Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:48

Петербургда содир бўлган ёнғинда ўлган 7 ўзбекнинг исмлари маълум бўлди (ВИДЕО)


Воқеа жойида олинган сурат (Санкт-Петербург ФВВ Бошқармаси тақдим этди)
Воқеа жойида олинган сурат (Санкт-Петербург ФВВ Бошқармаси тақдим этди)

Санкт-Петербургнинг Колпино туманидаги саноат зонаси ҳудудида 13 июлга ўтар кечаси ёниб кетган ангардан 7 кишининг жасади топилди. ТАСС агентлиги ўлганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ватандошлари эканини хабар қилди. Озодлик ўз манбаларидан ўлганлар орасида Рўзмат Х., Сураж Ҳ., Илёс Б., Зоир О., Шаҳзод Я., Юнус Б. ва Ўткир исмли ўзбекистонликлар бўлиши мумкинлигини аниқлади.​

Петербургнинг Колпино тумани Загородная кўчасида жойлашган саноат зонаси ҳудудида 13 июлга ўтар кечаси содир бўлган ёнғин оқибатида қулаб тушган иморатни тозалаган қутқарувчи ва ўт ўчирувчилар ангар вайроналари остидан таниб бўлмас даражада ёниб кетган 7 жасадни топди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Санкт-Петербург шаҳар бошқармаси расмийси ангар тонгги соат 4 ларда ёна бошлаганини билдирди:

- Ўт ўчирувчи қисмлар ўз вақтида етиб келди. Ҳодиса жойида 15х40 метр кенгликдаги ангар ёнаётгани аниқланди. Қурилма қисман қулаб тушди. Олов соат 4:56да ўчирилди. Ўтни ўчириш ва тозалаш пайтида ангардан 7 мурда топилди, деди Дмитрий Лёгенкий.

Ангардаги одамлар ўлими юзасидан Петербург Тергов Қўмитаси жиноят иш қўзғади.

​YouTube тармоғида ҳодиса гувоҳлари видеоёзувлари пайдо бўлди:

ТАСС ахборот агентлиги Колпинодаги ўтда куйганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ватандошлари эканини хабар қилди.

- Ангарда ҳаммаси бўлиб етти киши бўлган, буни нобуд бўлганлар ишлаган компания директори ҳам тасдиқлади. Барчаси Ўзбекистон ватандошлари эди, деди агентликка исми ошкор қилинмаган манба.

У ўлганлар ҳақида маълумот Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасига топширилганини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик бу фалокат юзасидан шаҳар Тергов қўмитасига изоҳ сўраб мурожаат қилди. Идора навбатчи офицери жасадлар куйиб кетгани боис уларнинг у ёки бу мамлакат ватандоши экани тўғрисидаги хулосалар генетик экспертизадан кейин эълон қилинишини билдирди:

- Уларнинг шахси ҳозирча аниқланмади. Гап шундаки, таналар куйиб кетган ва “аниқланмаган шахслар” сифатида қолмоқда. Тўғри, уларнинг кимлиги борасида дастлабки маълумотлар бор, аммо таналарни идентификация қилиш бўйича генетик экспертиза хулосаси чиқмагунча сизга ҳеч ким аниқ маълумот бера олмайди, деди Петербург Тергов қўмитаси вакили.

Петербург Тергов қўмитаси навбатчиси маълумоти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:33 0:00
Бевосита линк

Мулозим ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 109- моддаси 3- қисми асосида (Эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) жиноий иш очганини билдирди. Айбдорлар аниқланса, 4 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Озодликка маълум бўлишича, ўзбекистонлик экани айтилаётган йигитлар бу ангарда тротуар плиткасини ишлаб чиқарган: уларнинг ётоғи ҳам шу бино ичкарисида бўлган.

Ўт ўчирувчилар ёнғин чиқишига носоз электр тармоқ сабаб бўлгани, ёнғин кўтарилганда ухлаб ётган ишчилар тутундан заҳарланиб ўлганини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG