Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Душанбеда ўзбек ва тожик ҳукуматлари ҳамкорликни яхшилаш йўлларини изламоқда


Ўзбекистон делегациясига Рустам Азимов раҳбарлик қилмоқда (сурат Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинди).
Ўзбекистон делегациясига Рустам Азимов раҳбарлик қилмоқда (сурат Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинди).

Душанбега сафар қилган Ўзбекистон бош вазир муовини Рустам Азимов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси 27 декабрда савдо ва иқтисодий ҳамкорликларга оид ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида иштирок этмоқда.

Бу Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этганидан буён Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг қўшни Тожикистонга илк расмий сафаридир.

Ҳукуматлараро комиссияга Тожикистон тарафидан бош вазир биринчи муовини Давлатали Саид раҳбарлик қилмоқда.

28 декабрда Рустам Азимовнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Душанбега 26 декабрда бориши кутилган, аммо Имомали Раҳмоннинг Россияга сафари туфайли, бир кунга кечиктирилганди.

Тожикистон ҳукуматидаги манбаларга кўра, музокараларда томонлар икки мамлакат ўртасида виза тартибини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза тартиби 2000-йилда жорий этилганди.

Тожикистон Транспорт вазири Шерали Ганжалзоданинг айтишича, ҳукуматлараро комиссия учрашувида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида темир ва автомобиль йўлларини очиш масаласи ҳам муҳокамага қўйилади.

"Биз транспорт алоқаларини қайта тиклаш бўйича таклифларимизни берганмиз. Ҳозиргача транспорт борди-келдиси бўйича битим имзолангани йўқ. Музокаралар чоғида бу масалани муҳокама қиламиз. Лекин бу галги учрашувда айни масалада битим имзоланмайди,” - деди Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжиев.

Музокараларда, шунингдек, тарафларнинг янги чегара нуқтасини очишга келишиб олиши ҳам кутилмоқда.

Тожик расмийларига кўра, расмий Тошкент 2017 йил бошида Душанбеда Ўзбекистон маҳсулотларининг йирик кўргазмасини ташкиллаштиришни режалаштирмоқда.

Ушбу кўргазма ҳошиясида ўзбек ва тожик ишбилармонларининг илк форуми бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 25 йил давомида босқичма-босқич ёмонлашди: 2000-йиллар бошида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва тижорий ҳамкорлик ярим миллиард доллардан ошган бўлса, 2015-йилда бор-йўғи 12 миллион долларни ташкил этди.

Рустам Азимов ва Имомали Раҳмон
Рустам Азимов ва Имомали Раҳмон

Аммо, Ислом Каримов вафотидан кейин, расмий Тошкент ва Душанбе муносабатларида илиқлашув кузатилмоқда: сўнгги уч ой ичида бир гуруҳ ўзбекистонлик ишбилармонлар ва тижоратчилар Тожикистоннинг Суғд вилоятига ташриф буюрди; Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Душанбеда президент Имомали Раҳмон билан мулоқот ўтказди.

Тарафлар Душанбе ва Тошкент ўртасида январь ойидан бошлаб парвозларни қайтадан очишга келишиб олди.

Парвозларни икки мамлакатнинг "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ва "Сомон Эйр" авиаширкатлари амалга оширади.

Тожик расмийлари хабар қилишларича, "Душанбе-Тошкент-Душанбе" қатнови ҳафтада икки марта бўлади.

Кейинчалик траснпорт учоқлари парвозларини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG