Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Якутскда марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўзаро муштлашди (ВИДЕО)


Ёқутистоннинг қурилиш майдончаларидан бирида 15 июн куни меҳнат муҳожирлари орасида оммавий муштлашув бўлди. Видеотасвирга олинган жанжал турли пудратчи ташкилотлар ишчилари орасида бўлгани хабар қилинмоқда. Баъзи маҳаллий нашрларга кўра, инцидент иштирокчилари марказий осиёлик меҳнат муҳожирларидир.

Жорий йилнинг 15 июн куни Ёқутистон пойтахти Якутск шаҳридаги Автодорожная кўчасидаги “Прометей” турар-жой комплекси қурилишида содир бўлган оммавий муштлашув иштирокчилари полиция томонидан ҳибс этилди.

Саха (Ёқутистон) Ички ишлар вазирлиги бошқармаси расмий хабарига кўра, жанжалга турли пудратчи ташкилотлар ишчилари орасидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

- Тафтиш учун полиция бўлимига 110 нафар одам келтирилди, улардан 5 нафари жанжал сабабчиси экани аниқланди. Муштлашув сабабчилари маҳаллий қонунчилик асосида жавобгарликка тортилади. Тортишувга турли пудратчи ташкилотлар ишчилари орасидаги келишмовчилик сабаб бўлган, дейилади расмий хабарда.

Озодлик сўровига Якутск Ички ишлар вазирлиги бошқармаси навбатчилар бўлимида муштлашувда иштирок этган мигрантлардан ҳеч ким тиббий ёрдам сўраб шифохонага мурожаат қилмаганини билдиришди.

Эълон қилинган видеода ўнлаб мигрант муштлашувда қўл-оёқдан ташқари таёқ ва тош ишлатаётганини кўриш мумкин.

(Якутскдаги муҳожирлар муштлашуви видеога олинди)

Полицияга кўра, шунингдек, текширув давомида 23 нафар хориж граждани миграция қонунчилигини бузгани аниқланган.

Улар ҳам Россия Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 18.8 моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши маълум қилинди.

Полиция можаро давом этиши олдини олиш учун ҳодиса жойига ОМОН жангчиларини ташлагани, идорага диаспора раҳбарлари ва жамоалар вакиллари ҳам чақиртирилганини хабар қилмоқда.

Озодлик Россияда меҳнат муҳожирлари орасида бўлиб ўтган бошқа оммавий муштлашувлар ҳақида ҳам хабар берган.

XS
SM
MD
LG