Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:40

Мирзиёев: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди!


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячиларига байрам табригида ўз мамлакатининг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини таъкидлади. Жаноб Мирзиёев, шунингдек, мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ҳам жойлаштирилмаслигини маълум қилди.

Жума куни Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган Тошкентдаги Туркистон саройида бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган табрик нутқида Мирзиёев, жумладан, шундай деди:

“Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади”, - деди Мирзиёев.

Ўз табригида Ўзбекистон президенти мамлакат қўшинларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш ва Ўзбекистоннинг ўз ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш муҳим вазифа бўлишини гапирди.

“Мамлакатимизнинг етакчи корхоналарида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак”, - деди Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқиш зарурати ҳақида ҳам гапирди.

Ўзбекистонда янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлади, деди Мирзиёев.

"Шу мақсадда мамлакатнинг ҳар бир минтақасида икки-учтадан коллеж ва лицейни белгилаб қўйиш керак. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланади", - деди Мирзиёев.

Лекин, Ўзбекистоннинг янги ҳарбий доктринаси нимаси билан аввалгисидан фарқ қилиши ҳақида Мирзиёев гап очмади.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларида Ўзбекистон ҳеч қандай сиёсий блокка аъзо бўлмаслигини таъкидлаб келган.

Афғонистондаги Толибон ва "Ал-Қоида" жангариларига қарши амалиётларининг дастлабки босқичида Ўзбекистон АҚШга Қарши шаҳри яқинидаги "Хонобод" базасини таклиф қилган, аммо 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан ўзаро муносабатларнинг кескин совуқлашиши уларнинг базани тарк этишлари билан якунланганди.

2015 йилда эса Германия Термиз аэропортидаги ҳарбий транспорт базасини ёпди.

Бундесвер Термиз аэропортидан 2002 йилда халқаро коалиция Афғонистонга киритилганидан буён транзит мақсадларда фойдаланиб келган.

XS
SM
MD
LG