Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Украин зобити: Сепаратчилар сафида жанг қилган фарғоналик снайпер ўлдирилди


Маъруфжон Нишоновнинг ДНРда берилган ҳарбий гувоҳномаси
Маъруфжон Нишоновнинг ДНРда берилган ҳарбий гувоҳномаси

Украина Шарқидаги жангларда айирмачилар тарафида урушган яна бир Ўзбекистон ватандоши ўлдирилди. Фарғоналик 34 яшар Маъруфжон Нишонов снайпер қуролидан ўқ отаётганида украин жангчилари томонидан йўқ қилингани тўғрисида Украина Қуролли Кучлари зобити хабар қилди.

Айтилишича, Донбасс минтақаси Авдеевка қишлоғи атрофида Украина мунтазам ҳарбий қисмлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувларда тан олинмаган ДНРчилар тарафида жанг қилган ўзбекистонлик ўлдирилган.

Буни “Украина ҳақиқати” газетаси ва ТСН телеканалига Украина Қуролли кучларининг 72 алоҳида механизациялашган жанговар бригадаси матбуот-офицери Елена Мокренчук тасдиқлаб берди.

8 март куни ўлдирилган 34 яшар снайпернинг чўнтакларидан топилган бир қанча ҳужжатлардан у асли Фарғона вилояти Қува туманидан экани, исми Нишонов Маъруфжон Маъмирович экани аниқланган.

Қўшимча маълумотларни “Обозреватель”даги саҳифасида келтирган Украина Қуролли Кучлари офицери Анатолий Кравчук, ўзбекистонлик ёлланма жангари 72- алоҳида механизациялашган жанговар бригада жангчилари томонидан ўлдирилганини маълум қилди.

Анатолий Кравчук/Обозреватель фотоси
Анатолий Кравчук/Обозреватель фотоси

У украин жангчилар пистирмада соқчилик қилаётган пайтда икки нафар снайперни аниқлагани ва режа асосида йўқ қилишга киришганини билдирди.

- Қуролли тўқнашув натижасида жангарилардан бири ўлдирилди, иккинчиси Ўзбекистонга қочиб кетди. Энг қизиғи, ўлдирилган снайпер маҳаллий “ватник” эмас, Украина Донбассига “десантчиларга” ўхшаб адашиб кириб қолган ҳақиқий “москаль” бўлиб чиқди. Ишонмайсиз, аммо у узоқ Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан келибди. Унинг исми ҳам ҳақиқий, славянча, қадимги русча – Нисонов Маруфжан Намирович. У бу ерда “Рус оламини” вахший бандерачилардан рус рубли учун ҳимоя қилгани келган, кўринади, деб ёзди истеҳзо билан Анатолий Кравчук.

72- жанговар бригада аскарларига кўра, Нишонов яна бир шериги билан Украина жанговар позицияларидан 40 метр нарида жойлашиб олиб, снайперлик милтиғидан ўқ узишни бошлаган. Пистирмада ўтирган “Зверь” лақабли 19 яшар украин аскари уларни оддий “Калашников”дан ўққа тутган.

Отишмада оғир яраланган снайпер қўлга тушганида ҳали тирик бўлгани, бироқ ҳарбий шифокорлар етиб келгунга қадар жон таслим қилгани айтилди.

Унинг чўнтагидан 1983 йилда туғилган Маъруфжон Нишонов номига берилган бир қанча ҳужжат ва бошқа буюмлар топилди. Улар қаторида – 2015 йилнинг 17 октябрида берилган ДНР ҳарбий гувоҳномаси, 2003 йилда Фарғона кечки енгил саноат техникумини “юрист-ҳуқуқшунос” мутахассислиги бўйича битирганлиги тўғрисида имтиёзли диплом, 2006 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан берилган ҳарбий гувоҳнома, Ўзбекистон паспорти, Ўзбекистон Давлат қўриқлаш бўлинмаларидан бирининг гувоҳномаси, рация, Сбербанк кредит карточкаси, Россия рубллари ва ўзбек сўмлари, фотосуратлар бор.

Анатолий Кравчук/Обозреватель фотоси
Анатолий Кравчук/Обозреватель фотоси

Шунингдек, ўзбек жангариси ёнида ўта замонавий, Россияда ишлаб чиқарилган снайперлик милтиғи бўлгани маълум бўлди.

Айни пайтда, Украина ва ундан Россия қувватлови ёрдамида ажралиб чиққан “Донецк халқ республикаси (ДРН)- Луганск халқ республикаси (ЛНР)” чегарасида ҳарбий тўқнашувлар давом этаётгани хабар қилмоқда: ҳарбий кузатувчилар биргина 8 март куни икки тарафдан 69 маротаба ўт очилганини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Донбассдаги жангларда иштирок этиш учун мамлакатга келмоқчи бўлган фуқароларни бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирган эди.

Авдеевкада 8 март куни отиб ўлдирилган ўзбекистонлик Маъруфжон Нишонов Россия-Украина можаросининг биринчи қурбони эмас.

2016 йилнинг 19 сентябрида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Харьков вилоятида жосусликда гумон қилиб, Ўзбекистон ватандошини қўлга олди. Давлат Чегара хизмати ўзбекистонлик “Плетенёвка” назорат пункти борасида махфий техника ёрдамида маълумот йиғишга Россия томонидан жўнатилганини иддао қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

2016 йилнинг 16 августида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Донбассдаги Широкино қишлоғи атрофида украин аскарларини ўққа тутганликда айбланаётган Ўзбекистон ватандошини ҳибсга олган эди. 1996 йилда туғилган тошкентлик Александр Брикин Донбасс айирмачилари тарафида жанговар ҳаракатларга пул ишлаш мақсадида қўшилганини билдирган.

Озодлик Украина шарқидаги можарода ҳам россияпараст Луганск ва Донецк республикалари, ҳам Украина мунтазам қўшинлари сафида жанг қилаётган турли миллат вакиллари, жумладан ўзбеклар ва ўзбекистонликлар тўғрисида хабар қилган.

XS
SM
MD
LG