Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:28

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Иномжон Усмонхўжаев вафот этди


Иномжон Усмонхўжаев.
Иномжон Усмонхўжаев.

Ўзбекистонга Шўролар даврида Ислом Каримовгача раҳбарлик қилган Иномжон Бузрукхўжаевич Усмонхўжаев 17 март куни 87 ёшида вафот этди. Ўзбекистонга 5 йил давомида раҳбарлик қилган ва “Пахта иши”да айбланиб 12 йилга қамалган Усмонхўжаев 2016 йилнинг ноябрида тўла оқланган эди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев “Озодлик” радиосига Иномжон Усмонхўжаев бугун эрталаб оламдан ўтганини маълум қилди.

- Марҳумнинг жанозаси Фарғонанинг Ёрмозор ҳудудидаги жомъе масжидида ўқилади. Мен ҳозир Иномжон аканинг уйида ўтирибман. Ҳозир у киши билан видолашиб чиқдим. Уни Риштон тумани Пандигон қишлоғидаги қабристонга, Бузрукхўжа отанинг ёнларига дафн этишар экан, -деди Абдусалом Эргашев Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ҳуқуқ фаоли ҳозирча Иномжон Усмонхўжаев жанозасига ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият вакиллари қатнашиши ёки қатнашмаслиги номаълум бўлиб қолаётганини айтди.

Иномжон Усмонхўжаев 1983-88 йилларда Ўзбекистон Коммунистик партияси 1-котиби лавозимларида ишлаган эди.

1989 йилда Усмонхўжаев “пахта иши” бўйича айбланиб, 12 йилга қамалган эди. Бироқ у орадан кўп ўтмай, 1990 йилда қамоқдан озод қилинган, бироқ тўла оқланмаган эди.

Иномжон Усмонхўжаев устидан СССР Олий суди 1989 йилда чиқарган ҳукм президент Ислом Каримов вафот этганидан сўнг 2016 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Олий суди томонидан бекор қилинган.

Шу муносабат билан Озодлик билан ўтган йил декабрида суҳбатлашган Усмонхўжаев¸ бу қарорни 25 йил кутганини айтиб¸ ниҳоят адолат қарор топганидан мамнунлик билдирган эди.

- Бу кунни 25 йил кутдим. Нега бунча чўзилганини ўтган бошлиқларнинг ўзлари билади. Бу нафақат мен учун¸ балки “ўзбек иши” бўйича адолатнинг қарор топиши. Ўзи бу иш ўта ëмон ва хато иш бўлган. Бундай қарор учун бугунги раҳбарларга миннатдорчилик билдираман¸ - деган эди Озодлик билан суҳбатда Иномжон Усмонхўжаев.

Иномжон Усмонхўжаев 1930 йилнинг 21 майида Фарғонада туғилган. Партия арбоби. Ўрта Осиё политехника институтининг архитектура факультетини тугатган (1955). Марғилон шаҳри бош меъмори (1959), Фарғона вилояти партия комитети инструктори (1960), Фарғона вилояти ижроия қўмитаси бошқарма бошлиғи (1961), Фарғона шаҳри ижроия қўмитаси раиси (1962-64), Сирдарё вилояти партия комитети котиби (1965-69), КПСС МК инструктори (1969-72), Наманган вилояти ижроия қўмитаси раиси (1972-74), Андижон вилояти партия комитети 1-котиби (1974-78), Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси (1978-83). Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби (1983-88).

“И. Усмонхўжаев республикага раҳбарлик қилган йилларда сиёсий ва иқтисодий вазият ёмонлашди, у қатъиятсизлиги ва журъатсизлиги туфайли Марказнинг тазйиқига дош бера олмай, 1984-88-йилларда Ўзбекистоннинг кўплаб хўжалик ва партия арбобларини “пахта иши” ва “ўзбеклар иши” деган сохта сиёсий айбловлар натижасида қатағон қилинишига, халқнинг миллий ғурури ва қадриятлари камситилишига йўл қўйиб берди”¸ деган сиëсий баҳо айни кунларда ҳам ўзбек интернет нашрларида кўчириб босилиб келинаётган эди.

XS
SM
MD
LG