Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:54

Москва полицияси Нилуфарнинг боласи тортиб олинганини рад этди (ВИДЕО)


Нилуфар Мамасаидова ва унинг қизи Манижа
Нилуфар Мамасаидова ва унинг қизи Манижа

Москва шаҳар полицияси Кунцево районида яшаётган андижонлик аёлнинг 1 яшар боласини тортиб олганига оид иддаони рад қилмоқда. ТАСС агентлигининг полиция матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, полиция "ҳужжати бўлмаган ўзбекистонлик аёлнинг бир ёшли гўдагини тортиб олмаган, балки юқумли касалликлар шифохонасига ётқизган".

Полиция вакили ТАСС агентлигига: "Бола, онасининг сўзларига кўра, бир неча кун хаста бўлгани ва ҳарорати юқори бўлгани боис, шаҳардаги 1-Юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди", дея маъулмот берди.

Агентлик хабарида айтилишича, 26 декабрь куни Кунцево райони полициячи ходимлари академик Павлов номидаги кўчада жойлашган уйлардан бирида яшаётган Ўзбекистон ватандошининг 2015 йилдан буён шаҳарда ноқонуний яшаётганини аниқлаган.

"Бу аёл шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилмади ва ҳужжатларни бир танишига берганини айтди", деб изоҳ берган полиция ходими.

Хабарда шу асосда аёлнинг иши маъмурий тартибда судга оширилгани, касал бола эса шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Нилуфарнинг даъвоси

Бир ёшли гўдаги билан Россия пойтахтида яшаётган 30 яшар Нилуфар Мамасаидова эса 26 декабрь куни Москвадаги уйини ўғри ургани, нарсалари билан бирга ҳужжатлари ҳам ўғирлангани, полицияга ўғирлик тўғрисида ариза ёзишга борганида эса қўлга олинганини даъво қилган.

Адвокати Баҳром Исмоилов Нилуфардан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги учун, 1 яшар қизи Манижани полиция ходимлари олиб қўйиб, касалхонага ётқизганини айтган. Нилуфарнинг ўзи эса 3 кунга қамалган.

Баҳром Исмоилов 6 январь куни Москва вақти билан соат 12 атрофида Озодликка бундай деган:

- Мен ҳозир Нилуфарнинг ўзи ва элчихона ходимлари билан (Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси –таҳр.) Москвада кундуз соат 2 бўлганида Москва шаҳар, Кунцево район прокурорига полиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан ариза топширамиз.

Адвокатнинг айтишича, полиция ходимлари Нилуфарнинг қизини олиб қўяётганда уни гўёки кўчадан топиб олинган, онаси йўқ, ташландиқ бола сифатида расмийлаштириб, акт тузган. Нилуфар адвокати ёрдамида прокуратурадан ўша актни бекор қилишни сўрамоқчи.

Рус полицияси ҳужжатсиз қолган ўзбек аëлидан 1 яшар боласини олиб қўйди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00

Нима бўлган эди?

Нилуфар Мамасаидованинг кўргиликлари тўғрисида Озодликка Москвада яшайдиган журналист Соҳиба Ҳайитбоева айтиб берди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида меҳнат муҳожирлари муаммолари билан шуғулланадиган журналистнинг айтишича,

- Москва области, Зеленоград шаҳрида сиделка бўлиб ишлаётган Нилуфар бироз шамоллаб қолган қизини дўхтирга кўрсатиш учун 26 декабрда Москвага келган ва дугоналари турадиган квартирада тунаган. Ўша тунда квартирани ўғри уриб, Нилуфарнинг ҳужжатлари ҳам ўғирланади.

Шундан сўнг полицияга ўғирлик тўғрисида ариза ёзиш ҳамда ҳужжатлари йўқолгани тўғрисида справка сўрашга борган Нилуфарни, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлигини рўкач қилиб, 1 яшар қизи Манижани полиция ходимлари олиб қўйиб, касалхонага ётқизган.

Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, Нилуфарнинг 1 яшар қизи Манижа ҳануз:

- Москва шаҳри, Волоколамск шоссесидаги 1- инфекцион касалликлар касалхонасида қолмоқда. Болани кўриш учун Нилуфар билан ҳар куни бораяпмиз. Олиб борган нарсаларимизни олишаяпти, лекин болани онасига кўрсатишмаяпти.

