Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича навбатдаги музокаралар якунланди
Андижонда 25 июнь куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича комиссия ишчи гуруҳининг навбатдаги музоқаралари якунланди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 26 июнь куни билдиришича, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудлардаги “чегараларни муҳокама қилиш мураккаблиги сабабли ўзаро келишувга биноан музокаралар ўтказиш, қўшма дала текширувлари ва геодезиявий ҳисоблаш ишлари муддати икки кунга чўзилган”.
Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар ўтган йилнинг кузидан бошлаб фаоллашган эди. Ўшандан бери томонлар ҳар ойда ўн кундан учрашувларни ўтказиб келадилар.
Кун янгиликлари
Хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда маълум қилган қуйи палата матбуот хизмати бу янги парламентга киритилган илк лойиҳа эканига эътибор қаратган.
“Адолат” ва Экологик партиялари томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштириш, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни тақиқлаш назарда тутилмоқда.
Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилмоқда.
Депутатлар ўрганишларида аниқлашича, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Истироҳат боғлари ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бораётгани натижада боғлар ҳудуди қисқариб бормоқда.
Фаоллар истироҳат боғлари, сайилгоҳлар билан бирга таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштиришни ҳам қонун даражасида тақиқлашни талаб қилиб келмоқда.
Сурхондарёда cаррофни ўлдирган шахс қарийб 20 йилга қамалди
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 40 ёшли эркак сарроф танишини уриб ўлдирган. Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди ушбу қотилликда айбланган фуқарога 19 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Gazeta.uz нашрининг суд ҳужжатларига таянган ҳолда ёзишича, судланувчи 2024 йилнинг апрель ойида Денов туманида пул айирбошлаш билан шуғулланувчи танишини уйига чақириб, 2000 доллар пулини сўмга алмаштирмоқчи эканини айтган.
https://www.gazeta.uz/oz/2024/11/25/surxondaryo/
Фуқаро таниши ёнида пул билан келганига ишонч ҳосил қилгач, уни ёғоч даста билан шафқатсизларча калтаклаб ўлдирган.
Жароҳатлар сабаб вафот этган жабрланувчини гиламга ўраб, ҳовлисидаги чуқурга кўмиб қўйган. Унга тегишли 139 миллион сўм пулни эса ўзлаштирган.
Суд мажлисида эркак айбига тўлиқ иқрор экани, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Шунингдек, у таниши томонидан камситилгани ортидан қотиллик қилганини айтган.
Айблов томонига кўра эса, фуқаро саррофнинг пулларини ўзлаштириш мақсадида жиноятга қўл урган.
Судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и”, “c” банди, (ўта хавфли рецидивист томонидан тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-модданинг 4-қисми “б” банди (ўта хавфли рецидивист томонидан босқинчилик) ва 226-модданинг “а” бандида (маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида ўз истиқомат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
Бунгача ҳам 3 маротаба судланган айбланувчи “ўта хавфли рецидивист” деб эълон қилинган.
Туркияда яширинган ўзбекистонликларни ушлаш тадбирлари кучайтирилади
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниши ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси томонидан тарқатилган хабарномада сўз борган.
Қайд этилишича, биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида қардош давлат ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчи қўлга олинган ва одил судлов ҳукмига ҳавола этилган.
Дипломатик ваколатхонага кўра, “икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш янада самарали кўринишга эга бўлмоқда”.
Консуллик бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилиши, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилишини урғулаган.
Истанбулдаги бош консулхона “қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш” эканини эслатган.
Озодлик жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерлиқая ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилгани ҳақида хабар қилганди. Ушбу ташриф якунида Тошкент ва Анқара расмийлари икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида муносабатларни институционаллаштириш, очиқ қолаётган ҳуқуқий масалаларни тартибга солишга доир келишувлар имзоланган.
Саратонга чалинган аёллар бепул даволанади
Ўзбекистонда 30-65 ёшдаги аёллар ҳар икки йилда тиббий кўрикдан ўтказилади ва онкологик касалликка чалингани аниқланган беморларни ташхислаш, даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 22 ноябрь куни имзоланган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаёқ мазкур ёш гуруҳига мансуб аёлларнинг электрон базасини шакллантириш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, президент қарорига мувофиқ, ҳар йили 30-50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги ўтказилади.
2025 йил 1 январидан бошлаб:
• онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобил ва стационар маммографлар ишини иккита сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;
• маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;
• одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;
• бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.
2025 йил 1 майига қадар эса бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш ҳамда скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизимлари жорий этилади.
Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача 20-25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили 1600 нафарга яқин аёл бачадон бўйни саратони ташхиси билан рўйхатга олинади, 600 га яқин аёл ундан вафот этади.
Кўкрак бези саратони ҳам саратоннинг аёлларда энг кенг тарқалган шаклидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, биргина 2020 йилда Ўзбекистонда 4454 та янги касаллик қайд этилган ва 2067 нафар аёл ушбу касалликдан вафот этган.
Пахта маҳсулотлари савдосида манипуляция қилган корхонага чора кўрилди
Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган “Payariq Claster” МЧЖ пахта маҳсулотлари cавдосида манипуляция ҳаракатларини содир этгани аниқланди, дея маълум қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Ушбу корхона 2022 йилда 259,1 тонна пахта ёғи, 890,5 тонна пахта шроти ва 418,9 тонна пахта шелухаси, 2023 йилда эса 2250 тонна техник чигитни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотган. Ушбу маҳсулотлар биржада сотилмагани оқибатида юқори нарх қўлланиб, жами 1,9 миллиард сўмга яқин миқдорда тафовут вужудга келган.
Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари билан корхонага нисбатан иш қўзғатилган ва тегишли таъсир чораси қўлланган.
Рақобат қўмитаси ахборотида манипуляцияга йўл қўйган МЧЖга айнан қандай чора қўллангани очиқланмаган.
Қўмита қайдича, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Kun.uz нашри жорий йил сентябрь ойида Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳудуддаги фермерларни пахта нархини 6800 сўмгача пасайтиришга мажбурлаётгани ҳақида хабар қилганди. Бошқарма пахтанинг бир килограммини 8-9 минг сўмдан етказиб бериш бўйича аввал тузилган шартномалар бекор қилинишини ҳам айтган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу хабарни рад этганди. Айни пайтда вазирлик “жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талаб ва таклифнинг ўзгариши натижасида Ўзбекистонда 2024 йилги ҳосилдан пахтанинг жорий нархлари прогноз нархларга нисбатан арзонлашгани”ни эътироф этган.
Тошкент уй бозори сармоявий жозибасини йўқотмоқда
Тошкентда кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлиллари ана шундан далолат беради.
2024 йил февралида пойтахтда кўп қаватли уй-жойга киритилган инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4 фоизни ташкил қилган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 12,2 фоизгача тушган.
Масалан, пойтахтда уй-жой ва ижара нархи нисбатан юқори бўлган ҳудуд – Шайхонтоҳур туманида февраль ойида уй-жой нархи кўтарилиши ҳисобига фойда ўртача 35,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5 фоизгача пасайган.
Уй-жой нархи ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад, айниқса, Миробод (23,2 фоиздан 1,9 фоизга) ва Яккасарой (16,1 фоиздан 3,5 фоизга) туманларида кескин сезилган.
МҲТИ таҳлиллари пойтахт туманларида ижара даромади ўсиши ҳам секинлашганини кўрсатади.
Аниқлик киритилишича, уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланади.
Иқтисодчилар турли инвестиция воситалари, жумладан, акция, облигация ёки пенсия фонди каби имкониятлар чекланган шароитида аҳоли ўз жамғармаларини уй-жойга сармоя шаклида йўналтиришини қайд этади.
