Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Россия иттифоқчиларига нисбатан миграция қоидаларини кескинлаштирмоқчи


Иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузмаган мигрантлар Россиядан чиқариб юборилади. Яқин орада қабул қилиниши кутилаётган бу қонун лойиҳасига кўра, жазо чоралари Евросиё иқтисодий иттифоққа (ЕАЭС) аъзо бўлган аксар давлат ватандошларига тегишлидир.

Россия Ички ишлар вазирлиги Евросиё иқтисодий иттифоққа (ЕОИИ) аъзо бўлган давлатлардан келиб¸ меҳнат шартномасисиз ишлаётган муҳожирларни Россиядан чиқариб юборишни кўзда тутувчи қонунни парламент муҳокамасига киритди.

Лойиҳага кўра¸ қонунбузарларни Россия ҳудудидан чиқариб юборишдан ташқари уларга жарима ҳам солинади.

Ҳозирда Кремль етагидаги Евросиё Иттифоқи таркибига Беларус¸ Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон киради. Айни пайтда¸ миграция қонунчилигига киритиш таклиф этилган янги қоидаларнинг Беларус ватандошларига тегишли бўлмаслиги айтилмоқда.

Бу қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритилгунига қадар иттифоқ таркибидаги давлатдан келган меҳнат муҳожирлари ишга рухсатнома олишдан озод этилган эди. .

Қонун лойиҳасида меҳнат шартномасисиз ишлаётган муҳожир 2 мингдан 5 минг рублгача жаримага тортилиши ва мамлакатдан бадарға қилиниши мумкинлигин қайд этилди. Юридик шахсларга бўлган жазо 250 мингдан 800 минг рублгача кўтарилди, суд қарори билан ширкатлар фаолияти 14 дан 90 кунгача тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги белгиланди.

Қонунни ишлаб чиққан полициячиларга кўра, бундай чора Евросиё Иттифоқи давлатларидан келаётган шахсларни назорат остига олиш имконини беради.

Амалдаги миграция қонунчилигига кўра, Россия ҳудудига визасиз киришига рухсат этилган Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошларининг маҳаллий иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузиши шарт қилиб қўйилган.

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин ўтган йилда меҳнат муҳожирларига сотилган ишга рухсатномалар пойтахт бюджетига нефт компанияларидан тушаётган даромаддан кўпроқ фойда келтирганини таъкидлаган эди.

Россиянинг барча минтақаларида 2017 йилда визасиз мамлакатлардан келган хориж ишчиларига бериладиган патент нархлари оширилди.

XS
SM
MD
LG