Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Наманганда уйи бузилганлар: Ўнлаб оила бошпанасиз қолди


Наманганда бузилаётган уй
Наманганда бузилаётган уй

Наманган шаҳрида 396 хонадонни бузиш ишлари ниҳоялаб бораркан, "ўнлаб оилалар уйсиз қолмоқда". Бу ҳақда Озодликка исми сир қолиш шарти билан уйи бузилган хонадон эгаларидан бир нечаси маълум қилди.

Аммо, Наманган шаҳар ҳокимияти мутасаддиси тарихий Чорсу даҳасидаги Уйчи маҳалласини кўчириш ишлари қонунга мувофиқ олиб борилаётганини айтди.

Уйларни бузиш ўтган йил 25 июлда бошланган. 2,6 километр масофада йўл ёқасидаги уй ва нотурар-жойлар бузилиши лозим.

Наманган шаҳрини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш режасига мувофиқ, келажакда бузилаётган ҳудудда 25 та кўп қаватли турар-жой бинолари барпо этилади.

Компенсация

Уйи бузилаётганлар баъзиларга компенсация берилмаётганидан шикоят қилади
Уйи бузилаётганлар баъзиларга компенсация берилмаётганидан шикоят қилади

Озодлик суҳбатдошларининг маълум қилишларича, ажратилган ерларда янги иморат қуриб олгунга қадар улар шаҳарнинг турли нуқталаридан ижарага ҳовли ёки квартира олишга мажбур бўлганлар.

Наманган шаҳар ҳокимияти вакили эса, шаҳар ташқарисидаги Уйчи тумани йўлида жойлашган бўш ҳудуддан ҳар бир оилага тўрт сўтикдан ер участкалари ажратиб берилаётгани, компенсация тўланаётганини айтди.

"Ҳар бир хонадонга участка бераяпмиз, бузилган уйлардаги қурилиш материалларини ҳам ўзлари олиб кетишаяпти. Яна 10 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача компенсация ҳам тўлаяпмиз. Бузилаётган уй материали ишга яроқли бўлса, камроқ компенсация бераяпмиз, яроқсиз бўлса кўпроқ," - деди Наманган шаҳар ҳокимияти вакили.

Бироқ, уйи бузиб ташланганлардан бири ер участкаларида иморат қуришга қурби етмаган "ўнлаб оила" уйсиз қолганини айтди.

Унинг иддао қилишича, компенсацияга ажратилган маблағ "янги участка фундаментини қуришга ҳам етмайди".

"Жуда оғир вазиятда қолганмиз. Ҳозирча кира уйларда турибмиз. Баъзиларга ҳокимият 30 миллион, баъзиларга 10 миллион бераяпти. Лекин ҳатто 30 миллион сўм ҳам янги участка фундаментини қуришга ҳам етмайди. Ҳозирнинг ўзида ўнлаб оила уйсиз қолди," - деди уйи бузилганлардан бири.

"Давлатга қарши чиқасанми..."

Баъзи хонадон эгалари тиббий ёрдамга муҳтож
Баъзи хонадон эгалари тиббий ёрдамга муҳтож

Яна бир хонадон эгасининг айтишича, уйи бузиб ташланган эса-да, компенсация ҳалиям тўлангани йўқ.

"Уйим бузиб ташланганига уч ой бўлди, лекин компенсация ҳалиям берилмади. Ҳаққимни талаб қилсам, давлатга қарши чиқасанми, деб ҳокимият вакили қўрқитаяпти. Одамларнинг ҳаёти ҳокимларни қизиқтирмайди," - дейди у.

Унинг иддао қилишича, баъзи хонадон эгалари "қон босими кўтарилиб, юраги хуруж қилиб" шифохонага тушиб қолмоқда.

"Мана уйи бузилганлардан бири қийналиб, сиқилиб кўчада йиқилиб қолди. Скорий олиб кетди," деди суҳбатдош ва ўз сўзининг исботи сифатида фотосурат ҳам тақдим этди.

Бироқ, бу иддаоларни рад қилган ҳокимият вакили компенсация барчага берилишини айтди.

XS
SM
MD
LG