Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:30

Петербургдаги портлаш масъулиятини "Имом Шомил катибаси" олди


Санкт-Петербургдаги теракт масъулиятини "ал-Қоида" гуруҳининг тармоғи бўлган "Имом Шомил батальони" ўз зиммасига олди. Бу хабарни тарқатган SITE Intelligince Group сайтига кўра, ўшлик Акбаржон Жалилов "Имом Шомил катибаси" аъзоси бўлиб, худкушлик қилишга буйруқ бевосита"ал-Қоида" террорчилик гуруҳи етакчиси Айман аз-Завоҳирий томонидан берилган.

Интернетда жорий йилнинг 3 апрелидаги Санкт-Петербург метросидаги портлаш учун масъулиятни “Катибат ал-Имом Шомил” ("Имом Шомил батальони")деб номланувчи номаълум гуруҳ ўз зиммасига олгани тўғрисида хабар тарқалди.

Халқаро террорчилар ҳаракатларини кузатиб борувчи SITE Intelligince Group маълумотига кўра, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метрога ҳужум уюштирган Акбаржон Жалилов "ал-Қоида" тармоғининг ва бевосита унинг раҳбари Айман аз-Завоҳирий буйруғи асосида иш тутган.

Террорчилар чоп этган баёнотда айтилишича, "Имом Шомил катибаси" Суриядан рус қўшинларини олиб чиқиш, акс ҳолда террорчилик ҳужумлар давом этишини билдирган. Гуруҳнинг номаълум вакиллари ўзларини “Ал-Қоида” ташкилоти бўғини эканини алоҳида урғулаб ўтган.

Террорчиликни ўз зиммасига олган жангарилар бу хатни “рус халқига бўлган нома” тарзида қабул қилишни ҳамда ўз ҳукуматига босим ўтказишга, “Сурия, Чеченистон ва Ливияда уруш ҳаракатларини тўхтатиш” талаби билан чиқишни сўраган.

Хат муаллифлари, шунингдек, Россия ҳукумати Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлардан хулоса чиқара олмаганидан таассуф билдирди.

Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқотчилар гуруҳи бу баёнотгача “Имом Шомил катибаси” ҳақида бирор маълумот бўлмаганига эътибор қаратмоқда.

Маълумки, имом Шомил – 19 аср ўрталарида Шимолий Кавказнинг Доғистон ва Чеченистон минтақалари мустақиллиги учун Россия империясига қарши кураш олиб борган машҳур тарихий шахс. Узоқ йиллар давомида Шомил маҳаллий қўзғолончиларга намуна ва ўрнак бўлиб келган.

Шу пайтгача Петербургдаги портлашга масъулиятни бирор гуруҳ расман ўз зиммасига олмагани маълум эди. Бироқ, бундан бир кун олдин Газета.ру нашри 3 апрель портлашларининг тахмин қилинаётган асосий буюртмачиси – “Тавҳид вал-Жиҳод” гуруҳи раҳбари Абу Салоҳ ал-Ўзбекий экани тўғрисида мақола чоп этди. Нашрнинг қирғиз махфий хизматларига таяниб хабар қилишича, Сурияда “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи бўғинларидан бирини бошқариб келаётгани айтилаётган қирғизистонлик бу йигитнинг асл исми Сирожиддин Мухторовдир.

Ўш вилоятининг Қашғар-Қиштак қишлоғида 1990 йилда таваллуд топган Сирожиддин Мухторов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) томонидан Бишкекдаги Хитой элчихонасига 2016 йилда қилинган ҳужум туфайли халқаро қидирувга берилган.

Шунингдек, террорчилик актига алоқадорликда гумонланиб Россиянинг Москва шаҳри ва вилояти, Владимир, Тула, Екатеринбург ва бошқа минтақаларида 20 яқин ўзбек, қирғиз ва тожик муҳожирлар ҳибсга олинди. Россиянинг деярли барча минтақаларида мигрантлар орасида махсус рейдлар ва “зачисткалар” бўлаётгани хабарлари Озодликка келмоқда.

Бироқ, айрим кузатувчилар ва россиялик экспертлар бундай баёнотларни жиддий қабул қилмасликка чақирмоқда. Ҳукумат вакиллари ҳар қайси террорчи ташкилот овоза бўлган террорчилик амалиётларини ўз зиммасига олишга уринишини табиий ҳол сифатида баҳоламоқда.

Россия расмий идоралари бу баёнотларга бирор изоҳ берганича йўқ.

Санкт-Петербургдаги портлаш 2017 йилнинг 3 апрелида "Сенная плошадь" ва "Технологический институт" метро бекатлари оралиғида амалга оширилган.

Теракт оқибатида жами 16 киши, жумладан худкушнинг ўзи ҳам қурбон бўлган ва 50дан зиёд одам жароҳат олган.

Россия ФСБси ҳужумни уюштирганликда асли қирғизистонлик Россия фуқароси бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалиловни гумон қилди.

XS
SM
MD
LG