Озодлик аввалроқ жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида сусайиш кузатилгани ҳақида хабар берганди.
Июль–сентябрь ойларида республика бўйича кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 минг 861 та шартнома расмийлаштирилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3 минг 362 тага (7,4 фоизга) камдир.
Тошкент Пекинга виза тартибини эркинлаштиришни таклиф қилди
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитой ташқи ишлар вазирлигининг виза сиёсати бўйича масъули Сон Шию билан консуллик-ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалаларни муҳокама қилди.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, расмий Тошкент Пекинга консуллик соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири хорижий давлатлар билан виза тартибини янада эркинлаштириш, хусусан, виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувларга эришиш эканини яна бир карра эслатган.
Хитой ТИВ мулозими Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан визани либераллаштириш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ва Пекин ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон 2021 йил март ойидан Хитой фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий қилганди.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн 2023 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида визасиз режимни жорий этиш бўйича Пекин ҳукуматида “кучли хоҳиш борлиги”ни таъкидлаган.
Ўзбекистонда “Ватандош” картаси жорий қилинди
Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошлар учун “Ватандош” картасини жорий этди.
Мамлакат президенти томонидан 20 ноябрь куни имзоланган 397-сонли қарорга асосан “Ватандош” картаси 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) берилади.
“Ватандош” гувоҳномаси – хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатимизнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорлик ва ташаккур белгиси ҳамда “Ватандош” картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат”, дея аниқлик киритган Адлия вазирлиги.
Мазкур картага эга ватандошларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
• Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
• мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
• хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;
• Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.
Карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:
• амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;
• Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
• вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.
Ўзбекистонда 2021 йил август ойида “Ватандошлар” жамоат фонди тузилган эди. Фонд дунёдаги 100 чоғли мамлакатда истиқомат қилаётган 10 миллиондан зиёд ватандош ҳамда улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказни дастаклаш билан шуғулланади.
Хусусий боғча ва мактаблар солиқлардан озод қилинади
Ўзбекистондаги нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни имзолаган “Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда шу каби имтиёзлар белгиланган.
Жумладан, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият юритаётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.
Шунингдек, хусусий боғча ва мактабларнинг четдан келтирган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлари, анжомлар ва моддий-техник ресурслари учун божхона тўловлари олинмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).
2025 йил 1 январидан эътиборан қуйидаги енгилликлар ҳам жорий этилмоқда:
• нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
• хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади;
• нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари малакасини оширишни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Масъул вазирликларга бир ой муддатда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш юкланган.
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда аҳоли ўсиши туфайли мактабларда йилига 120 мингта, боғчаларда эса 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда.
2025 йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилиниши ва янгилари қурилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида кейинги 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиши режалаштирилган.
Сирдарёдаги туғруқхонада ҳам чақалоқ нобуд бўлди
Сирдарё шаҳри Адолат маҳалласида яшовчи фуқаро Д.М.нинг бешинчи ҳомиласи туғруқхонада вафот этди.
Аёлнинг яқинлари Daryo.uz нашрига чақалоқ “нотўғри укол қилиниши оқибатида” нобуд бўлгани, шунга қарамай, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаганидан шикоят қилишган.
Айни пайтда туман прокуратураси вакили Д.М.нинг яқинларига ҳолат бўйича ҳеч қаерга мурожаат қилмасликни маслаҳат бергани айтилмоқда.
Марҳум боланинг қариндоши Феруза Хидирова унинг жияни вафот этган туғруқхонада яна бир қўшнисининг фарзанди ҳам ўлганини иддао қилган.
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси фуқаро Д.М.нинг чақалоғи ўлганини тасдиқлаган.
ССБ талқинича, РДС, туғма зотилжам, оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси билан туғилган чақалоққа 17 ноябрга қадар шифокорлар назорати остида реанимация бўлимида ёрдам кўрсатилган. Аҳволи бир оз яхшилангач, 18 ноябрь куни онасига берилиб, реанимация бўлимидан палатага ўтказилган. 19 ноябрь куни эса бола тўсатдан кўкариб кетган ва шифокорлар шошилинч реанимация ёрдами кўрсатгунга қадар вафот этган.
