Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:50

1 февралдан минглаб "дамасчи" ишсиз қоладиган бўлди


1 февралдан бошлаб Андижонда шаҳарнинг ички йўналишларида "Дамас" автомашиналари билан йўловчи ташиш бутунлай тақиқланади Андижон вилояти ҳокимияти ходимининг Озодликка айтишича, бу ҳақда вилоят ҳокимининг махсус қарори чиққан.

"Ноқонуний киракашлик"

Вилоят ҳокимлиги девони ходими қарорни шаҳарда йўл ҳаракатини тартибга солиш зарурати билан изоҳлади.

"Охирги йилларда авариялар кўп бўлаяпти. Авариялар кўп пайтларда "дамасчилар" айби билан бўлади. Кейин, ноқонуний киракашлик қилаётганлар ҳам кўпайиб кетганди," дейди вилоят ҳокимлиги вакили.

Ҳозирда Андижон шаҳрида 92 та йўналиш бўйича тўрт мингга яқин "Дамас" автомобиллари аҳолига хизмат қилади.

Уларнинг ярми автоуюшмаларга, ярми эса якка тартибда ишловчи ҳайдовчиларга тегишлидир.

Киракашлар хавотири

Озодлик суҳбатлашган айрим андижонликларга кўра, янги қарор кучга кириши ортидан минглаб "дамасчи" ягона даромад манбаидан ажралиб қолиши мумкин.

Telegram орқали Озодликка боғланган "дамасчи"лардан бири уларнинг фаолиятини чеклаш ҳаракатлари янги йилдан кейин кучайганини билдирди.

"Биз кунлик 20 минг сўмдан давлатга тўлов қиламиз. Лекин шунда ҳам бизга кира қилдирмаяпти. Йўл хавфсизлик хизмати ходимлари орқамиздан қувлаб юриб, ҳужжатларни олиб қўймоқда. Ҳозир қишда қаердан пул топиб, бола-чақани боқаман. Бирор бир иш бўлмаса… Мен каби киракашлик қилиб оила тебратадиганлар минглаб топилади," деб ёзди у.

Арзон хизмат

Озодлик суҳбатлашган андижонликларга кўра, шаҳардаги "Дамас"ларда йўлкира арзонлиги билан ажралиб туради.

Андижон олийгоҳи ўқитувчиси ишга "Дамасда" қатнашини айтди.

"Ишга "Дамас"да қатнардим. Ҳам арзон, ҳам қулай. Йўлкираси 500 сўм холос. Шофёр истаган жойингизда тўхтайди. "Дамас"ларни олиб ташлашса, пиёда юришимизга тўғри келса керак," дейди Андижон олийгоҳи ўқитувчиси..

Икки йил муқаддам Вилоят ҳокими қарори билан Андижон шаҳрига 200 дона "Исузи" автобуслари келтирилган эди.

Бироқ, улар "Дамас"лар билан рақобат қила олмагани учун бирин-кетин йўналишлардан олиб ташланди.

Вилоят ҳокимлиги ходими "Дамас" ўрнини яна автобуслар олишини айтди.

Озодликка маълум бўлишича, айни чора ва тадбирлар Наманган ва Қарши каби Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам қўлланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG