Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Ўзбекистонда картошканинг килоси 8 минг сўмга чиқди


Ўзбекистонда кундалик рўзғор эхтиёжи учун энг кўп ишлатиладиган сабзавотлардан бири бўлган картошканинг нархи икки ой ичида тўрт баравар қимматлади. Бозорларда картошканинг килоси 7 минг сўмдан айрим жойларда 8 минг сўм (қора бозор курсида 1 АҚШ доллари)дан сотилаётгани айтилмоқда.

Тошкентнинг Фарҳод бозорида картошка 7 минг сўмга чиқди, Миробод бозорида эса 8 минг сўм.

- Картошканинг килоси бир АҚШ долларидан ошиб кетди, - дейди 6 май куни Тошкент бозорларини айланган Тошбек.

Айрим вилоятларда маҳаллий ҳокимликлар бозорлар олдида махсус кўчма дўконлар ташкил этиб¸ арзон нархда “социал картошка” сотишни йўлга қўйган.

Лекин бу ҳам картошка нархи ошишини тўхтатиб қололмаяпти.

Бир ой олдин 1800 сўм бўлган “социал картошка”нинг нархи Андижонда 2200 сўм бўлган. У ҳам одам бошига 3-5 килодан сотиляпти.

- 2200 сўмлик картошкани устида очеред. Одамлар арзон картошкани оламан деб узун очередга туряпти. Лекин, тезда тугаб қоляпти, - дейди Андижоннинг “Эски шаҳар” бозорига картошка олиш учун борган андижонлик Икромжон.

Андижон бозорларида “социал картошка” сотилиши учун масъул бўлган маҳаллий амалдорлардан бири Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокимияти картошка нархини жиловлаш учун кунига бозорларга 6-8 тоннадан арзон картошка келтириб соттираётганини айтди.

- Бир кунда 6-8 тонна картошка келтириб соттиряпмиз. 7 мингга кўтарилиб кетган, лекин биз 2200 сўмдан арзонлаштирилган нархда соттиряпмиз. Ҳар бир кишига 5 килодан бериляпти. Бугун олиб туриб эртага яна келса берилаверади. Бу Россиядан олиб келинган қора картошка. База орқали арзон нархда бозорларга ташланяпти.Озгина қолди энди, яқинда ўзимизни Сурхондарёни картошкаси пишса нарх тушади, ҳаммаси ўрнига тушиб кетади, - дейди андижонлик амалдор.

Лекин, ҳокимиятнинг социал картошкаси ҳам аҳолининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондираётгани йўқ.

Ўзбекистонда картошканинг танқислашиб, нархи ошиб кетганига турли сабаблар келтирилмоқда.

Айримлар буни баҳорнинг кечиккани билан боғласа, бошқалар ўтган йили кўп сабзовотларга қурт тушиб, картошканинг чўғи кам бўлганини айтишади.

Ўзбекистонда янги картошка чиқишига эса бир ой бор.

- Ўтган йили янги картошка сал эртароқ униб, бозорга эртароқ чиқиб кетган эди. Шунинг ҳисобидан эрта тугаб қолди. Ҳудо хоҳласа оз қолди янги картошка чиқса ҳаммаси жой-жойига тушади, - дейди Андижонда картошка масаласига масъул қилиб тайинланган маҳаллий амалдор.

Ўзбекистонда ўтган йили 2.9 миллион тонна картошка етиштирилган. Бу эса 30 миллиондан ортиқ аҳолини ушбу маҳсулот билан таъминлаш учун етарли эмас.

Ўзбекистонга чет элдан картошка импорт қиладиган логистик ширкат вакилининг Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича¸ бозор мувозанатини ушлаб туриш учун давлат захирасида туриши керак бўлган картошка тугаган:

- Вақтида етарли ғамланмаган. Шу кунларда, масалан, картошкани минтақадаги мамлакатлардан тезда келтириб бозорни мувозанат қилиш ҳақида ҳам ўйлашмаяпти. Бир ой ичида картошканинг бу қадар қимматлагани жиддий муаммо¸ дейди суҳбатдош.

Бундан атиги уч йил олдин Ўзбекистон матбуоти мамлакатнинг "картошка мустақиллигига эга бўлгани" ҳақида ëзган эди. Ҳатто баъзи нашрлар Ўзбекистон картошка экспорт қиладиган мамлакатга айланиши ҳақида "башорат" қилган эди. Аммо бугунга келиб бу гаплар иддао даражасида қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ мулозим Анвармирзо Ҳусаинов бунинг сабабини эски ҳукуматнинг "ҳамма нарсани ўзимиз етиштирамиз", деган шиори чиппакка чиққани билан изоҳлади:

- Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда картошка етиштириш ҳажмларини 35 фоизга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган бўлса ҳам, бу хато стратегия. Ҳамма нарсани ўзимииз етиштирамиз, деган эски ғоядан воз кечиш керак. Ўзбекистоннинг қуруқ ҳавосида картошка яхши етишмайди. Бу иссиқ вақ қуруқ ҳаводан қўрқадиган ўсимликдир. Унга доимий намлик керак. Ўзбекистонда ҳар йили 1.5-2 миллион тонна картошка машаққат эвазига етиштирилади. Шу картошкани Белорусиядан олиб келиш мантиқли ва арзон бўлар эди¸ дейди собиқ мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ мамлакатнинг тўртта тоғ ҳудудида элита навдаги картошкани етиштириш учун фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилган бўлса ҳам бу режа ҳануз амалга ошмаган.

Ҳосилнинг кўпи турли касалликлар боис нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG