Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

АҚШ вакили БМТнинг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларини олқишлади


Шимолий Кореянинг қитъалараро “Hwasong-14” баллистик ракетаси
Шимолий Кореянинг қитъалараро “Hwasong-14” баллистик ракетаси

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳэлей ушбу халқаро ташкилотнинг Шимолий Кореяга нисбатан янги санкциялар қўллаш тўғрисидаги қарорини “бир авлод умри давомида ҳар қандай мамлакатга қўлланиши мумкин бўлган энг оғир санкциялар”, деб атади.

Ҳэлей хоним, 5 август кунги чиқишида, кўрилаётган чоралар етарли эмас, “муаммони ҳал қилдик деб ўзимизни овутмай қўя қолайлик, у ҳали-бери ҳал бўладиган муаммо эмас”, деб таъкидлади.

“БМТ Хавфсизлик Кенгаши тўлиқ таркибда Шимолий Корея диктаторига жойини кўрсатиб қўйиш учун йиғилди. Шу дамда кенгашнинг иши билан амали бир бўлди”, Никки Ҳэлей, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили.

АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттерда ушбу санкцияларни мақтаб шарҳ ёзди: “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяга қарши санкция қўллаш учун якдил овоз берди. Хитой билан Россия ҳам биз билан бирга овоз берди. Санкциялар жуда катта молиявий таъсир кўрсатади!”

Оқ Уй тарқатган баёнотда айтилишича, “Президент ушбу қарор қабул қилинишида Хитой билан Россия ҳамкорлик қилганини юксак қадрлайди”.

Пхеньян июль ойида иккита қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказгандан сўнг БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяга нисбатан кескин санкцияларни қўллаш учун якдиллик билан овоз берди. Ушбу мамлакат вакиллари қитъалараро ракета АҚШнинг исталган ҳудудига учиб бора олишини иддао қилган эди.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Канг Кюнг-ва билан Филиппинда бўлиб ўтаётган минтақавий саммит доирасидаги учрашуви чоғида БМТ санкцияларини “жуда яхши натижа”, деб айтди.

Айни чоғда Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йион шимолий кореялик ҳамкасбини БМТ санкцияларини бажариш ва “халқаро ҳамжамият”ни менсимасликни бас қилишга чақирди. Шу билан бирга у Қўшма Штатлар билан Жанубий Корея “кучайиб бораётган тангликка барҳам бериш”и ва барча томонлар музокараларни қайта бошлаши кераклигини таъкидлади.

Шимолий Кореяга нисбатан АҚШ тайёрлаган санкцияларнинг асосий банди ушбу мамлакатдан кўмир, темир, қўрғошин, денгиз маҳсулотлари экспортини ва барча мамлакатларнинг у ерга маҳсулот импорт қилишини тақиқлашдан ибортадир.

Ҳисоб-китобларга қараганда, ушбу товарлар экспорти ҳар йили Шимолий Кореяга 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида эркин муомаладаги валюта олиб келаётган эди.Бу мамлакат экспортининг учдан бир қисмини ташкил қилади.

Бундан ташқари, БМТ ХКнинг ушбу қарори дунёнинг бошқа мамлакатларига Шимолий Корея ишчиларини ёллашини, ушбу мамлакатда қўшма корхоналар ташкил этишни ва қўшпма корхоналарга сармоя ётқизишни тақиқлайди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши барча 15 нафар аъзосининг санкцияларни қўллашидан мақсад Шимолий Корея ядро ва ракета дастурлари бўйича музокара столига қайтиши учун босим ўтказишдир.

Пхеньян эса қуроллар дастури АҚШнинг тажовузига қарши туриш учун зарурлигини айтмоқда.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензянинг огоҳлантиришича, “санкциялар бир-бирдан мақсад бўла олмайди”, улар Жанубий Кореяни музокарага жалб қилиш воситаси бўлмоғи лозим.

XS
SM
MD
LG