Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

"Ўзбекконцерт" раҳбари президент ҳақида қўшиқ куйлашни тақиқлади


Хонанда Дилфуза Исмоилова Мирзиёев ҳақида қўшиқ айтган биринчи санъаткор бўлди.
Хонанда Дилфуза Исмоилова Мирзиёев ҳақида қўшиқ айтган биринчи санъаткор бўлди.

“Ўзбекконцерт” раҳбарияти санъаткорларга президент Шавкат Мирзиёевга бағишлаб қўшиқ куйлашни таъқиқлади. Тошкентдан олинган хабарларга қараганда, бу борада 2 июнь куни “Ўзбекконцерт”да бўлиб ўтган йиғилиш пайтида директор вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Ҳайдаров маълум қилган.

“Ўзбекконцерт”да 2 июнда ўтган йиғилишда ташкилот директори вазифасини бажарувчи Азамат Ҳайдаров айрим санъаткорлар томонидан давлат раҳбари фаолиятига боғлиқ видеотасвирлар асосида клиплар қилиниб, бадиий саёз матн асосида қўшиқлар яратилаётганини танқид қилди.

-Айниқса шахс билан боғлиқ, давлат раҳбарларининг фаолияти билан боғлиқ нарсаларни монтаж қилиб клипларига... бу ҳеч қандай одоб-аҳлоққа тўғри келмайди, - деб айтган Азамат Ҳайдаров.

Бундан аввалроқ 49 яшар ўзбек кино артисти ва қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова ўзбек санъаткорлари ичида биринчилардан бўлиб Шавкат Мирзиëевни улуғлаб қўшиқ куйлагани хабар қилинган эди.

Шоир Тоҳир Муҳаммад тарафидан ëзилган матнга бастакор Рустам Тўлашов куй басталаган“Шу гўзал юрт султони омон бўлсин” қўшиғини куйлаган Дилфуза Исмоилова 29 май куни Озодлик билан суҳбатда “ушбу қўшиқ қалб амри¸ виждон буйруғи билан” Мирзиëев Президентликка сайланган 2016 йилнинг декабрида яратилганлиги айтганди.

- Президентимиз Шавкат ака жуда яхши олиб бораëтганлигини кўриб завқланиб кетиб, шоиримиз Тоҳир Муҳаммад билан гаплашиб ўтириб, бу қўшиқ устида иш бошладик. Тоҳиржон чиройли шеър ëздилар. Музикани Рустам Тўлашевга бердик. Ижрони ман айтиб, декабрда ëзиб бўлинди. Январда охирги сайқал бериб, қўшиқ тайëр бўлди. Кейин клип қилиб каналларга бердик¸ - деган эди суҳбатдош.

Бироқ Азамат Ҳайдаров йиғилишда давлат раҳбарини мадҳ қилувчи ашулларни айтиш орқали санъаткор енгил обрў топишга интилмаслиги кераклигини, бу ҳолат яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлаган.

Йиғилишда иштирок этган маданият вазири ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов бу масалада Азамат Ҳайдаровни қўллаб-қувватлаган. Унга кўра, санъаткорлар томонидан шундай мавзуларда ёзилган бадиий саёз шеърларнинг қўшиқ қилиб куйланиши, санъаткорнинг ўзи давлат сиёсатини тушунмай туриб “сиёсат тўғрисида ашулла айтиши” тўғри эмас.

-Майли, ашулла қилмоқчи бўлсангиз, ватан ҳақида, эл-юрт ҳақида, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида, буни сизга ҳеч ким тақиқламайди. Келинг, маслаҳатлашинг, -деган вазир ўринбосари.

Ўзбекистонда бундан авваллари ҳам президент ҳақида таниқли ва санъаткорлар қатор қўшиқларни куйлашган. Жумладан, 2015 йилда Юлдуз Усмонова Ислом Каримов ҳақида қўшиқ куйлаган эди.

XS
SM
MD
LG