Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Москва суди Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилишни тўхтатиб қўйди(ВИДЕО)


Али Феруз
Али Феруз

Москва шаҳар суди сешанба кунги қарори билан Россиянинг миграцияга оид қонунларини бузганликда айбланаётган “Новая газета” мухбири Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисидаги аввалги қарор ижросини тўхтатиб қўйди.

Журналистни Россиядан чиқариб юбориш амали унинг аризасини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди кўриб, қарор қабул қилмагунича, бошланмайдиган бўлди. Бу вақт давомида Али Феруз, судья қабул қилган қарорга биноан,қочқинларни сақлаш марказида яшаб туради.

- Басманний туман суди судьясининг 2017 йилнинг 1 августида Нурматов Худойберди Турғуналиевичга нисбатан чиқарган қарори ўзгартирилсин. 2017 йилнинг 4 августида Европа Судининг қарори асосида туман судининг Нурматовни Ўзбекистонга чиқариб юбориш тўғрисидаги бу қарори ижроси Европа судининг мазкур иш юзасидан тафтиши якунига қадар вақтинчалик тўхтатилсин,- дея қарор чиқарди Москва шаҳар суди ҳаками.

Бир неча кун муқаддам Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия маъмурлари олдига Али Ферузни депортация қилмай туриш талабини қўйган эди.

Москвадаги президент маъмурияти биноси олдида 3 август куни фаоллар “Новая газета” мухбири Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилмаслик талаби билан пикет ўтказдилар. Бундай пикетлар Петербург, Вильнюс ва Берлинда ҳам ўтказилгани хабар қилинди.

“Чегара билмас мухбирлар”, Amnesty International ва Human Rights Watch халқаро ташкилотлари ҳам Россия ҳукуматидан Али Ферузни депортация қилмасликни талаб этаётир.

Human Rights Watch ташкилотининг Россиядаги дастурлари раҳбари Таня Локшина:

- Али Феруз 2008 йилда маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан икки кун ушланиб, калтаклангани ва қийноқларга солинганидан сўнг Ўзбекистондан қочиб чиққан. У Ўзбекистонга қайтарилса яна даҳшатли қийноқларга солиниши мумкин. Россия уни Ўзбекистонга қайтармаслиги керак, -деб баёнот берди.

"Новая газета" муҳаррири Дмитрий Муратов эса Али Ферузни Европа давлатларидан бирига олиб чиқиб кетилиши юзасидан музокаралар олиб борилаётганини айтди.

Айни пайтда, Deutsche Welle нашри Худойберди Нурматовга Германия ҳукумати қочқинлик беришга тайёр экани тўғрисида хабар тарқатди.

Жорий йилнинг 1 август куни Москванинг Басманний туман суди “Новая газета”нинг Али Феруз тахаллусга эга ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган журналисти Худойберди Нурматовни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

2 август куни Али Феруз суд қарори ортидан ўз жонига қасд қилгани, аммо журналистни суицидни охирига етказишдан суд ижрочилари тўхтатиб қолгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган Худойберди Нурматов март ойида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб Москвада қўлга олинган эди. У тез орада ҳибсдан озод қилинган. Журналист Ўзбекистонга қайтадиган бўлса у ерда уни террорчи ташкилотга аъзоликда айблашлари мумкинлигини иддао қилмоқда.

Россия ҳукумати Али Ферузга вақтинчалик бошпана беришдан бош тортган.

XS
SM
MD
LG