Ейишга сувсиз "Ролтон", 3 суткада 2 марта туалет

Қизи Манижа касалхонага ётқизилган онанинг ўзи Янги йил арафасида 3 сутка Кунцево туман полиция бўлими ҳибсхонасида ётиб, қаттиқ шамоллаб чиқди. Ҳибсхонада ўзига нисбатан қилинган ноинсоний муносабат тўғрисида Нилуфар Озодликка айтиб берди:

- 3 кеча-кундуз совуқ камерада сақлашди. Кираётган куним қўлимга битта коробка беришди. Ичида “Ролтон” (ивитиб ейиладиган угра – таҳр.) икки пакетчада қуруқ чой, 2 дона оқ қанд, 2 та қошиқ, 1 та вилка бор эди. Қайноқ сув беришмади. Пайпоғимни ҳам ечишга мажбур қилишди. 3 суткада 2 марта туалетга чиқишга рухсат беришди. Ўшанда ҳам эшикни тепиб, тақиллатаверганимдан сўнг рухсат беришди, деди Нилуфар.

Одатланилмаган эътибор

Нилуфар Мамасаидова ва унинг қизи Манижа билан боғлиқ воқеа 2015 йил кузида содир бўлган шунга ўхшаш бошқа воқеа -тожикистонлик 5 ойлик чақалоқ Умарали Назаровнинг ўлими билан тугаган воқеадан фарқ қилмоқда.

Агар Умаралининг ота-онаси ўз кўргиликлари билан якка-ёлғиз қолган, Россия Тергов қўмитаси, охир-оқибат, тожикистонлик гўдакнинг ўлимида "жиноятчилик аломатлари" топмаган ва жиноий ишни ёпган бўлса, Нилуфар ва унинг қизи ишига Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил – Бола Омбудсмани – Анна Кузнецова аралашди.

Бу ҳақда хабар қилган kommersant.ruга кўра, Кузнецова “Ўзбекистон фуқаросига унинг 1 яшар қизини қайтариш учун зарур шартларни яратиш зарурлиги” тўғрисида баёнот берган.

“Ҳаёти ва саломатлигига таҳдид мавжуд пайтда болани онасидан ажратиш ўта хавфли чорадир. Ҳозирда онанинг ўз қизи билан кўришиши учун ёрдам бериш ўта муҳим, боланинг онага қайтарилиши учун барча шароитларни яратиш лозим”, деган Россиянинг Бола Омбудсмани.

Нилуфар Мамасаидова ва унинг қизи Манижа билан боғлиқ воқеага Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам фавқулодда тезкорлик билан аралашди.

“РИА Новости”га кўра, пайшанба (5 январь) куни Нилуфарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаб берди.

Бу маълумотни Озодликка адвокат Баҳром Исмоилов ҳам, журналист Соҳиба Ҳайитбоева ҳам, Нилуфарнинг ўзи ҳам тасдиқлади.

Санкт-Петербургдаги касалхонада кўз юмган тожикистонлик гўдак

5 ойлик Умарали Санкт-Петербургда онаси Зарина Юнусованинг қўлидан 2015 йилнинг 14 октябрида полициячилар томонидан зўрлик билан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач, ноаниқ бир вазиятда жон берганди.

Болани даставвал вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторга топширганлар, кейин эса у “тез ёрдам” машинасида касалхонага юборилган.

Умаралининг ўлими бўйича жиноят иши очилган. Суд-тиббий экспертиза ходимлари хулосасида боланинг бевақт ўлимига шиддат билан кучаяётган цитомегаловирус сабаб бўлгани айтилган.

Бироқ фарзандининг соғлом бўлганини иддао қилган ва бу ҳақда тиббий маълумотномаларга эга бўлган ота-она экспертларнинг бу хулосасига ишонмайди.

Орадан бир йил ўтиб Россия Тергов қўмитаси тожикистонлик гўдакнинг ўлимида "жиноятчилик аломатлари" топмагани ва жиноий ишни ёпилганини эълон қилди.

***

Энг сўнгги янгилик: Нилуфар Мамасаидованинг аризасини прокуратура қабул қилди. Бу ҳақда 6 январь, Москва вақти билан 18.35 да Соҳиба Ҳайитбоева Озодликка маълум қилди.

XS
SM
MD
LG