Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:52

АҚШ Трампнинг Россия билан алоқаларини тергов қилиш учун махсус прокурор тайинлади


Собиқ ФТБ директори Роберт Мюллер
Собиқ ФТБ директори Роберт Мюллер

АҚШ Адлия вазирлиги 17 май куни собиқ ФТБ директори Роберт Мюллерни Россия билан президент Трампнинг 2016 йилги сайлов кампанияси вақтидаги гумон қилинаётган махфий тил бириктирувини тергов қилиш учун махсус прокурор этиб тайинлади.

Ушбу қарорни Конгрессдаги республикачилар ҳам, демократлар ҳам маъқуллади.

Қарор ноябрда бўлиб ўтган президент сайлови натижалари Трамп фойдасига ва Ҳиллари Клинтонга қарши бўлишига таъсир кўрсатиш борасида Россиянинг гумон қилинаётган хатти-ҳаракатларини мустақил равишда тергов қилиш талаби кучайиб бораётган бир патда қабул қилинди.

АҚШ бош прокурори – адлия вазири ўринбосари, генерал Род Розенштайн махсус прокурорни тайинлаш сабабини “жиноят содир этилгани ёки бировни жавобгар қилиш кафолатлангани” учун эмас, балки “Америка халқи тергов натижасига тўлиқ ишониши зарурлиги” учун эканини айтди.

Махсус прокурор мустақил иш кўради, чунки у Адлия вазирлиги ва Оқ Уй билан маслаҳатлашувсиз ёки уларни тергов қандай бораётгани хусусида бохабар қилмай туриб, ўзи танлайдиган ходимлар билан тергов ўтказиш ваколатига эга.

Унинг тергов вақтида аниқланиб, гумон қилинадиган ҳар қандай жиноят учун иш қўзғатиш ваколати ҳам бор.

Трамп ўтган ҳафтада ФТБ директори Жеймс Комини ишдан бўшатгандан сўнг Адлия вазирлиги Россия масаласи бўйича ўтказаётган терговига ОқУй таъсир кўрсатишга уринган бўлиши мумкин, деган гумон пайдо бўлди. Ушбу терговни ФТБ ўтган йили бошлаган эди.

16 май куни Трамп лавозимига киришган дастлабки ҳафталарда Комидан Россиянинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича президентнинг собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн билан алоқаларини тергов қилишни тўхтатиш тўғрисида илтимос қилгани хусусидаги хабарлар тарқалгандан сўнг яна саволлар туғила бошлади.

Коми Трампнинг илтимоси, яна у билан қилган бошқа суҳбатларини махсус қайдларда ёзиб борган ва кўплаб ОАВ уларни 16 май куни эълон қилди.

Оқ Уй Комининг Трамп билан Флинн ҳақидаги суҳбати ҳақидаги фикрларини рад қилди.

Конгресснинг бир қанча раҳбарлари Трампнинг Флинн иши терговини тўхтатиш ҳақидаги илтимосини адолат қарор топишига тўсқинлик қилиш деб баҳолади – бу Қўшма Штатларда жиноят ҳисобланади.

17 май куни кечқурун Конгресснинг учта қўмитаси Комининг қайдларини ўз кўзи билан кўришни ва Коми Трамп билан суҳбатлари хусусида кўргазма беришини талаб қилиб чиқди.

Махсус прокурор номи эълон қилингандан сўнг 16 май куни Трамп яна бир марта Россия билан ўзининг сайловолди кампанияси ўртасида ҳеч қандай шубҳали алоқалар бўлмагани хусусида баёнот берди.

Трамп ўша куни олдинроқ Россия билан боғлиқ масаланинг ОАВда ёритилишидан шикоят қилиб, “тарихда ҳеч бир сиёсатчига нисбатан – буни қатъий ишонч билан айтаман – бунчалик ёмон ва адолатсиз муносабатда бўлган эмас”, деб айтди.

Конгресс раҳбарлари махсус прокурор тайинлашига юксак баҳо берди.

Демократлар ўтган йилдан бери шуни талаб қилиб келаётган эди, сўнгги кунларда кўпчилик республикачилар ҳам уларнинг талабига қўшилди.

Сенатор Ричард Берр, республикачи:

Бош прокурор ўринбосари генерал Род Розенштайн бу ишни тергов манфаатидан келиб чиқиб қилди, деб ўйлайман. Унинг бу қарорига қўшилмасликка сабаб топа олмаяпман”.

Сенатдаги демократлар етакчиси Чарлз Шумернинг айтишича, Мюллер республикачилар ва демократлар ҳокимият тепасида бўлган 2001-2013 йилларда ФТБни бошқарган ва бу ишга унинг номзоди тўғри танланган.

Конгрессмен Жим Ҳаймес, демократ:

Мен Роберт Мюллер тайинланганидан роса хурсанд бўлдим, иккинчидан, Боб Мюллер ҳалол ва номига доғ юқтирмаган инсон. Мен унинг тайинланганидан жуда хурсандман”.

Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси раиси, республикачи Жейсон Шаффетс Мюллернинг “танлангани улуғ иш бўлди. У ҳеч қачон номига доғ туширмаган. Уни ҳамма қабул қилиши керак”, деб айтди.

АҚШнинг разведка идоралари жорий йилнинг бошида, Россия президентлик сайловига аралашди, деб хулоса чиқарган ва ФТБ тергови ўша хулосаларга асосланаётган эди.

Москва бу ишга аралашганини қайта-қайта рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG