Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:53

OzodMaktub: Мирзиёевнинг "томорқа сиёсати"дан давлат амалдорлари ҳам норози


"100 та товуқ боқишга мажбурланаётган хонадон эгаларидан товуқ учун озуқа маҳсулотлари нархи ошиб кетаётганлиги, битта оилага 100 та товуқни боқиш қийинчилик туғдираётганлиги, бозорда тухум нархини белгилашда паррандачилик фермалари билан рақобат пайдо бўлиб, хонадонда боқилаётган товуқ тухумларининг таннархи қимматга тушаётганлиги сабабли сота олишмаётганлиги ҳақида эътирозлар билдирилмоқда".

Бу гапни Озодлик почтасига келган ва қуйида эътиборингизга тўлиқ шаклида ҳавола қилинаётган хатдан олдик. Мактуб муаллифи ўзи ҳақдаги маълумотларни, ҳозирча, очиқлашни истамади. Мактуб остидаги имзо ҳам унинг исми эмас, тахаллусидир. Лекин шундай бўлса-да, хатда кўтарилган мавзу шу кунда ўта долзарб бўлгани учун уни эътиборингизга ҳавола қилишни тўғри, деб топдик.

***

Ўзбекистоннинг янги Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ўйлаб топилган ва барча жойларда зўравонлик билан татбиқ этишга ҳаракат қилинаётган “томорқа сиёсати” нафақат аҳоли, балки жойлардаги амалдорларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.

Шу йилнинг март ойидан бошлаб Президент ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган "аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш" сиёсати мамлакатда шундоқ ҳам очиқ сезилаётган озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳалокатли вазиятни юмшатиш ҳаракати сифатида бошланган эди.

Сўнгги даврларда Ўзбекистонда (айниқса бу Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида яққол сезилмоқда) асосий сабзавот тури – картошка нархининг рекорд даражада кўтарилиши (7500-8000 сўмгача) қайд этилган.

Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ, 2017-2019 йилларда ҳар бир вилоятда биттадан туманни “намунали” туман сифатида, бошқа туманларда эса ҳар йили
4 дан маҳаллани (ҳар бир туман-шаҳар ҳудуди шартли равишда 4 та секторга, яъни ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва ДСИ бошлиғи секторларига бўлинган) “намунали” маҳалла сифатида ажратиб олиш ҳамда шу ҳудудларда жойлашган барча аҳоли хонадонларида 100 тадан товуқ боқиш, иссиқхона қуриб, лимон экиш, томорқага ёнғоқ ва унаби (чилонжийда) экиш лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, ушбу қарор чуқур ўйланмаган, аҳолининг реал имкониятлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқмаганлиги боис жойларда қўллаб-қувватланмаяпти.

Биргина мисол, Ўзбекистоннинг жуда кўп вилоятларида унаби дарахти ва уни парваришлаш ҳақида аксарият аҳоли ҳеч нарса билмайди. Унаби кўчатлари ўта танқис.

Бундан ташқари, ҳукумат аҳоли хонадонларидаги томорқаларга чорва учун асосий емиш бўладиган маккажўхори ва беда экишни қатъиян тақиқлаб қўйди. Бундан, айниқса қишлоқ жойларида асосий даромад манбаи қорамол боқиш бўлган фуқаролар азият чекишмоқда. Чунки, чорва учун “омухта ем” нархи ҳам тобора ўсиб бормоқда.

Ҳукумат томонидан бу сиёсатни жорий этиш мақсадида томорқасида ана шундай ишларни бажармаган “сиёсатга қарши чиққан” фуқароларнинг томорқаларини ҳокимлар томонидан қарор чиқарилиб, тортиб олиш ва бошқа фуқароларга беришга киришилди.

Ваҳоланки, қонунчиликда хонадон томорқа еридан фойдаланиш учун фуқароларга ер солиғини тўлашдан бошқа ҳеч қандай талаб юкланмаган.

Айрим юқори поғонадаги амалдорлар эса ушбу сиёсатдан ўз манфаатлари йўлида усталик билан фойдаланишиб, аллақачон “чўнтак қаппайтириш”га ўтиб олишган.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этиб ўтилган Қарорида аҳоли томорқасига экилиши кўрсатилган лимонни биргина Самарқанд вилоятида жойлашган “Муштарий Оқдарё” МЧЖдан олиш лозимлиги қайд этилган.

Ушбу фирма эса илгари Самарқанд вилоят ҳокими бўлган, ҳозирда Бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаевга тўғридан-тўғри алоқадор эканлиги маълум.

Ҳозирда барча вилоят ҳокимларига миллиардлаб пул маблағларини Туркиядан лимон сотиб олиш учун айнан ана шу фирма ҳисобрақамига ўтказиб бериш ҳақида топшириқ бўлиб, бошқа маҳаллий лимон навларини экиш эса тақиқлаб қўйилди.

Томорқа сиёсати пухта ўйланмаганлиги, уни навбатдаги компаниябозликдан бошқа нарса эмаслиги 100 тадан товуқ боқиш мажбуриятидан ҳам кўринади.

Биринчидан, ушбу сиёсатни юритаётган ҳуқумат вакиллари аҳоли хонадонларида боқиладиган товуқ камида 90 кунлик бўлиши лозимлигини билдиришган бўлсада, Ўзбекистонда айнан жўжачилик йўналишидаги парранда фермаларининг танқислиги боис аҳолига етарли миқдорда товуқ етказиб берилмаяпти.

Иккинчидан, 100 та товуқ боқишга мажбурланаётган хонадон эгаларидан товуқ учун озуқа маҳсулотлари нархи ошиб кетаётганлиги, битта оилага 100 та товуқни боқиш қийинчилик туғдираётганлиги, бозорда тухум нархини белгилашда паррандачилик фермалари билан рақобат пайдо бўлиб, хонадонда боқилаётган товуқ тухумларининг таннархи қимматга тушаётганлиги сабабли сота олишмаётганлиги ҳақида эътирозлар билдирилмоқда.

Яна бир асосий масала банклар томонидан ушбу йўналишда кредит берилиши ҳисобланади.

Ҳукумат томонидан бошланган навбатдаги “компаниябозлик” туфайли барча тижорат банклари ходимлари хонадонма-хонадон юришга ва аҳолига кредитлар ҳақида маълумот беришга мажбурланган.

Бироқ, тижорат банклари томонидан ушбу сиёсат етарли даражада қўллаб-қувватланмасдан, аҳоли учун иссиқхона қуриш ва парранда боқиш учун кредитлар ажратишда муаммолар келиб чиқмоқда. Кўп банклар аҳолига ушбу йўналишда гаров мажбуриятисиз тақдим этилиши лозим бўлган кредитларни аҳолининг тўлов қобилияти пастлиги сабабли беришга шошилишмаяпти.

Фуқаролар ўз хонадонларига энг камида 3 та банкдан одамлар келишиб, кредит ажратилиши мумкинлиги ҳақида гапириб кетишган бўлсада, аслида бир сўм ҳам пул берилмаганлиги ҳақида маълум қилишмоқда. Бу эса аҳолининг ҳақли норозилигига ҳамда давлатга нисбатан ишончсизликка олиб келмоқда.

ФОЗИЛ РАХМОН

(Ўзбекистон)

XS
SM
MD
LG