Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Қирғизистонлик блогер: Ўзбек ёшлари ўқимай қўйганининг 3 асосий сабаби бор


Шермуҳаммад Абдуғофуров, қирғизистонлик блогер.
Шермуҳаммад Абдуғофуров, қирғизистонлик блогер.

Хуқуқ ҳимоячилари 2010-йилдаги Июнь воқеаларидан кейин қирғизстонлик ўзбек ёшларининг жамиятга интеграция булиши ночорлаб, билим олишга, ривожланишга интилиши ортга кетганини айтиб келишади. Бу муаммо ўзбек блогосферасида ҳам бот-бот кўтарилиб туради. Қирғизстонлик ўзбек блогер, Жалолобод вилояти Сузоқ туманида яшайдиган Шермуҳаммад Абдуғофуров билан бу борада Озодлик радиосининг қирғиз хизмати журналисти Санжар Эралиев суҳбатлашди.

Қирғизистонлик блоггер Шермухаммад Абдуғофуров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:31 0:00
Бевосита линк

- Қирғизстондаги ўзбек ёшларининг билим олишга интилиши, умуман жамиятга интеграция бўлиши ўзбек блогосферасида кўпинча танқидий фикрлар билан ёритилади. Бу борада сизнинг фикрингиз қанақа?

- Қирғизистондаги бошқа жойларни билмадиму, лекин, мен яшайдиган жойдаги ўзбек ёшларини билимга чанқоқ, деб атамаган бўлар эдим. 9-синфни битиргани ҳақидаги гувоҳнома олиш учун амаллаб келиб-кетиб, ҳужжат қўлига тегиши биланоқ Россияга жўнайдиганлари ҳам анчагина. Мактабларда 9-синфгача 2-3 синф комплекти бўлса, 10-синфга базўр битта синфга яраша ўқувчи тўпланмоқда.

Сабаблар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар анчагина. Асосий 2-3 сабабни айтиб ўтишим мумкин.

Биринчидан, ўқиганим билан қаерда ҳам ишлардим, деган саволга жавоби йўқ уларнинг. Кўряптики, 5 йил умрини сарфлаб ўқиганлар ҳам, ё ойликнинг озлигига чидолмай, ё умуман иш тополмай, барибир, ўша Россияга кетишга мажбур бўляпти. Барибир охир-оқибат Россияга борганимдан кейин 5 йил ўқишда вақт ўтказиб нима қиламан, дейишади. 5 йил ўқиб мактабда мактабда, банкда ёки яна бошқа жойда ишлаб 10000 сўм (1USD=70KGS) атрофида ойлик олиб юрган одамнинг 9-синфни аранг тамомлаган синфдоши ҳар ойда уйига 40-50 минг рублдан пул жўнатётганини, машина олаётганини, уй қураётганини кўрганидан кейин, ўқиб мен ким бўлдиму, фамилиясини тўғри ёзишни билмайдиган фалончиев ким бўлди, деган саволни ўзига бериши табиий.

Иккинчидан, ўзбек мактабларидаги таълим сифатини ҳам юқори деб бўлмайди. Кучли ўқитувчилар бирин-кетин пенсияга чиқиб кетяпти, ёшлардан уларнинг ўрнини босадиган кучли ўқитувчи етишиб чиқмаяпти. Оддий Word’да ишлашни билмайдиган информатика ўқитувчиларини ҳам, афсуски, кўрдим. Умуман ўқитувчилик касби “мода” эмас ҳозир. Мактабда ишлаётган яхши ўқитувчиларнинг кўпчилиги тузукроқ имконият бўлса, ўша куниёқ мактабдан кетишга тайёр.

Учинчидан, тил масаласи. Ўзбек мактабини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларнинг аксари қирғиз ва рус тилларини яхши билмайди. Умумреспублика тести эса фақат қирғиз ва рус тилларида ўтказилади. Шундай экан, ўқишга киришни аввалдан режалаштирган ўқувчиларнинг кўпчилиги 9-синфдан уёғини, асосан, рус мактабларида давом эттирмоқда. Ҳам тил ўрганади, ҳам тестга яхшироқ тайёрланиш имконияти бор. Ўзи ўзбек мактаблари масаласини яхшилаб ўйлаб кўриш керак, менимча. Балки, бу мактабларни ўзбек тили ва адабиёти чуқур ўргатиладиган рус ёки қирғиз мактабларга айлантириш мақсадга мувофиқдир... Билмадим...

- Диний-экстремистик ташкилотларга қўшилган қирғизстонликларнинг кўпини ўзбек миллатига мансуб ёшлар тузади, деган маълумотлар бор. Бунинг сабабларини нимада кўрасиз.

- Иккинчи саволга жавоб биринчи саволдан келиб чиқади. Ўқимаган болани турли йўлларга оғдириш ҳам осонроқ. Эстремизм ёки терроризмда айбланаётганларнинг аксари Россияда ишлаётган ёшлар экани бунга исбот бўлса керак. Қолаверса, диний таълим-тарбия масаласиям кўнгилдагидек эмас. Арабча нарсани кўрсак, Ислом деб кетаверадиган одатимиз ҳам йўқ эмас. Ёшларимиз Саудия, Покистон ёки Туркиядан келган одамга кўр-кўрона эргашиб кетавермай, ўзимизнинг диний уламоларга эргашишса, яхши бўларди. Ўз навбатида диний уламоларимиз ҳам ёшлар орасида тушунтириш ишларини кучайтириши керак. Умуман олганда, аста-секин бу ишлар бўлмоқда ҳам. Қолаверса, Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитасининг саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда анча экстремистик ва террористик ғояларни тарғиб қилаётган одамлар қўлга олинаётгани сир эмас.

Ҳозирги гапимни балки кўпчилик нотўғри тушунар, лекин, назаримда диндорлик даражаси керагидан ортиб кетгандек. Қизларни ўқитмаслик (баъзи ҳолларда умуман уйдан чиқармаслик), уларни жуда ёш турмушга бериш, араб ва покистонликларнинг кийинишига тақлид қилиш каби нарсалар кўпайиб кетди. Эшитишимча, бу қанчалик ҳақиқатга яқин, билмадиму, баъзи жойларда рўмол ўрамайдиган хотин-қизларга, масжидга чиқмайдиган эркакларга маҳалла босим ҳам ўтказмоқда экан. Қирғизистон дунёвий давлат бўлганидан кейин, дунёвий давлат қонун-қоидаларидан четга чиқмай яшасак яхши бўларди, менимча.

- Ўзбек ёшларининг жамиятга интеграция бўлиш борасидаги муаммоларига хуқуқ химоячилари 2010-йилдаги Июнь воқеасини мисол қилишади. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?

- Албатта, 2010-йилдаги воқеалардан кейин ўзбек ёшларида тушкунлик, умидсизлик кайфияти кучли бўлган. Ўзимдан мисол қиладиган бўлсам, мен ҳам “Бу ерда керагим йўқ экан, иложини қилиб, бирор жойга кетиш керак”, деган кайфиятда юрганман. Лекин Қирғизстоннинг турли ҳудудларида дўстлар ва кўп миллатли коллективнинг ёрдамида у кайфиятдан чиқиб кетдим. Ўша воқалар туфайли, балки баъзи ёшларда ўқиганим билан бу ерда иш топа омлайман, деб ўйлаган бўлиши мумкин. Россияга бориб, фуқаролик олиб қолиб кетаман, деган фикр бўлган, айримлари шундай қилишди. Ота-оналар ўзлари ҳам 2010-2011-йилларда шундай қилишди. Яхши, бу вақтинчалик ҳолат бўлиб чиқди. Ҳозир мен таниган ёш йигит-қизлар ўқишларга киряпти, ишга ўрнашяпти. Менимча, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар ва сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари ўзбек ёшларни сафига тортса, менимча Қирғизстон учун фойда бўлади.

- Энди ўзингиз ҳақингизда гаплашайлик. Ўзбек тилли блогерлар орасида машҳурсиз. Ўзбек блогерлари орасида бир танловда ғолиб ҳам бўлгандингиз. Ҳозир фаолиятингиз қандай кетяпти?

- Ҳа, 2012 йилдан бери блогерлик қиламан. Нима сабаб бўлди, ҳозир эсимда йўқ, лекин блогим, асосан, Ўзбекистон ҳақидаги блог бўлиб кетди. Ўзбекистондаги муаммолар, халқаро воқеаларнинг Ўзбекистонга таъсири, ўзбек блогосфераси ва ижтимоий тармоқлардаги мавзулар ҳақида ёздим, асосан. Бунга бир тарафдан Қирғизистон ва Ўзбекистондаги сўз эркинлиги даражаси ҳам сабаб. Ўзбекистон ҳақида Ўзбекистондан туриб ёзиш доим ҳам хавфсиз эмас, яъни блогосферадаги бозорнинг маълум бир қисми бўш эди. 2014 йили ўтказилган илк ўзбек блогерлари танловида 3- ўринни олишга ҳам эришдим. 2015 йилги танловда бир қатор чекловлар киргизилди, фақат Ўзбекистон фуқаролари қатнашиши мумкин бўлиб қолгани учун, қатнашолмадим. Ҳозир блогерлик фаолиятим анча сустлашган. Бир тарафдан иш кўп, вақт оз. Қолаверса, 2016 йилнинг октябр, ноябр ойларида, адашмасам, блогим Ўзбекистонда очилмай қолди. Техник носозлик бўлса керак, деган ўйда янги домен, янги хостинг олиб блогни кўчирдим. Орадан кўп ўтмай, янги блог ҳам Ўзбекистонда очилмай қолди. Шундан билдимки, блог Ўзбекистонда “блокировка” қилинган. Турган гапки, бунинг сабаби менга қоронғу. ОАВ анчагина тор “рамка”да ишлаган Ислом Каримов даврида эмас, ўзбек янгилик сайтлари анча эркин ишлай бошлаган, Хьюман Райтс Вотч, Би-Би-Си Ўзбек хизмати қайтиши кутилаётган янги даврда блок қилинганим, мен учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Умуман, менинг кунига ўртача 150-200 одам кирадиган блогим нима ҳавф туғдирган бўлиши мумкинлиги ҳам қоронғу. Буни “камтарона меҳнатларимга берилган юқори баҳо” сифатида қабул қилиб қўя қолдим. Балки “Озодлик”даги интервьюни ўқиб, блогимни очишар...

XS
SM
MD
LG