Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўзбекистонда истеъмолчилардан 11 трлн. сўмни ундириш устида иш бошланди


Мамлакат бўйлаб 11 триллион сўмлик дебитор қарзнинг 263 млрд. 700 млн. сўми идораси Қорақалпоғистон маркази – Нукус шаҳрида жойлашган “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси фойдасига ундирилиши керак.

“Шимолгазтаъминот” бу қарзнинг бир қисмини жорий йилнинг 1 октябригача ундириб, дебиторлик қарзни камайтирмоқчи.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 14 январда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида жами 18 триллион сўмлик дебитор қарздорликдан 11 триллион сўми ёки 60 фоизи охирги 3 йил мобайнида чўзилиб келаётгани тўғрисида гапирган, бу масала куни кеча Қорақалпоғистонда ўтказилган мажлисда ҳам кўтарилган эди.

1 октябргача қарзни камайтирмоқчилар

“Шимолгазтаъминот”нинг исми сир қолиши шарти билан Озодлик саволлрига жавоб берган мулозимига кўра, умумий қарз миқдори 263 млрд. 700 млн. сўм бўлиб, унинг 256 млрд. 200 млн. сўми аҳолидан, 7,5 млрд. сўми улгуржи истеъмолчилар – корхона, ташкилот, муассасалардан ундирилиши лозим.

Аҳолининг газдан қарзини бутун республика аҳолисига бўлиб чиқилса, (Қорақалпоғистон аҳолиси 2016 йили 1 791 100 нафар эди) жон бошига 143 040 сўмдан қарз тўғри келади.

Корхона вакилининг айтишича, жорий йилнинг 1 октябригача дебиторлик қарзларни камайтириш бўйича махсус график ишлаб чиқилган.

- 1 октябргача 41 млрд. сўмлик қарзни, аҳолидан 37 млрд. 200 млн. сўмлик қарздорликни камайтиришимиз керак, деди корхона вакили.

Унинг айтишича, ҳар бир туман ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси ўртасида 4 сектор (ҳудуд) га бўлинган. Тилга олинган ҳар бир идора ўзига бўлиб берилган ҳудуддан қарз ундириш билан шуғулланади.

Эътибор берган бўлсангиз, “Шимолгазтаъминот” вакили 1 октябргача қарздорликни камайтириш ҳақида гапирди.

1 августгача қарзни батамом ундириш айтилган эди

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов эса, 20 январ куни Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган мажлисда мана бундай деган эди:

- Дебиторлик қарздорлик бўйича ҳар бир туман кесимида шаҳарларда қилганимиз каби секторларга бўлиб чиқдик. Туманларда ҳам прокурор, милиция бошлиғи, солиқ, ҳоким ва молия – 5 та – ҳаммасини ёзиб бердик. То 1 августгача газ бўйича дебиторлик қарз жойига қўйиладиган бўлди. Бу гапни айтар экан, бош вазир ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов электр қуввати учун қарзни ундириш бўйича ҳам шунга фикрни билдирган эди.

Бир кеча-кундузда 2 соатга бериладиган қувват

Ўзбекистонда газ ва электр қуввати учун аҳоли қарзи масаласи йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган муаммодир: ҳақдор корхоналар пул талаб қилаверади, истеъмолчи эса, берилмаган ёки етарли миқдорда берилмаган газ ва электр қуввати учун ҳақ тўлашдан бўйин товлаб келади.

Мана ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка етиб келган энг сўнгги хатлардан бири:

“Ассалому алайкум Озодлик, ёзганларимни чикарсангиз ҳурсанд бўлардим. Мана 10 кундирки Шаҳрисабзда свет масаласи жуда ҳам оғирлашди кунига 2 соат уша 2 соатни хам узиб узиб 15-10 минут килиб бераяпти...”

Муаммони ҳукуматнинг ўзи ҳам тан олаяпти

Шаҳрисабздагидай аҳволни бутун мамлакат бўйлаб кузатиш мумкинлигини ҳукуматнинг ўзи ҳам тан олаётганини бош вазир ўринбосари Ғуломжон Иброҳимовнинг Қорақалпоғистондаги мажлисда айтганларидан билиш мумкин.

Мазкур республика бўйича ҳисобот берар экан, Ғуломжон Иброҳимов бундай деди:

- Ҳудудда жами 2200 км юқори кучланишли, 16800 км паст кучланишли ва 4368 та трансформатор мавжуд. Лекин, бугунги кунда паст кучланишли тармоқларнинг 62 фоизи, трансфоматорларнинг 50 фоизи жисмонан ва маънан эскирган. Натижада бир қатор туманларда электр таъминотида узилишларга йўл қўйилаяпти.

Мана шундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати 1 августгача аҳолидан қарзни ундириб олмоқчи.

Президентнинг танбеҳи

Дебитор қарздорлик масаласи шу пайтгача ҳал қилинмагани учун Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 14 январда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида Муддати ўтган қарздорликни қисқартириш комиссияси раҳбарларига мана бундай танбеҳ бер:

“Жами 18 триллион сўмлик дебитор қарздорликдан 11 триллион сўми ёки 60 фоизи охирги 3 йил мобайнида чўзилиб келяпти.

Нима учун ушбу муаммо билан Муддати ўтган қарздорликни қисқартириш комиссиясига бошчилик қиладиган молия вазири ва Марказий банк раиси жиддий шуғулланмаяпти?”

Муаммо ва уни ҳал қилолмаётган "соқоли оқариб кетган" комиссия

“Муддати ўтган қарздорликни қисқартириш комиссияси” нима эканлигига қизиққан киши Ўзбекистонда дебитор қарз масаласи тарихи камида 20 йилни қамраб олишини кўриши мумкин.

Мазкур комиссия 2004 йилнинг 9 февралида президент Каримовнинг қарори билан тузилган бўлиб, унга икки мулозим ҳамраис қилиб тайинланган, уларнинг бири Марказий банк раиси Ф. Муллажонов, иккинчиси эса, Молия вазири М. Нурмуратов эди.

Бу ҳақдаги қарор қабул бошқа бир қарорни - 1998 йилнинг 22 июлида президент Каримов имзолаган “Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қарорни бекор қилган эди.

Демак, биз бугун бир четини ўрганганимиз муаммонининг мавжудлигини ҳукумат тан олганига қарийб 20 йил бўлди. Шунча вақтдан бери ечими топилмаётган муаммони ҳукумат 1 августгача ҳал қилмоқчи – дебитор қарзларни тўла ундириб олмоқчи.

Ҳақдор корхоналарнинг ўзи эса, ҳар ҳолда бугун тилга олганимиз “Шимолгазтаъминот” 1 октябргача дебитор қарзларни камайтирмоқчи, холос.

XS
SM
MD
LG