Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:25

Абдулла Ариповнинг Бишкекка сафари қирғиз тадбиркорларида умид уйғотди


Ўзбекистон билан чегара ёпилганидан сўнг ҳувиллаб қолган Қорасув бозори.
Ўзбекистон билан чегара ёпилганидан сўнг ҳувиллаб қолган Қорасув бозори.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг 16 августда Бишкекка қилган амалий сафаридан сўнг қирғизистонлик тадбиркорлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар яхшиланади, деган умиддалар.

Боткенлик тадбиркор Жанибек Арзимбетов Совет Иттифоқи тарқалганидан сўнг Ўзбекистонга товар сотиб, у ердан Қирғизистонга маҳсулот олиб келиб бизнес қилар эди. 2005 йилдаги Андижон воқеасидан сўнг Ўзбекистон бир томонлама чегараларини ёпганидан кейин савдо-сотиқ ҳам тўхтаган. Тадбиркорнинг айтишича, ҳозирда Сўх анклави орқали ўтувчи контрабанда йўллари озроқ савдо бўлиб туришига имконият яратмоқда.

- Фақат контрабанда йўли билан олиб ўтамиз. Сўх тумани нимага мухтож бўлса, бу маҳсулотлар Қирғизистондан осонгина киритилади. Масалан, кўмир, озиқ-овқат, ун, ёғ, чорва учун ем-ҳашак контрабанда йўли орқали бўлса ҳам Сўхга олиб кирилади. Бироқ у ердан маҳсулот олиб келиш қийинроқ. Сўхдан бизга гуруч, шакар чиқади, -дейди тадбиркор.

Қирғизистон -Ўзбекистон ўртасида 15та чегара ўтказиш пункти мавжуд. Бу пунктларнинг ўн бири автомашина, тўрттаси темир йўл чегара бекати бўлиб ҳисобланади.

Бугунги кунда бу чегара ўтказиш пунктларидан фақат учтасигина очиқ. Улардан бири бўлган Боткендаги Қадамжой чегара ўтказиш пунктидан автомобиллар қатновига рухсат берилган. Бу чегара пункти орқали Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Сўх ва Шохимардон эксклавларига маҳсулот олиб ўтилади.

Боткеннинг Халмиён ва Алға қишлоқлари азал-азалдан Фарғона, Боткен, Ўш вилоятлари аҳолиси учун асосий савдо-сотиқ маркази бўлиб келган. Бугунги кунда эса Халмиён бозорида чегаралар ёпилгани сабабли савдо сусайган.

Мазкур бозор раҳбари Умсунай Эркинбаева қирғиз-ўзбек чегараси очилиб, аввалгидай эркин савдо олиб бориш имконияти пайдо бўлса, савдогарлар учун яхши бўлар эди, деган фикрда.

- Чегара очилса яхши бўлади. Савдо-сотиқ кучаяди. Халққа яҳши бўларди. Масалан, ҳозир бизнинг бозорда 400 контейнер бўш турибди. Ўзбекистондан мева-чева олиб келиб сотилувчи 400 ўрин бўшаб қолган. Чегара ёпилганидан кейин мингга яқин ўрин бўшаб қолди, у ердан тирикчилик қилаётган одамлар ишсиз қолди. Баъзи одамлар чегарага товар, одам ташиб ишлаш учун насияга машина олишган эди, улар ҳам ишсиз қолиб, кредитларини тўлолмай қийналишди, -дейди Эркинбаева.

Бундай ҳолат Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бошқа ҳудудларида ҳам кузатилади.

Расмий маълумотларда таъкидланишича, 2009 йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 279 миллион 300 минг долларга тенг бўлган. Чегара ёпилганидан кейин, 2011 йили бу кўрсатгич икки баробардан кўпроққа камайиб,132 миллион долларни ташкил қилди. Ўтган йили эса Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 170 млн долларга етди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати бу кўрсаткични 500 млн доларга етказиш ниятида эканини билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG