Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:16

Ўзбекистонда пенсиялар нақд пул шаклида ҳар ойнинг 27-санасидан кечиктирилмасдан бериладиган бўлди


Ўзбекистонда пенсия олиш учун навбатда турган одамлар.
Ўзбекистонда пенсия олиш учун навбатда турган одамлар.

Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берила бошланади. Бу борада президент Мирзиёев 2 февраль куни “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Қарорда айтилишича, пенсиялар ҳар ойнинг 27-санасидан кечиктирилмай берилиши шарт.

Виртуал қабулхонага пенсия ва пластик муаммолари бўйича 7 мингта шикоят келган

Қарорга берилган расмий шарҳда айтилишича, 2016 йилнинг 27 сентябридан бери президентнинг виртуал қабулхонасига пенсияларни ўз вақтида тўланмаслиги ва пластикдан пул ечиб олиш билан боғлиқ муаммолар бўйича 7 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган. Бунинг ортидан пенсионерларга пенсияларини нақд пулда беришга қарор қилинди.

Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.

Бундан ташқари қарорда олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизини нақд пулда бериш шартлиги таъкидланади.

Президент қарорида Ўзбекистондаги 58та тоғли ва олис туманлардаги бюджет корхоналарида ишловчи шахсларнинг ойлик иш ҳақлари, ижтимоий тўловлар ва бошқа тўловлар фақат нақд пул шаклида амалга оширилиши шарт экани тўғрисида кўрсатама берилган.

Тўловларнинг ўз вақтида тўланишига бош прокурор, бош вазир ўринбосари ва марказий банк раиси шахсан жавоб беради

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда иш ҳақи, пенсия нафақа ва стипендиялар ҳамда уларга тенглаштирилган тўловларни тўлашда йўл қўйилаётган доимий суистеъмолликларни сўзсиз бартараф этишга доир чораларни кўрсин. Тўловларнинг биринчи талабга биноан хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб рақамларидан ҳеч қандай монеъликсиз берилишини таъминласин”, дейилади, жумладан, қарорда.

Мазкур ҳужжатга биноан бир ой ичида Молия вазирлиги, давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши вилоят ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд тўлов терминаллари инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақини нақд шаклда ва пластик карталарга ўтказиш йўли билан тўлашни танқидий қайта кўриб чиқиши шарт бўлади.

Мазкур тадбир ортидан давлат тузилмалари иш ҳақларини қанча миқдорини нақд пул шаклида ва қанчасини пластик карточка орқали тўлашнинг "мақбул бўлган нисбатлари”ни белгилаши керак.

Бундан ташқари бош прокуратура бир ой ичида “нақд пул маблағларини ўз вақтида берилишини таъминламаётган тижорат банклари раҳбарлари ва мансабдор шасхларни жавобгарликка тортиш бўйича нормалар қандай қўлланилаётганини” ўрганиши тўғрисида кўрсатма берилган.

Ойлик иш ҳақлари, пенсия, стипендиялар ва бошқа тўловларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз вақтида берилишини таъминлаш бўича шахсий масъулият бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев, бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов зиммасига юклатилди.

XS
SM
MD
LG