Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Ироқ ҳарбийлари Талафарни ИШИДдан озод қилишга киришди


Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий мамлакат армияси Талафар шаҳрини “Ислом давлати” жангариларидан озод этиш амалиётини бошлаб юборганини билдирди. Талафар жангарилар бошқарувида қолаётган саноқли ҳудудларнинг биридир.

20 август куни эрталаб Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий телевидение орқали чиқишида Талафарни озод этиш амалиёти бошлаб юборилганини таъкидлади.

“ДАИШга (ИШИД - “Ислом давлати” экстермист гуруҳи – таҳр.) айтадиганим, тарк этиш ёки ўлишдан бошқа чора йўқ. Ёки таслим бўласиз, ёки ҳалок бўласиз”, деди ал-Абодий.

18 август куни юқори лавозимли АҚШ ҳарбий етакчилари Ироқ кучлари Талафарни озод этишга тайёрланаётганини билдирган эди. Аввалроқ тўққиз ой давом этган жангдан кейин Мосул шаҳри озод этилган эди.

Мосул жангида тахминан 1400 ироқ ҳарбийси ҳалок бўлган, 7000 нафар аскар жароҳат олган. “Ислом давлати” Мосул шаҳрини 2014 йилда эгаллаб олиб, уни ўзи даъво қилган халифаликнинг Ироқдаги пойтахти, деб эълон қилган эди.

АҚШнинг ироқдаги қўмондони Стивен Таунсенд Иккинчи жаҳон урушида Тинч океанида бўлиб ўтган қонли тўқнашувни назарда тутиб, “Мосулдаги якуний кунлар менга Ивожимани эслатди”, деди.

Аммо Таунсенд ҳукумат кучлари Талафар амалиётини бошлашга етарлича тайёр эканлигини таъкидлади.

Мосулдан 80 км, Сурия билан чегарадан 150 км масофада жойлашган Талафар шаҳри Ироқда ҳалигача “Ислом давлати” бошқарувида қолаётган саноқли ҳудудлардан биридир.

Ироқ расмийларига кўра, шаҳарда 1400-1600 жангари бўлиб, уларнинг аксари хориждан келган.

Ироқ генерали Яҳё Расул ҳукумат кучлари ҳамда шиа кўнгиллилари Талафарни жануб тарафдан, курдларнинг пешмерга жангчилари эса шимол тарафдан қуршаб олганини айтди.

“Мосулдаги тажрибамизни эътиборга оладиган бўлсак, бу амалиёт Мосулдагидан мушкул бўлмайди”, деди генерал.

19 август куни Норвегия қочқинлар кенгаши амалиёт бошланишидан аввал минглаб одам Талафардан курдлар бошқарувидаги ҳудудга қочаётганини билдирди.

Ҳозирда Каркук вилоятидаги Ҳавижа шаҳри ҳамда ғарбий Анбар вилоятидаги айрим ҳудудлар “Ислом давлати” жангарилари бошқарувида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG