Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Россия депортация лагерида сақланаётган ўзбекни Ўзбекистон қабул қилмаяпти


Россиядаги муҳожирларни сақлаш марказларидан бирининг камераси (Челябинск шаҳри)
Россиядаги муҳожирларни сақлаш марказларидан бирининг камераси (Челябинск шаҳри)

Россиянинг Ханти-Манси автоном округида жойлашган Хорижликларни вақтинчалик сақлаш марказида 1,5 йилдан буён қолаётган асли сурхондарёлик Зарифбек Баширов Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларига уни озодликка чиқаришни сўраб видеомурожаат қилди. Марказ раҳбарияти Ўзбекистон 1994 йилда Россияга чиқиб кетган Зарифбекни ватандоши сифатида тан олмаётгани, Россия судлари эса уни “ўз юртига” чиқариб юбориш кераклиги тўғрисида ҳукмларни чиқараётганини гапирмоқда. Россиянинг бошқа депортация марказларида қолаётган ўзбекистонликлар ҳам ўзлари тушган вазиятга эътибор қаратишга уринмоқда.

Ёши 40 қа кирган Зарифбек Баширов 1 йилу 7 ойдан буён Сургут шаҳри яқинида жойлашган Хорижликларни сақлаш маркази – СУВСИГда ушлаб турилибди.

Озодликка мурожаат қилган Зарифбек ўзи асли сурхондарёдан экани, аммо ҳануз Совет паспорти билан Россияда яшаб келишини гапириб берди.

- 1994 йилда Сурхондарёдан қайддан чиқиб, Тошкентга қўяман деб қўёлмасдан, Россияга келиб қолганман. 1998 йилдан бери мен уйга бормаганман. 2015 йил сентябрда Ханти-Мансийскка паспортимни алмаштираман, деб борган эдим, полиция ушлаб олди ва суд қилиб ҳалигача изоляторда ўтирибман. Ишим қўриб чиқилмаяпти: 4 маротаба Новосибирскдаги консулга мурожаат қилишибди – улар “фуқаромиз эмас”, дебди. Москвадаги элчихонадан “2000 йилгача паспорт олмаган бўлса, фуқаромиз бўлолмайди!”, деб отказ қилишди. Бу ерда эса 4 маротаба маҳаллий судларга, Россия Олий Судига ёздик – натижасиз жавоб келди. Ишимни ҳеч ким кўрамяпти, деди Зарифбек.

Суҳбатдош Россия судлари ва мутассадди идоралари ҳам уни мамлакатдан бадарға қилиш кераклиги тўғрисида бирин-кетин қарорларни чиқаргани, Ўзбекистон эса уни қабул қилишни истамаётганини айтади. Зарифбек Баширов қонунга кўра уни 6 ойдан кўп ушлашга ҳақлари йўқлигини билдириб, икки давлат ҳукумат раҳбарларига видеомурожаат ҳозирлади.

- Менга фарқи йўқ! Менга российский паспорт беришса, Ўзбекистонга ҳам чиқиб кета оламан. Ўзбекистонга юборишса ҳам майли - бир иложини қилиш керакку булар! Одамлар узоғи билан 1-2 ойда чиқиб кетяпти. Бу ердаги ходимлар “Сен айбдор эмассан!”, дейишаяпти. Аммо ҳеч нарса қила олмаймиз деяпти, деди Озодлик орқали мурожаат қилган Зарифбек Баширов.

Баширов масаласида Озодлик Ханти-Мансийск-Югра автоном округидаги Хориж ватандошларини сақлаш марказига сўровнома юборди. Бу масалада тушунтириш берган ва ўзини идора директори Борис Станиславович деб таништирган ходим Зарифнинг вазиятини “парадоксал”, деб атади.

- Ҳа, Баширов Зариф дегани бизда бор. Қонунчилигимизда марказда сақлашнинг энг аниқ муддати белгиланмагани боис ушлаб турибмиз. Консул уни Ўзбекистон ватандоши эмаслигини ва унга бирор ҳужжат бермаслигини гапирмоқда. У бу қарорлар устидан арз қилиб Олий Судгача борди – натижа бўлмади. Шундай парадоксал ҳолат. Биз унга ҳозир Россия ҳудудида легаллашишга кўмак беришга уринаяпмиз, деди вазият боши берк кўчага кириб қолганини тушунтиришга уринган СУВСИГ директори.

Борис Станиславович Зарифбекнинг маъмурий жазо учун 1,5 йилдан буён изоляторда сақланишини Россияда қабул қилинган миграция қонунчилигининг нобоплиги билан изоҳлади.

"Пулинг бўлса кетасан!"

Айни пайтда, Озодлик улкан Россиянинг турли минтақаларида жойлашган депортация марказларида ҳам айни вазият юзага келгани борасида хабарларни олишни давом этмоқда. Бу марказларга суд қарорлари билан келтирилган минглаб, жумладан, ўзбек меҳнат муҳожирлари узоқ вақт мобайнида чиқиб кета олмаётганидан арз қилмоқда.

Андижонлик Азамат Эгамов бир неча ойдан буён Пермдаги депортация лагерида сақланаётгани ва маъмуриятнинг уларга бўлган муносабати устидан шикоят қилиб видео орқали мурожаат қилди.

- Мана шу ерда мен махсус приёмникда 3 ойдан бери ўтираман. Ундан ташқари бир қанча ўзбеклар бор – ким 4 ой, ким 10 ойлаб ҳар хил сабаблар билан ушлаб ўтирилибди. Мен замдиректор Королев Андрей Николаевичга мурожаат қилган эдим, у “Пулинг борми? Пул бўлса жўнатамиз - пул йўқ”, деб айтди. Бу ердаги ҳамма Ўзбекистон ватандошларига шундай гапирар экан у. Ортиқча гапирсак, ОМОН чақиртираяпти. Бир маротаба ОМОН келиб, ҳаммани уриб-қўрқитиб кетди. Овқатига қараб бўлмайди. Королев “Сен ўзбекларни мана шу ерда чиритаман!”, деб бақираяпти. Бизни жўнатишга ажратилган пуллар қаерга кетаяпти? Шу ҳолатларни келиб текширишингизларни сўрардик, деди андижонлик Азамат.

XS
SM
MD
LG