Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Тожикистонда имом-хатибдан бошқа шахснинг никоҳ ўқиши тақиқланади


Тожикистонлик муллалар яқинда турмуш қураётган ёшларни никоҳ қилиш имконидан маҳрум бўладилар. Бу ҳақда тайёрланаётган қонун лойиҳасида айтилишича, никоҳ ўқиш фақатгина масжид имом-хатиби зиммасига юклатилади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги дин, анъана ва одатларни тартибга солиш қўмитаси парламентнинг қуйи палатаси кўриб чиқишb учун янги қонун лойиҳасини жўнатди. Бу лойиҳада никоҳ ўқитиш маросимини фақат рўйхатдан ўтган масжидлар имом-хатиблари ўтказиши мумкинлиги ҳақида гап боради.

Тожикистон диний ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Ҳусейн Шокировнинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, масжид имом-хатибларидан ташқари “ғайриқонуний” никоҳ ўқиган бошқа дин уламолари маъмурий, ва ҳатто, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мулозимнинг айтишича, янги тартиб эрта ёшдаги никоҳларнинг олдини олиш, расмий никоҳдан ўтмасдан бошқа “никоҳ”ларга йўл қўймаслик мақсадида жорий қилинади.

2011 йилнинг январь ойида Тожикистон “Оила кодекси”га расмий никоҳ қайдидан ўтмаган шахсларни исломий никоҳдан ўтказмаслик ҳақида тузатиш киритилган эди.

Бу тузатишга кўра, мулла никоҳ ўқишдан олдин, ёшлар расмий никоҳдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатни кўрсатиши шарт бўлган.

Тожикистонда ҳозир ҳам балоғат ёшига етмаган ёшларни исломий никоҳдан ўтказиш ҳоллари учраб туради. Мутахассисларнинг айтишларича, бунинг асосий мамлакатдаги полигамия – ёш йигитларнинг ниҳоятда камлигидир. Аксарият ёш йигитлар Россияга ишлагани кетиб, ўша ерда уйланиб қолиб кетмоқда.

Айни пайтда Тожикистонда турмушга чиқиш ёши 18 қилиб белгиланган бўлса ҳам, лекин келинликка танланадиган қизларнинг талаб ёши 15-16 эканлиги айтилади. Аксарият ота-оналар қизларини мактабни тугатганидан сўнг, айрим ҳоллларжда эса мактаб ёшидаёқ эрга бериш ҳолатлари кузатилади. 18 ёшдан кичик бўлганлар никоҳига фақат суд рухсат бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти фармони билан мамлакатда яқин қариндошларнинг никоҳи тақиқланган.

Ўзбекистонда ҳам никоҳларни фақат лицензияси бор муллалар ўқиши жорий қилинган.

2013 йилда эса "турмуш қуриш ёшига етмаган шахс билан амалда турмуш қурган”ларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди.

18 ёшга тўлмаган фарзандларини турмушга берган ёки уйлаган ота-оналар ёхуд уларнинг васийлари энг кам иш ҳақининг 30 дан 50 даражагача бўлган миқдорида жаримага тортилиши, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки тўрт ойгача ҳисб қилиниши мумкин.

2016 йилда Қирғизистон парламенти ҳам вояга етмаганларни никоҳлаганлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.

Қирғизистон Жиноят кодексига киритилмиш тузатишларга мувофиқ, никоҳ ёши ҳақидаги қонунчиликни бузган ҳолда бу маросимни ўтказган ота-оналар, никоҳ ўқиган шахслар ва никоҳланган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG