017 йил 23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг «Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта» мавзуси бўйича 76-ялпи йиғилиш бўлиб ўтади.