Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Муҳожиратдаги чемпион: Имкон берилса, ҳозироқ Ўзбекистонга қайтаман!


2004 йилда дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган 31 яшар Нодира Ражабова Озодлик билан суҳбатда шу кунларда Москвада кекса ногирон кампирга боқувчилик қилиб¸ Ўзбекистонда қолган 5 кишилик оилани ёлғиз боқаётгани, аммо маҳалла қўмитаси ўзини уйига қайтариш учун босим ўтказаëтганини айтади.

OzodMikrofonга гапирган Нодира Ражабовага кўра, Ўзбекистонга қайтса, 72 яшар хаста кампирни ёлғиз қолдириш мумкин эмаслиги боис¸ Москвадаги ишидан айрилиши мумкин.

Бу ишдан ажралиш эса¸ Нодира таъкидича¸ Навоийнинг Кармана туманида яшаётган ногирон отаси, уй бекаси бўлган онаси, иш тополмай юрган укаси ва 6 яшар боқиб олган боласи учун тирикчиликнинг асосий манбаси йўқолганини антлатади.

Ногирон отага пенсия

31 яшар Нодиранинг айтишича, отаси автоҳалокатга учраб, 1-гуруҳ ногиронига айлангач, оиланинг таъминоти тўлиғича тўнғич фарзанд бўлгани боис¸ ўз зиммасига тушган.

Нодира Озодликка ўз тақдиридан шикоят қилиш эмас¸ балки ногирон отасига пенсия пули берилмаётганини айтиш учун боғланганини таъкидлайди:

- Ўша авариядан кейин отам ишхонасида йиқилиб тушиб, аварияда жароҳат олган оёғидан яна лат еган. Шундан бери ҳаr 6 ойда бир операция қилиб, суяк ичига йиғиладиган йирингни олдириб туриши керак. Шу аҳволдаги одамнинг пенсиясини фақат икки йил бериб, тўхтатиб қўйишди. Югур-югур қилиб, яна тўғирлади. Озгина бериб, яна тўхтатишди. Ҳозир президент бошқа бўлди¸ бориб кўринг, балки берар, дедим. Беришмади ҳалиям. Президент порталига ёздик – жавоб йўқ, - дейди Нодира.

Ишсиз укага иш

Нодиранинг айтишича, Москвада боқувчилик қилиб юрган пайтида зинадан йиқилиб, ўзининг ҳам оёғи синган.

Ўшанда ишидан айрилмаслик учун ўрнига Ўзбекистонда ишлик бўлган укасини чақирган:

- Бу ерга икки ойга, деб келган эди. Лекин уч ой қолиб кетди. Қайтиб борса, Навоийдаги заводнинг отдел-кадр бўлими: “Россияда ишлабсан, сенга иш йўқ”, деб иш беришмаяпти. Энди уям ишсиз. Мен телефон қилдим, ҳар 6 ойда унга айтаман, бориб кўр-чи, ўзгариш бордир, деб. Йўқ, ҳалиям иш йўқ. Бўлмаса, мутахассислиги бор, ҳунари бор, аввал ишлаган бола. Нега иш беришмайди - тушунмайман, - дейди Нодира.

Васийликка олинган бола

Нодира 6 яшар болани боқиб олгани, унинг таъминоти ҳам ўз зиммасида эканини айтади:

- Мен спорт билан шуғулланиб юрган пайтимда оғир жароҳат олганман ва бачадонимни олдириб ташлашган мажбур бўлганман. Кейин бир ўғил асраб олганман, ҳозир 6 ёшга кирди. Уни ҳам ўзим боқаман. Ота-онам, ишсиз укам, шу болам – шуларга ойида 400-300 доллар пул жўнатиб, учма-уч боқаяпман. Энди маҳалла раиси мени Ўзбекистонга қайт, деяпти. Мен борсам, ишимдан айриламан,- дейди Нодира.

Маҳалладан суриштирув

Нодира Ражабовага кўра, Кармана туманидаги маҳалласида у 2011 йилда Россияга ишлагани кетган ва 5 йилдан Ўзбекистонга қайтмаган фуқаро сифатида рўйхатга олинган:

- Ҳозир энди маҳалла қўмитаси мен қайтсин, деяпти экан. Бориб, бутун аҳволимни тушунтириб, тушунтириш хати ёзиб, суҳбатдан ўтиб, яна Москвага қайтишим мумкин экан. Лекин, биринчидан бориш-келиш билетимга пул муаммо. Иккинчидан, бу ишимни ташлаб кетолмайман. Ишсииз қолсам, улар менга иш топиб бера оладими? Укамга иш бергани йўқку ҳали?! – дейди Нодира.

Эрта сўнган чемпион

Айтишича, Нодира Ражабова 2004 йилда дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Спортда унинг юлдузи порлаб келаётган бир пайтда оиласининг ягона боқувчиси бўлган отаси автоҳалокатга учраган:

- Ўшандан бошлаб, мен ҳамма томонидан ортга кетганман. Спортга ҳам, ўқишга ҳам етишолмай қолганман. Бўлмаса, Тошкентдаги Иқтисодиёт институтида ўқиётган эдим. Мени қайта-қайта спoртга чақиришган. Лекин ўшанда оилани боқишга мажбур бўлиб қолган эдим. Ҳозиргача ҳам шу аҳволдан чиқолмадим. Лекин, ўзимга ишонаман, руҳан синмадим ҳали. Агар менга халақит беришмаса, мен пул топиб, бу аҳволдан чиқиб кетаман. Лекин, ярим йилдан бери маҳалла руҳан эзиб ташлади – қайтсин, келсин, деб, - дейди Нодира.

Президентга мурожаат:

- Президентимиз янги бўлдилар, ёшларга шунча шароит қилаяптилар. Ҳурсанд бўламан. Агар, бизга ўхшаганларга, масалан, менга ҳам юртимизда иш бўлса, мен ҳозир кетардим. Отамга пенсия беришса, укамни ўз ишига қайтиб олишса, менга ҳам соҳам бўйича иш бўлса – жон деб кетардим. Боламни ўзим тарбия қилардим, шу юртга хизмат қиладиган фарзанд қилардим! – дея орзу қилди Нодира Ражабова.

Қуйида Нодира Ражабова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистон чемпиони: 5 кишини боқиш учун Москвада боқувчиман!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:24 0:00
Бевосита линк

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукнига бўлган мурожаатлар мазмуни учун Озодлик таҳририяти масъул эмас. Бу рукн муштарийларга ўз фикрини эркин ифода қилиши учун берилган минбардир!

XS
SM
MD
LG