Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Алишер Усмонов: "Туф сенга, Алексей Навалний!"


Алишер Усмонов пайшанба куни қилган видеомурожаатида мухолифат етакчиси Алексей Навалнийдан кечирим сўрашни талаб қилди. Асли ўзбекистонлик олигарх Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) асосчиси Навалнийни “жиноятчи”, “бесавод”, “аблаҳ” ва “омадсиз бизнесмен” деб атади.

Пайшанба, 18 май куни эрталаб келиб чиқиши чустлик бўлган россиялик мултимиллиардер Алишер Усмонов “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида интернет-тингловчилар ва рус мухолифат етакчиси Алексей Навалнийга мурожаат билан чиқди.

Видеомурожаат пайдо бўлишидан бир соат олдин “ВКонтакте” тармоғида рус олигархининг аккаунти ишга туширилгани ва унда бир дона фотосурат ва видеоролик қўйилгани жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

Шунингдек, Алишер Усмоновнинг YouTube порталида ҳам саҳифаси очилди. 12 минут давом этган вижеомурожаатни Усмонов Навалнийга “сен”сираб бошлайди.

- Ёдингда тут – менинг юристларим ҳозир судда иш олиб боради, сен эса бундан ёлғон PR ясайсан. Мен сенинг гапларингни ҳақиқат деб ўйлаётган ва сенга ишонишни давом этаётган одамларга мурожаат қилишни зарур топдим... Сени ким эканлигингни намойиш этиш вақти етиб келди. Алишер Усмонов сени “аблаҳ”деб аташини анчадан бери сўраб келаётган эдинг. Энди яхшилаб ўтириб ол ва мен одамларга сенинг аблаҳлигингни шошилмасдан намойиш қилиб кўраман, дея бошлади Усмонов.

Бундайн кейин Усмонов “аблаҳ” сўзига тушунтириш беради ва турмада ўтириб чиққанини ҳеч кимдан яширмаётганини билдиради.

Миллиардер Ўзбекистонда 80-йилларда “зўрлаш” эмас, “социалистик мулкни ўмариш” моддаси асосида сохталаштирилган иш бўйича 6 йил ўтириб чиққанини эслатади.

- Сен ҳар жойда тақиб этилаётганинг борасида жар соласан. “Бешафқат ҳукумат!”, дейсан. Қанақасига у бешафқат эканки, атиги бир сутка турмада ўтириб чиқибсан?! Сен шундай жоҳил ҳукуматда 1 кун ўтирган бўлсанг, мен эса “юмшоқ” ҳукумат даврида ҳеч нарсадан-ҳеч нарса 6 йил ўтирдим. Сени Йель университетида юридик таҳсил олган дейишаяпти. Сен у ерда умуман юриспруденция билан шуғулланмагансан, кўринади! Акс ҳолда билишинг керакки, Олий суд томонидан оқланган шахс жиноятчи деб аталмайди. Иккаловимиздан “жиноятчи” – бу сенсан. Чунки сен айнан ҳозир суд қарори остидасан, деди Алишер Усмонов.

Ундан кейин рус бизнесмени Алексей Навалнийнинг айбловларига тўхталади. У асосий даромадлари манбайи хусусийлаштириш келишувлари эмаслиги, Россияда солиқ тўлаши ҳақида маълумот беради.

Усмонов келтирган рақамларга биноан, у бошқараётган ширкат ўтган бир йилда Россияда 2,7 миллиард рубл солиқ тўлаган, охирги 10 йилда эса тўланган солиқлари ҳажми 500 млн доллар атрофида, хайрия ажратмалари эса 1 млрд доллардан ошган.

- Лебединский, Оскол комбинатларини биз 2,5 миллиард Швейцария франкига 2006 йилда сотиб олганмиз. Биз бу активларни кимдандир бепул, совға тарзида олганимиз тўғрисидаги гапларинг ғирт ёлғон!Мегафон, Mail.ru, Одноклассники, ВКонтакте тармоқларига қилинган сармояларим аниқ совет давридан қолмаганку. Булар ўғрилик эмас, Алексей! ...Сен бесаводсан, чунки мен сотиб олган корхоналарда 40 минг ишчи ўринлари ишга туширилган, дея ҳисобот берди россиялик бизнесмен.

У, шунингдек, ҳеч кимга пора бермаган “ҳалол бизнесмен” эканини ҳам таъкидлаб, Алексей Навалнийдан кечирим сўрашни тавсия қилди.

Видеомурожаат якунида Усмонов “бировга ҳасад қилувчи лузер ва иши юришмаган бизнесмен”Навалнийни жавобгарликка тортишини билдирди.

- Сенинг барча ҳаракатларинг итнинг карвонга ҳуришидир. Туф сенга, Алексей Навальний! деди олигарх Усмонов.

Мухолифатчи Алексей Навалний эса шу куниёқ Усмоновнинг бу видеосини ўз саҳифасида эълон қилди.

“Биз рус-британ-швейцар олигархи, 15 миллиард доллар эгаси Алишер Усмоновни видеоблогер бўлишга ундадик... Албатта, каналимиз аудиториясида саволлар қолмаслиги учун Бурҳоновичга мен бандма-банд жавоб қайтараман”, деб ёзди Навалний.

А.Навалний мемлар билан жавоб қайтарди

Олигархнинг арзига Коррупцияга қарши жамғарма томонидан эълон қилинган журналистик видеосуриштирув сабаб бўлган эди.

“У сизга Димон эмас!” видеосида, жумладан, Усмонов Медведевга алоқадор "Соцгоспроект" фондига Москванинг энг қиммат - Рублевский шоссесида қиймати 5 миллиард рублга тенг ер ва уй ҳадя қилгани таъкидланади. Фонд лавҳасида таъкидланишича, "Соцпроект" назорат кенгашининг раиси Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг курсдоши Илья Елисеевдир.

Аммо Алишер Усмонов бу кўчмас мулкни фондга мулкка қиймати баробар битим асосида берганини айтади.

Навалний бошқарган ФБК эса уларнинг ихтиёрида пора беришга оид фактлар мавжудлиги ва бу фактларни судга тақдим этишга тайёр эканликларини билдирган.

Бу фильм бугунга келиб бир неча ўн миллион шахс томонидан кўриб чиқилгани маълум.

XS
SM
MD
LG