Тошкентдаги Кун уз сайти таниқли иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Kommersant.uz сайтида эълон қилинган “Ўзбек иқтисодий модели: асотирлар ва ҳақиқат” мақоласидан кўчирмаларни эълон қилар экан, мақолада “ўтмишда юртимизда юритилган хато иқтисодий сиёсат ҳақида фикр юритилади", деб ёзди.
Юлий Юсупов ўз мақоласида “1996 йили ёз-куз ойларида Ўзбекистонда валюта ресурсларини чеклаш ва уни асосан инвестицион лойиҳаларга йўналтириш механизми жорий этилганига ҳам 21 йил бўлибди. Бу иқтисодий ривожланишнинг «Ўзбек модели» шаклланишининг ибтидоси эди”, деб ёзган.
Муаллиф мақоласи давомида:
“Кичикроқ сирни очамиз: аслида ҳеч қандай «Ўзбек модели» мавжуд эмас. Бундай ёндашувлар турли даврларда турли давлатлар томонидан қўллаб кўрилган. Айниқса, бу модел 1950-70 йилларда СССР билан «дўстлик»ка асосланган ривожланаётган социалистик давлатлар ўртасида машҳур бўлган. Машҳур иқтисодчи Эрнандо де Сото бу моделни меркантилизм деб атайди ва ундан ҳозирда иқтисодиёти ривожланган давлатлар ҳам ўтмишда фойдаланганини таъкидлайди. Лекин мамлакат меркантилизмдан қанчалик тез воз кечган бўлса, кейинчалик у шунчалик тезроқ ривожланган”, деб таъкидлаган.
Муаллиф “Ўзбек модели” ўзини қай даражада оқлаганини.”очиқ миллий ва халқаро статистика”га таянган ҳолда текшириб кўришни таклиф қилади.
2015 йил учун аҳоли жон бошига ЯМД (ялпи миллий даромад), АҚШ долларида:
Юлий Юсуповга кўра: “...ЯМД Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий айрибошлаш курсига нисбатан шакллантирилган. Агар у (ҳаққоний) бозор курси бўйича ҳисобланса ЯМДни деярли 2 га бўлишга тўғри келади”.
Шу ўринда Юлий Юсупов сўмнинг долларга нисбатан қийматини бозор курсида ҳисоблаб чиқилагиндан кейин тўланадиган ойлик иш ҳақи миқдори тўғрисидаги маълумотларни келтирган.
“Афтидан, тезкор саноатлаштириш сиёсати бизнинг давлатимизга тезда бойиш имконини бермаганга ўхшайди. Аксинча, қаралаётган давлатлар ичида бизнинг ўртача даромадларимиз энг пастларидан бири бўлиб турибди”, деб ёзади муаллиф.
Юлий Юсупов “Ўзбек модели”нинг муваффақиятсизлиги сабаблари ҳақида гапирар экан, бунинг сабабини “бозор ислоҳотлари амалда музлатиб қўйилган”и билан изоҳлайди.
Мақола якунида иқтисодчи тараққиётга эришиш учун “иқтисодий ривожланишнинг меркантилистик моделидан воз кечишимиз керак”, деб таъкидлайди.