Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Таниқли рус қўшиқчиси Гребеншчиков Муҳаммад Бекжонга мактуб йўллади


Муҳаммад Бекжон дастак мактуби учун машҳур қўшиқчи Гребеншчиковдан миннатдор эканини айтган.
Муҳаммад Бекжон дастак мактуби учун машҳур қўшиқчи Гребеншчиковдан миннатдор эканини айтган.

Россиялик машҳур хонанда Борис Гребеншчиков бир ой муқаддам қамоқдан чиққан журналист Муҳаммад Бекжонга мактуб йўллаган. Бу ҳақда хабар тарқатган Элтуз нашрига кўра, собиқ сиëсий тутқун Муҳаммад Бекжон машҳур қўшиқчи эътиборидан хурсандлигини билдирган.

“Очиғи сира кутмагандим мен учун севимли қўшиқчидан бундай мактуб олишни”, деган Муҳаммад Бекжон.

21 март куни Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган бу хушхабарни унга қизи Ойгул етказган.

Халқаро ташкилотнинг Россия ваколатхонаси директори Сергей Никитиннинг айтишича, “Борис концерт олдидан саундчекни бир зум тўхтатиб, столга ўтирди, Муҳаммад Бекжон билан бирдамлик мактубини ёзди, қисқа, бироқ ҳаяжонли қўллаб-қувватлаш хатини”.

Россиялик рок қўшиқчиси Борис Гребеншчиковнинг собиқ сиёсий тутқун Муҳаммад Бекжонга йўллаган номаси.
Россиялик рок қўшиқчиси Борис Гребеншчиковнинг собиқ сиёсий тутқун Муҳаммад Бекжонга йўллаган номаси.

Никитин ўзбек журналистининг озод этилгани ҳақидаги қувончли хабарни етказиш учун Борис Гребеншчиков билан учрашган.

“Умид қиламизки, у россиялик хонанда ва шоир мактубини олишдан жуда хурсанд бўлади. Тағин Борис Гребеншчиковдан. Аквариум лидери, афсонавий мусиқачидан. Ўзганинг дардига бефарқ бўлмаган, ноҳақ панжара ортига ташланганлар ҳақини сўраётган инсондан”, деб ёзган Amnesty International ташкилотининг Россия ваколатхонаси директори Сергей Никитин.​

Россияда рок мусиқа асосчиларидан бири, “Аквариум” гуруҳи қўшиқчиси Борис Гребеншчиков бир ярим йил муқаддам қамоқдаги журналист, сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжонни озод қилиш акциясида иштирок қилган ваунинг портретини кўтариб тушган фотосини ижтимоий тармоқларда тарқатган эди.

Россиялик машҳур рок қўшиқчиси Борис Гребеншчиков.
Россиялик машҳур рок қўшиқчиси Борис Гребеншчиков.

Ўзбекистонликлар Борис Гребеншчиковни “Сирли ўзбек” қўшиғи орқали ҳам яхши танийдилар.

Ўзбекистон қамоқхоналарида 18 йил ўтирган журналист Муҳаммад Бекжон шу йил 22 феврал куни озодликка чиққан эди. У дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ўлароқ эътироф этилади.

XS
SM
MD
LG