Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Россияда ўзбек муҳожири чўкаётган болани қутқарди, ўзи денгизга ғарқ бўлди


11 июл куни Россиянинг Новороссийск шаҳрида сувга чўкиб кетган 21 яшар Ўзбекистон ватандоши жасади топилди. Тергов қўмитасида ўзбек муҳожири денгиз тўлқинлари тортиб кетган 12 яшар болани қутқариб қолгани, аммо ўзи сувдан чиқа олмаганини билдиришди.

Фалокат 2017 йилнинг 10 июлида Краснодар вилояти Новороссийск шаҳридаги чўмилиш учун тақиқланган Сужук бурни яқинида содир бўлди.

Ўзбекистонлик муҳожир ўлими юзасидан терговни олиб бораётган Новороссийск шаҳар Тергов Қўмитаси катта терговчиси Дмитрий Кириченко Озодликка ҳодиса тафсилотларини сўзлаб берди.

У 1996 ва 1997 йилда туғилган икки ўзбекистонлик қурувчи 12 ёшли бола ҳамроҳлигида бурун бўйлаб қумлоқ саёзликдан уша ерда жойлашган оролчага ўтмоқчи бўлганини гапиради:

- Бу йигитлар Ўзбекистондан ишлагани келган. Улар бетончи бўлиб ишлаб келишган – ичмайди, чекмайди, жуда ажойиб меҳнаткаш йигитлар. Шу атрофда кетаётган кўп қаватли турар-жой биноси қурилишида ишлаган, ётоқхонада турган. Мен ҳужжатларини текширдим - қайд қоғози, меҳнат шартномаси, суғурта ҳужжатлари жой-жойида. Иш куни тугаганидан кейин улар чўмилишга чиққан ва ўзлари билан 12 яшар маҳаллий ошпазнинг ўғилчасини олган. Улар аввалига шаҳар пляжида чўмилган, кейин негадир хавфли Сужук бурни томон йўл олган ва оролга ўтган, дейди терговчи.

Йигитлар оролга ўтиб, томоша қилиб турган вақтда қаттиқ шамол кўтарилган ва ортга қайтишга қарор қилгани маълум бўлди.

“Орқага қайтаётганда катта тўлқин 12 яшар болани денгизга тортиб кетган”, дея давом этади Тергов қўмитаси вакили.

- 1996 йилда туғилган ўзбекистонлик йигитимиз жуда бақувват бўлган, спорт билан шуғулланган экан. У сувга тушиб болани қутқариб қолди, аммо ўзи денгизда ғарқ бўлди. Бу ҳодиса тахминан кечки 6-7ларда содир бўлди. Мен бошчилигимда оператив гуруҳ дарҳол ҳодиса жойига етиб бордик ва уни қидиришга тушдик. Биз қутқарувчилар ишини ташкиллаштирдик. Аммо, қаттиқ шамол ва тўлқинлар ҳамда тушган қоронғуда қидирув ишларини кейинги кунга қолдиришга мажбур бўлдик. Тонг саҳарлаб, эрталабки 5ларда, “Кубаньспас” ташкилоти қутқарувчилари яна иш бошлади ва жасадни соат 6:45ларда 5 метр чуқурликда аниқлади, деди Дмитрий Кириченко.

Суҳбатдош ўлган йигитнинг яқинларидан Новороссийскда амакиси борлиги, отаси йўқлигини билдирди. У ўзбекистонликнинг онаси ҳалигача унинг ўлимидан бехабар эканини инобатга олиб, йигитнинг исмини ошкор қилмасликни сўради.

Терговчи билан суҳбатдан нобуд бўлган муҳожир йигит Қашқадарёдан бўлиши мумкинлиги аниқланди.

Дмитрий Кириченко ҳозирда жасад шаҳар моргига экспертиза учун жўнатилгани ва суд-тиббий хулоса чиқарилса, Ўзбекистонга юборилишини маълум қилди.

Қутқарилган ошпазнинг ўғли ҳозирда реанимацияда экани ва унинг соғлиги хатар остида эмаслиги айтилди.

Терговчи Дмитрий Кириченко билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:03 0:00
Бевосита линк

Озодлик Новороссийск шаҳрида ўзбеклар асосан қурилиш ишларида ишлашини аниқлади.

Сужук бурни яқинидаги қурилишлардан бирида ишловчи Дилшодбек олдинроқ ҳам муҳожир бир йигит маҳаллий кишини қутқариб қолганини Озодлик билан суҳбатда эслади.

- Муҳожирлар асосан қурилишда ишлайди. Таксичилар ҳам кўп эди, аммо қонун чиққанидан кейин таксичилик тўхтади. Цемент заводи каби иншоотларда кунбайига ўзбек муҳожирлари ишлайди. Новороссийскда асосан катта қурилишда ишлайди бизникилар. Бир ойча бўлиб қолди чўмилиш сезони олчилганига, одам тўла пляжда. Қурилишлар асосан денгиз бўйида бўлгани учун ишчилар кечки салқинда чўмилишга тушади. Белгилаб қўйган хавфсиз жойи бор – қолган жойи чуқур роса. Яқинда ўзимизни шерикларимиздан бири чўкиб кетаётган одамни қутқариб олганини эшитган эдим, деди Дилшодбек.

XS
SM
MD
LG