Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Гулистон ҳокими бозорчиларни янги жойга мажбуран кўчириш учун бозор дарвозаларини ёпти


Дарвозалари ёпилган Гулистон деҳқон бозори
Дарвозалари ёпилган Гулистон деҳқон бозори

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги деҳқон бозори маъмурияти савдогарларни шаҳар четида қурилган янги бозорга кўчириш учун 6 январь куни дарвозаларини очмади. Бозор дарвозаси олдида йиғилган ўнлаб савдогар ва харид қилгани келган шаҳарликлар совуқда бир неча соат туриб, тарқалди. Озодлик суҳбатлашган бозорчиларнинг айтишича, ҳали тўла қуриб битказилмаган ва ижара нархлари икки баравар қиммат бўлган янги бозорга қишнинг қаҳратон кунида кўчишга уларда хоҳиш йўқ.

Гулистон шаҳри марказидаги деҳқон бозори 6 январь куни ишламади. Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бу тадбир шаҳар ҳокими қарорига биноан амалга оширилган.

“Бугун эрталабдан деҳқон бозорининг тўрт дарвозаси ҳам очилмади. Изғирин совуқда тадбиркорлар дарвозалар қачон очилар экан деб, роса кутишди. Бозорга харид учун келган одамлар ҳам қайтиб кетишди. Бозорқўмнинг айтишича, ҳоким бугундан дарвозаларни очмаслик ҳақида буйруқ берган. Бунинг ўрнига ҳоким келиб халқ билан маслаҳат қилса бўлармиди? Бозорни кўчиришни жуда ҳам истаган бўлса, шу ишни ёзда қилса бўлмайдими”, деди Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир савдогар, янги бозор шаҳарликлар талаб-истакларини инобатга олмай қурилган ва ҳали тайёр эмаслиги боис, савдогарлар у ёққа кўчишни исташмаëтганини айтади.

“Биринчидан, янги бозор талабга умуман жавоб бермайди. Эски бозордан кичик қилиб қурилган, ҳамма тадбиркорга ҳам жой бўлмайди. Иккинчидан, янги бозорга борадиган йўл тор, ҳозирдан машиналар тирбанд бўлиб ётибди. Учинчидан, шаҳарнинг четидаги “Жилгородок” деган жойга қурилган. Шаҳарнинг бу чеккасидаги харидорларга қийин бўлади. Тўртинчидан, дўконлар жуда оз қурилган. Бу эса тадбиркорлар ўртасида жой талашиш жанжалига сабаб бўлади”, дейди бу тадбиркор.

Суҳбатдошнинг айтишича, янги бозордаги жой ва ижара нархлари ҳам эски бозорга нисбатан икки баравар қиммат қилиб белгиланган.

“Жойларнинг нархи қиммат. Масалан¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотадиганлар учун бир кунлик патта пули 5 минг сўм бўлса, янги бозорда 10 минг сўм қилишибди. Янги қурилган дўконлар нархи ҳам жуда қиммат қилиб белгиланган. Патта ва дўконларнинг ижара нархи беҳад оширилгани тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлаяпти”, дейди гулистонлик бу тадбиркор.

Деҳқон бозори дарвозалари ёпилганини тасдиқлаган Гулистон шаҳар ҳокими ёрдамчиси, бу масалага тўлиқ изоҳ олиш учун ҳокимликнинг иқтисод бўлимига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Иқтисод бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими эса бу масала билан ҳокимнинг ўзи шуғулланаётганини айтиб, “бизнинг бундан хабаримиз йўқ”, дея жавобни қисқа қилди.

Озодлик яна қайтиб ҳоким қабулхонасига қўнғироқ қилганида, ҳоким ёрдамчиси “Иқтисод бўлими билмаса, бизнинг ҳам бундан хабаримиз йўқ”, деб гўшакни илиб қўйди.

Ўзбекистон марҳум президенти қарори асосида 2012 йилдан бери мамлакат бўйлаб шаҳар ва туманлардаги марказий деҳқон бозорини янгилаш, ободонлаштириш, кенгайтириш, аҳоли ва сотувчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш¸ бозор инфратузилмасини мукаммаллаштириш ва янгилаш иддаоси билан кенг кўламли бузиш ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ижроси учун 2016 йил сентябрига қадар мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиëев масъул бўлган бу қарор¸ аксар жойларда¸ маҳаллий савдогарлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG