Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Маҳалла танқид қилинган кино муаллифи Шуҳрат Аббосов энди маҳалла улуғланган фильмни суратга олди


Режиссëр Шуҳрат Аббосов.
Режиссëр Шуҳрат Аббосов.

Бундан 56 йил олдин совет мафкураси буюртмаси сифатида суратга олинган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг янгича талқини Фарғона водийсида суратга олинди. Озодлик билан суҳбатда фильм муаллифи¸ таниқли режиссëр Шуҳрат Аббосов “Dono Productions” студиясида суратга олинган бу фильмнинг деярли якунига етганини билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ бу галги фильм бундан 56 йил олинган кинодан буткул фарқ қилади:

- Кинони битириб ҳам қўйдик. 6 соатга етадиган материал бор. Ўғлим Нозим билан монтаж қилаяпмиз. Кино маҳалла ва унинг афзалликлари ҳақида ҳикоя қилади. Кино ўз маҳалласига ëрдам бериш учун бадавлат ўғлининг пулларини сарфлайдиган фидокор маҳалла раиси бўлган аëл призмаси орқали бугунги кунимизни акс эттиради¸ дейди суҳбатдош.

Янги фильм суратга олиш жараëни
Янги фильм суратга олиш жараëни

“Dono Productions” студиясига яқин Озодлик манбаси фильм синопсиси ва монтаж кетма-кетлигида акс этган диалоглар рўйхатини юборди.

Бу маълумотларга кўра¸ “Эри Горбачев перестройкаси пайтида мардикорликка кетган аëлнинг ëлғиз ўзи уч ўғилни катта қилади ва маҳаллага раис бўлади”.

Фильм синопсисига кўра¸ “ëмон Горбачев пайтидаги моддий қашшоқликка яхши Каримов давридаги фаровонлик оппозит қилиб кўрсатилади”. Бу фаровонлик боис фильм қахрамонининг ўғли миллионер бўлади ва маҳаллага стадион қуриб беради. Фильм бу учта ўғилни уйлантириб тўю томоша қилиш тадбирлари асносида “happy end” билан тугайди.

Фильмга¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Қўқон тўқимачилик комбинати ҳомийлик қилган.

"Маҳаллада дув-дув гап 2" фильмини тасвирга олиш жараëнидан сурат.
"Маҳаллада дув-дув гап 2" фильмини тасвирга олиш жараëнидан сурат.

Фильмни суратга олиш жараëнига алоқадор бўлган рассом¸ ижтимоий тармоқларда Акмал Ризев тахаллуси билан эсселар ëзадиган блоггернинг айтишича¸ ҳар иккала фильм ҳам ижтимоий буюртма асосида суратга олинмоқда:

-“Маҳаллада дув-дув гап” фильми 1961 йилда суратга олинди. Кино бошланганида автор номидан текст ўқилади. "Тошкент гўзал ва бу шаҳардаги чанг босган маҳаллалар пахса деворларга қўшилиб йўқ бўлди. Маҳалла билан бирга маҳдудлик¸ биқиқлик каби эскилик сарқитлари ҳам йўқ бўлди"¸ дейилади. Фильм маҳалла ëмон¸ бетон дом яхши¸ деган идея устига қурилган эди. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин маҳалла институти одамларни назоратда ушлашнинг муҳим инструменти эканини янги раҳбарлар дарҳол тушунишди. Янги мафкура энди маҳалланинг яхши экани ҳақидаги кинога ижтимоий буюртма берди. Бу икки кино бир- биридан мазмунан фарқли¸ лекин шаклан бир хилдир. Ҳар иккаласи ҳам буюртма. Ҳар икки кино ҳам тўй билан якун топади¸ дейди Акмал Ризаев.

СССР Халқ артисти Шуҳрат Аббосов Озодлик билан бундан олдинги суҳбатларида “Маҳаллада дув-дув гап” фильми совет мафкураси буюртмаси бўлгани билан бу мафкура қуюшқонидан чиққанлигини айтган эди:

- Фильмнинг илк ишчи номи "Сюрприз" эди. Шу маънода¸ бу кино ўша пайтдаги кино раҳбарлари учун ҳам сюрприз бўлди. Улар кино финалига эътироз билдиришди. Билсангиз¸ кино финалида она ролини ўйнаган Лутфихоним Саримсоқова кўзига ëш олиб йиғлайди. Мулозимлар нега бу хотин янги уй олса ҳам йиғлайди¸ нега у хушнуд эмас¸дейишди. Ўшанда мен ўзбеклар севинчини йиғи билан ифодалишини тушунтирганман¸ деган эди суҳбатдош.

Шуҳрат Аббосов 1961 йилда суратга олган “Маҳаллада дув-дув гап “ филъми 56 йилдан бери Ўзбекистон телеканалларида мунтазам намойиш қилинади. Лекин айни муаллифнинг “Оловли йўллар” фильмининг Ўзбекистонда намойиши сиëсий сабабларга кўра тақиқлаб қўйилган.

Шуҳрат Аббосов суратга олган "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968)¸ "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби фильмлари совет киносининг мумтоз намуналари ҳисобланса-да¸ улар Ўзбекистонда намойиш қилинмайди.

Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" фильми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган эди.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG