Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Ўзбекистон сув танқислигига йўл қўймаслик учун Қирғизистондан электр сотиб олмоқда


Ўзбекистон суғориш мавсумида сув танқислигига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистондан электр энергияси сотиб олаётганини билдирди. Ўзбек расмийларига кўра, Тошкент электр энергияси сотиб олиш билангина чекланиб қолмай, қўшни давлатлар билан аср қурилиши сифатида талқин этилаётган CASA-1000 лойиҳасига муносабатини қайта кўриб чиқишга тайёр.

“Ўзбекэнерго”нинг стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи Эсо Садуллаев 22 август куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Қирғизистондан нега электр энергияси сотиб олаётганига тушунтириш берди.

Амалдор: “Жорий йилда ҳақиқатан ҳам Қирғизистондан суғориш мавсумида электр энергия сотиб олаяпмиз. Бу қишлоқ хўжалик ерларини сув билан таъминлаш ва энерготизим ишини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда”, деб билдирган.

Ўзбекистон 2017 йил 16 июндан Қирғизистондан электр энергиясини сотиб ола бошлади. Шартномага кўра, Ўзбекистонга 1 миллиард 250 миллион киловат - соат электр энергияси етказиб берилади. Бунинг учун Ўзбекистон Қирғизистонга 25 миллион долларга яқин ҳақ тўлайди.

Гап шундаки, Қирғизистонда ёз мавсумида сув омборларига қишда электр энергиясини кўпроқ ишлаб чиқариш мақсадида сув тўпланади ва сув чиқариш миқдори камайтирилади. Бунинг натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистонда сув танқислиги юзага келар эди.

Қозоғистон ҳар йили бундай тақчилликка йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистондан ортиқча электр энергиясини сотиб олади ва шу йўл билан ўз экинзорларига сув келишини кўпайтиради. Бироқ бу сув Ўзбекистон орқали транзит қилинади. Ўзбекистон бундан фойдаланиб, Қозоғистонга чиқарилаётган сувнинг бир қисмини ўзлаштириб олиши норозиликларга сабаб бўлар эди.

2008 йилда Қозоғистон бош вазири ўринбосари Умирзоқ Шукеев Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимовга Ўзбекистоннинг Қозоғистонга сув транзити бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётгани оқибатларидан огоҳлантириш билдирилган ҳукумат телеграммаси юборган. Қозоқ томони ўз телеграммасида Қирғизистондан Қозоғистон учун келаётган сув Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан ўзлаштирилаётганини иддао қилган.

У ўзбекистонлик ҳамкасбини “Дўстиқ” каналидан сув бериш кўпайтирилмаса, Қозоғистон Қирғизистондан электр энергияси қабул қилишни тўхтатиши, натижада Қирғизистон ортиқча сув ўтказмай қўйиши оқибатида нафақат Қозоғистон, балки Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам зарар кўриши тўғрисида огоҳлантирган.

“Ўзбекэнерго” расмийси Эсо Садуллаев 22 август куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида ТошкентCASA-1000 лойиҳасида иштирок этиш масаласини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини, бироқ бу борада қарор қабул қилиш ҳукуматнинг ваколати эканини таъкидлади.

Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳаси минтақа иқтисоди ва экологияси учун ҳалокатли бўлишини билдириб,бир неча йилдан бери қаршилик кўрсатиб келаётган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 170 миллион доллар бўлиб, Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон орқали Покистонга 1222 километр узунликда юқори кучланишли электр тармоғи барпо этилади.

Лойиҳа Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, АҚШ Давлат департаменти, Британия халқаро ҳамкорлик вазирлиги, Австралия халқаро тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилади.

Бу лойиҳа амалга оширилса, Қирғизистон ва Тожикистон йилига 5 миллиард киловатт соат электр энергиясини сотиш имкониятига эга бўлади.

XS
SM
MD
LG