ССБ чақалоқнинг ўлимига укол эмас, аспирацион синдром сабаб бўлганини маълум қилган.
Озодлик 20 ноябрь куни Тошкент вилояти Бўка тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимидан икки ўлик чиққани ҳақида хабар қилган эди. Ўшанда ҳам аёл “нотўғри укол сабаб” оламдан ўтганига оид тахмин илгари сурилганди.
ДХХ раиси Абдусалом Азизов ишдан олинди
23 ноябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизовни лавозимдан бўшатган.
Азизовнинг ўрнига Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланган.
Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, президент қарори ҳукуматнинг олдиндан эълон қилинмаган, фавқулодда мажлисида эълон қилинган.
Ҳукумат мажлисининг фавқулоддалигига икки кун олдин тайинланган ҳукумат таркиби ҳам далолат қилмоқда.
Шу ҳафта Олий Мажлис Баҳодир Қурбоновни Мудофаа вазири лавозимига тасдиқлаганди.
Расман бу ҳақда ҳозирча маълумот берилгани йўқ.
ДХХ раиси истеъфосининг расмий сабаби маълум эмас.
Озодлик манбалари хавфсизлик хизмати раҳбарининг ишдан олинишини шу йилнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғламоқда.
Озодликка маълум бўлишича, бир кун аввал ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари терговга тўсқинлик қилгани учун лавозимидан четлатилган.
Тафсилотларни Озодлик YouTube каналида кузатинг.
Собиқ депутат Қобил Дўсовнинг озодлиги бир йилга чекланди
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Мамадиев раислигидаги маҳкама 22 ноябрь куни жамоатчилик фаоли Қобил Дўсовга нисбатан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага кўра, Қобил Дўсов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
“Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги “Кабул Дусов” номли профилни ва Telegram мессенжеридаги “Kobul Dusov | RASMIY KANAL” номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади”, дейилган Олий суд хабарномасида.
Қонунчиликка кўра, озодликни чеклаш сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмасликни назарда тутади.
Шунингдек, Дўсовга нисбатан ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши ҳам белгиланган.
“Мени бошқа нарса ўйлантиради. Қонунлар икки хил стандартдалиги. Мисол учун, биронта вазир, ҳоким оддий халқни сўкса, улар судда 450 минг жарима билан қутилиб кетади. Оддий қора халқ агар бирон бир амалдорни айбини бўйнига қўйиб сўкса, жазони максимал қўллайди, нега?” дея савол ташлади 40 ёшли фаол Қобил Дўсов Озодлик билан суҳбатда.
Суд мажлисидан сўнг ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида чиқиш қилган Дўсов: “Мен бир ўзим 1 миллионли тизимга қарши икки марта жиддий курашдим ва бу билан Ўзбекистонда икки таълим вазири билан курашган сиёсатчи сифатида тарихда қоладиган бўлдим”, деб ёзди.
Бўкадаги туғруқхонада она-бола нобуд бўлди
Тошкент вилояти Бўка тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимидан 20 ноябрь куни икки ўлик чиққан.
Daryo.uz нашри марҳуманинг қариндошига таяниб ёзишича, аёл унга қилинган “нотўғри укол сабаб” оламдан ўтган бўлса, унинг қизи аёлга кўрсатилаётган тиббий ёрдам пайти қорнида жон берган бўлиши мумкин.
Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бош шифокор ўринбосари Марҳабо Абдулазизова марҳумага ҳомиладорлик ўттиз ҳафта, сийдик йўли инфекцияси ва ўткир ёғли гепатоз ташхиси қўйилганини айтган.
Масъулнинг қайдича, тоби қочган ҳомиладор аёл бир неча бор шифохонага келтирилган, аммо у “оилавий сабабларга кўра уйида даволанишни маъқул кўрган”.
Аҳволи оғирлашган аёл 20 ноябрь куни яна шифохонага келтирилган. Фавқулодда вазият сабаб у кесарча кесиш амалиётига олинган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай у соат 17:50 да вафот этган.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шаҳбоз Рустамов аёлнинг ўлимида шифокорларнинг айби йўқлигини таъкидлаган.
Daryo.uz мухбири билан суҳбатда бўкаликлар туманда малакали шифокорлар камлиги, ҳомиладор қизларини туман шифохонасига олиб боришдан қўрқишларини айтишган.
Ушбу ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда вазирлик бош акушер-гинекологи раҳбарлигидаги гуруҳ хизмат текшируви ўтказаётганини маълум қилган. Вазирлик муносабатида аёл билан бирга унинг ҳомиласи ҳам вафот этганига аниқлик киритилмаган.
Бу сўнгги ойларда жамоатчилик эътиборига тушган туғруқхонадаги навбатдаги фожиадир. 2024 йил август ойида Андижон шаҳридаги туғруқхонада ҳам аёл вафот этганди. Ўшанда шифокорлар аёлдаги кўричакни “сеҳр” деб атагани, “чалпак ва ҳолвайтар тарқатиш”ни тавсия қилгани эътирозларга сабаб бўлганди.
Олий суд: 31 минг ўзбекистонлик туҳмат ва ҳақорат учун судланди
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 10 ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик – туҳмат қилишда айбланиб 2423 нафар фуқаро жавобгарликка тортилган.
МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик – ҳақорат қилишда айбланиб маъмурий жавобгарликка тортилганлар сони эса 27928 нафарни ташкил этади.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, уларнинг барчасига нисбатан жарима жазоси қўлланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 572 нафар шахс Ўзбекистон Жиноят кодексида назарда тутилган туҳмат ва ҳақорат ҳуқуқбузарликлари учун судланган.
Жумладан, ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат) билан 121 нафар шахс судланган бўлса, уларнинг 11 нафарига жарима, 14 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 92 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 4 киши шартли жазога ҳукм қилинган.
ЖКнинг 140-моддасига (ҳақорат қилиш) асосан судланган 451 нафар шахсга эса жарима (92), ахлоқ тузатиш ишлари (242), мажбурий жамоат ишлари (4), озодликни чеклаш (110) ва шартли (3) жазо қўлланган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам, Жиноят кодексида ҳам туҳмат ва ҳақорат учун жазо белгиланган. Агар бу турдаги ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса ёки интернет тармоғида амалга оширилса, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Маҳаллий блогерларга нисбатан ҳам туҳмат ва ҳақоратга доир айбловлар илгари сурилган кейслар мавжуд.
Ўзбекистонда Умрага юборадиган фирмалар сони қисқарди
Дин ишлари бўйича қўмита 21 ноябрь куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензия бериш бўйича танлов ғолиблари рўйхатини эълон қилди.
Танлов комиссияси ғолиб деб топган 12 та сайёҳлик фирмасининг 6 таси Тошкент шаҳрида, 3 таси Наманган вилоятида жойлашган. Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларидан эса биттадан фирмага Умра лицензияси берилган.
Дин ишлари бўйича қўмита Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқлангани, бунинг учун юридик шахсларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима белгиланганини эслатган.
Маҳаллий матбуотга кўра, жорий йил октябрь ойи бошида ҳам мамлакатда 80 га яқин фирма Умра хизматларини кўрсатиш билан шуғулланган.
Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарор қабул қилиши ортидан Умра лицензияси талаблари кучайтирилган. Жумладан, талабгорларга 1 миллион доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира сифатида қўйиш талаби жорий этилган.
Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг ватандош Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.
Жамоатчилик эса лицензия шартлари янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтиши мумкинлигидан хавотир билдирган.