Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Лола Каримова -Тиллаева Ҳолливуд юлдузлари роль ўйнаган Мирзо Улуғбек фильмига продюсерлик қилди


Лола Каримова –Тиллаева.
Лола Каримова –Тиллаева.

Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Лола Каримова –Тиллаева Мирзо Улуғбек тўғрисидаги ҳужжатли фильмга продюсерлик қилди. “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм тақдимоти яқин кунларда ўтказилиши айтилмоқда. Бадиий кино элементлари бўлган мазкур ҳужжатли фильмда Ҳолливуд юлдузлари ҳам роллар ижро этган.

Хабарда билдирилишича, ҳужжатли фильмда жаҳон киномотографияси юлдузлари Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳамда ўзбек актёрлари Маъруф Отажонов, Жавохир Зокиров ва Хошим Арслонов роль ўйнаган.

Фильм мусиқасини Ҳолливуднинг машҳур композитори Уолтер Афанасьев ёзган. Уолтер Афанасьев “Титаник”, “Аладдин”, Нотр-Дамлик букри”, “Геркулес” ва бошқа фильмларга ёзилган мусиқаларнинг продюсери ҳисобланади. Фильм саунтрекини эса Севара Назархон ижро этган.

Ўзбек режиссёри Баҳодир Йўлдошев томонидан суратга олинган фильмда Улуғбекнинг жаҳон фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида Британия, АҚШ, Франция, Ўзбекистон, Дания, Россия ва Нидерландлар олимлари фикр билдирганлар.

Лола Каримова – Тиллаева ўзининг Facebook саҳифасида: “Бу турмуш ўртоғим Тимур билан кинопродюсер сифатидаги биринчи ишимиз. Ҳужжатли фильм ўрта асрларнинг энг буюк мутафаккири ва олими Мирзо Улуғбек ҳаёти ҳамда илмий ишларига бағишланган. Бу фильмни яратиш ғояси менда узоқ йиллар аввал пайдо бўлган эди. Бу уникаль ва кўп қиррали шахс мени болалигимдан илҳомлантирган ва ўзига мафтун қилган. Энциклопедик билимга эга инсон, буюк олим ва тинчликпарвар ҳукумдор бўлган Улуғбек ўз даври учун ўта илғор бўлган инсоний сифатларни ўзида мужассам этган эди. Улуғбек замон ва ҳудудий чегараларга сиғмаган буюк шахс”,- деб ёзди.

Маълумотда айтилишича, фильмда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Пристон университети, Гриффит обсерваторияси, Калифорния университети, Копенгагендаги David Collection музейи, Оксфорд тарих ва фан музейи, Оксфорд авлиё Жон коллежида сақланаётган ҳужжатлардан фойдаланилган.

“Ҳужжатли фильм бўлган бу картинага биз бадиий кино элементларини киртишга ҳаракат қилдик. Фильмда ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрлар иштирок этган, шунингдек, ўша давр муҳитига жавоб бера оладиган киймларни ишлаб чиқиш ва танлашга алоҳида катта аҳамият қаратилди”, -деб ёзди Лола Каримова – Тиллаева Facebook саҳифасида.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили ҳамда марҳум биринчи президент Ислом Каримовнинг иккинчи қизи бўлган Лола Каримова-Тиллаева, "Сен ёлғиз эмассан" ва Тошкентдаги республика болалар ижтимоий адаптацияси маркази каби икки йирик хайрия жамғармаси раҳбаридир.

2017 йил 27 январида Парижда ҳар йилда бир бор саховатпеша кишиларга бериладиган The Best Award мукофотининг бу йилги совриндорлари қаторида Лола Каримова-Тиллаева ҳам тақдирланди.

Мазкур тадбирда мукофот олгани ҳақида Лола Каримова-Тиллаеванинг ўзи 3 февраль куни Facebook саҳифасида хабар тарқатди.

XS
SM
MD
LG