Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Hurriyet: Машариповга Истанбулдаги ҳужум учун уч хотин тортиқ қилинган


Истанбулда қўлга олинган Абдулқодир Машарипов.
Истанбулда қўлга олинган Абдулқодир Машарипов.

Янги йил кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубига қуролли ҳужум уюштирган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповга “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи мукофот ўлароқ уч хотин ҳадя қилган. Бу ҳақда Туркиянинг Hurriyet нашри 19 январь куни хабар тарқатди.

“Агар султон бўлсайдим...”

Абдулқодир Машарипов 16 январь оқшомида қўлга олинган Эсенюртдаги уйда сенегаллик Дина А., ироқлик Али Жамил Муҳаммад ва сомалилик Ойша М. ҳам ушланганди. Машарипов бу аёллар билан никоҳ ўқитиб олганини айтган.

Ҳибс асносида хонадондан икки тўппонча, 197 минг доллар нақд пул, дрон ва сим-карталар чиққан. Турк расмийлари бу пулларни ҳам террор амалиёти учун тўлов эканини тахмин қилмоқдалар.

Haberler нашрининг ёзишича, Истанбул полицияси террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари ўтказган сўроқ чоғида Абдулқодир Машарипов “Нима учун Reinaга (тунги клуб номи – таҳр.) ҳужум қилдинг?” деган саволга “Улар кофир бўлганлари учун ўша ерга ҳужум қилдим”, дея жавоб берган.

Машарипов тунги клубга ҳужум амрини Раққадан олган

Абу Муҳаммад Хуросоний лақабли 34 ёшли ҳужумчи ҳужум ҳақидаги топшириқни “Исломий давлат” маркази ҳисобланмиш Раққадаги амирдан олганини айтган.

Даставвал унга Янги йил кечаси Тақсим майдонида амалиёт ўтказиш буюрилган, бироқ майдонда хавфсизлик чоралари кучли бўлгани учун ҳужум режаси ўзгарган ва ҳадаф ўлароқ Reina танланган.

“Reina амалиёт учун тўғри келарди, бироқ ичкариси қанақалигидан хабарим йўқ эди. Бу ҳолатни менга амр берган кишига билдирдим. Ҳужумни амалга ошириш қарори қатъийлашганидан кейин Раққадаги амир Reina ичи акс этган тасвирларни йўллади. Видеони қайта-қайта кўриб чиқдим. Ичкарининг планини яхшилаб ўрганганимдан кейин Зейтинбурнуга бориб, қурол билан қўл бомбасини олиб келдим ва ҳужумни бошладим”, деган Абдулқодир Машарипов полициячиларга берган кўрсатмасида.

Турк полицияси бу тасвирлар Reina тунги клуби сайтидан ва клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олинганини тахмин қилмоқда.

Алқоидачидан ишидчига айланган фарғоналик

Машарипов Туркияга 2016 йил январида Эрон орқали келгани, бир муддат Кўнё шаҳрида яшагани, кейин “Исломий давлат” масъулларидан Истанбулда террор хуружи уюштириш амрини олганини билдирган.

1 январга ўтар кечаси Reina тунги клубида амалга оширилган ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 69 одам яраланган. Ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” радикал гуруҳи ўз зиммасига олганди.

Аввалроқ Туркиянинг Онадўли агентлиги Абдулқодир Машарипов Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан бўлгани, у ўз ватанини олти йил аввал тарк этиб, Афғонистонга ўтиб кетгани ҳақида хабар қилганди. У террор гуруҳига аъзолиги туфайли Ўзбекистонда қидирувдаги шахслар рўйхатида бўлган. Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон хавфсизлик хизмати вакиллари Туркия томони билан Абдулқодир Машарипов иши бўйича яқин алоқада экани, террорчининг ҳаракати бўйича терговда мавжуд маълумотларни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.

Хабарларга кўра, Машарипов Афғонистонда юрган пайтда Ал-Қоида сафидан чиқиб, ИДга қўшилишга қарор қилган.

Портламай қолган бомба

Абдулқодир Машарипов Истанбулдаги сўроқ пайтида тунги клубга худкуш амалиётини содир этиш учун келганини айтган. Ҳужумчининг айтишича, у тасарруфидаги қўл бомбаси шовқин чиқарувчи бомба бўлганини портламай қолганидан кейин англаган. Бомба портламагач, у воқеа жойидан қочган.

Машарипов тунги клубга ўлимни бўйнига олиб борганини ҳужум оқшомида Истанбулнинг Молтепа мавзеида яшаган хотини ва икки фарзанди билан видолашиб чиқиб кетганидан ҳам билса бўлади.

Ҳужумдан сўнг Машарипов яна Раққа билан боғланган. Унинг айтишича, Раққадаги амир Туркиядан қочишда унга ёрдам ваъда қилган. Бироқ ҳужумчи қочишга улгуролмай, полиция томонидан қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG