Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Қирғизистон ҳукумати Назарбоевга расман норозилик билдирди


Қирғизистон ҳукумати президент Нурсултон Назарбоев Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов билан 19 сентябрда Олмаота шаҳрида учрашгани муносабати билан 20 сентябрь куни Қозоғистонга норозилик нотаси топширди.

Қирғизистон ҳукумати Назарбоевга расман норозилик билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00

Нотада Назарбоевнинг Ўмурбек Бабанов билан учрашуви "Қирғизистоннинг ички ишига аралашаётганлик ва қирғиз сайловчилари танловига таъсир кўрсатишга уриниш” сифатида баҳоланган.

Президент Атамбаев 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида ҳам сайловлар мавзусини четлаб ўтмади. У нутқи сўнггида қирғиз тилида Қирғизистон халқига мурожаат қилар экан:

-Яна қайтадан бошқа элнинг раҳбарларига, бошқа халқнинг бойларига алданиб қолмайлик! Элнинг бойлиги бекорга сотилиб, еримиз туҳфа сифатида берилиб, оддий халқ хор бўлмасин, -деб айтди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 20 сентябрь куни Қирғизистон ҳукуматининг норозилик нотасига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Tengrinews.kz сайти Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Қозоғистоннинг жавоб нотасида Бишкек ҳукуматининг бу айбловлари инкор этилган. Қозоғистоннинг билдиришича, Назарбоевнинг таниқли қирғиз сиёсатчилари билан учрашувлари анъанага айланган ҳамда бу халқаро тажрибага зид келмайди.

“Бундан аввал Назарбоев Қирғизистон президентлигига номзод Сўўрўнбай Жээнбеков билан ҳам учрашган”, дейилади Қозоғистоннинг жавоб нотасида.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раисаси Нуржан Шайлдабекова Қозоғистон президентининг қирғиз президентлигига номзод билан учрашуви масаласи ўрганилаётганини ва бу борада яқин кунларда махсус қарор эълон қилинишини маълум қилди.

-Бизнинг Конституциямизда бу борада белгиланган меъёрлар бор. Масалан, сайловолди тарғиботи пайтида хориж давлатлари лидерлари билан бирга тушилган суратларни тарқатиш тақиқланади. Бу воқеа юзасидан яқин кунларда коллегия қарорини расман эълон қиламиз. Бу масалани ишчи гуруҳи ўрганиб, кейин бизга қарорнинг лойиҳасини тақдим этиши лозим, -деди Марказий сайлов комиссияси раисаси.

Қирғизистонда сайловлар олдидан номзодларнинг қўшни давлатлар раҳбарлари билан учрашуви бундан олдин ҳам бўлиб турган. Масалан, 2010 йилдаги парламент сайловлари олдидан қатор сиёсий партияларнинг лидерлари Остона ва Москва ҳукумати раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган.

2011 йилда эса президентликка номзод бўлган Алмазбек Атамбаев Москвада ўша пайтда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин билан учрашгани тўғирсида рус матбуотида хабарлар берилган.

Қирғизистонда президентлик сайлови 15 октябрда ўтказилади. Қирғизистонда президентлик учун 13 номзод курашмоқда.

XS
SM
MD
LG